Профилактика инспекторлари ва Тошкент маҳаллалари фаоллари муносиб хизмат учун тақдирландилар

Бугун “Халқлар дўстлиги” майдонида профилактика инспекторлари, маҳалла раислари ва фаолларига пул мукофотлари топшириш билан боғлиқ тантанали маросим бўлиб ўтди. Жиноятчиликни камайишига салмоқли ҳисса қўшган 250 дан ортиқ маҳаллалар вакилларига мукофотлар топширилди. 

Тақдирланганларни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири генерал-полковник Пўлат Бобожонов ва Тошкент шаҳар ҳокими Джахонгир Ортиқхўжаев табриклашди. Сўзга чиққанларнинг таъкидлашларича, ички ишлар органлари ходимлари, бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, Миллий гвардия ва кенг жамоатчилик вакиллари ҳамкорликларининг жиноятчиликни эрта олдини олишдаги ўрни катта. Ҳар бир туманда 4 дан 8 тагача ички ишлар бўлими ташкиллаштирилиши, уларнинг ҳар бирларида тезкор навбатчилик қисми фаолият юритиши фуқароларнинг мурожаатларига муносабат билдириш тезлигини оширди. Ички ишлар органлари ва Миллий гвардия ходимлари, шунингдек “Фидокор ёшлар” гуруҳлари вакиллари иштирокида олиб борилаётган суткалик, уч навбатлик патруллаш амалиёти натижасида пойтахт кўчаларида ва жамоат жойларида ҳуқуқбузарлик ҳаракатлари сезиларли даражада камайди. Шунингдек, нутқларда қайд қилинишича, охирги уч йилдаги жиноятлар сонини солиштирганда, Тошкентда уларнинг сони камайгани яққол кўринади, шу билан бирга, бирорта ҳам жиноят содир этилмаган маҳаллалар сони ортмоқда. Масалан, 2017 йилнинг январь ойида бу каби маҳаллалар сони 291 тани ташкил этган бўлса, 2018 йилнинг январь ойида – 304 тани, 2019 йилнинг январь ойида эса 424 тани ташкил этди. 

Пойтахт ички ишлар органлари тизимида ўтган йили бошланган ва босқичма-босқич амалга оширилаётган ўзгаришлар, ИИББ ишлаш принципи ва усулини ислоҳ қилиниши аҳолини муаммоларини ўз вақтида аниқлаш ва уларни ҳал этилиши бўйича амалий чоралар кўрилишига, бир сўз билан айтганда, ҳар бир инсонга манзилли ёрдам берилишига қаратилган. Ўтказилган тадбир аҳолини ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш қанчалик юқори баҳоланишидан далолат беради. Мукофотлар эса нафақат рағбатлантирувчи омил, балки катта масъулият ролини ўйнайди.