ИИББ ходимлари Тошкентда 74 нафар ғайритабиий ҳаёт тарзи олиб боришда гумонланувчи аёлларни қўлга олишди

ИИББ ходимлари ноқонуний миграция ва одам савдоси билан боғлиқ жиноятларни эрта олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлар давомида пойтахтнинг Яшнобод, Бектемир, Миробод, Юнусобод, Учтепа ва Чилонзор туманларида 4-февралдан 5 февралга ўтар кечаси 34 нафар, 5-февралдан 6-февралга ўтар кечаси 40 нафар ғайритабиий ҳаёт тарзи олиб боришда гумонланувчи аёлларни қўлга олишди. Улардан 11 нафари Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 190 моддаси (“Фоҳишалик билан шуғулланиш”) бўйича илгари жавобгарликка тортилганлар. Умуман олганда, ушбу аёллар орасида муқаддам ҳуқуқбузарлик содир этганлар кам эмас. 40 нафардан 30 таси турли хил ҳуқуқбузарликлар содир этганликлари учун мунтазам ички ишлар бўлимларига олиб келинганлар. Масалан, улардан 4 нафари – ички ишлар ходимларининг қонуний талабларини бажармаганликлари учун (Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси, 194 модда), 5 нафари – жамоат жойларида спиртли ичимликлар истеъмол қилганликлари учун (Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси, 187 модда), 1 таси – кичик безорилик (Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси, 183 модда), 2 таси – Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексидаги 131 модда (“Одам савдоси”) ва 1 таси – 168 моддада кўрсатилган жиноятни содир қилганликлари учун жавобгарликка тортилганлар.

Бундан ташқари, профилактик тадбирлар давомида ушбу аёллар олиб бораётган ғайритабиий ҳаёт тарзини осонлаштираётган ва уларни ўз автомобилларида олиб юрадиган 4 нафар эркак кишилар ҳам қўлга олиндилар. Уларга нисбатан ҳам тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди.

Қўлга олинган барча аёллар ИИБга етказилиб, уларнинг шахслари аниқланди. Шу ернинг ўзида улар тиббий кўрикдан ўтказилдилар. Бундан ташқари, ҳокимият ва Аёллар қўмитаси вакиллари қўлга олинган аёллар билан ушбу ҳаёт тарзини танлашларига сабаб бўлган муаммоларга аниқлик киритиш мақсадида суҳбат олиб боришди. Ҳозирда уларга ишга жойлашишда, турар-жой масаласи бўйича, қариндошлари билан ораларида тушунмовчилик юзага чиққан бўлса, уларни яраштириш бўйича ёрдам кўрсатилмоқда.

Агар мақолани ўқиганлар орасида ушбу аёлларга уларнинг обрў-эътиборини тиклашда ёрда бермоқчи бўлганлар бўлса, iibb.uz сайтида, ИИББ Facebook ижтимоий тармоғидаги расмий саҳифасида ёки «ИИББ: халқ билан мулоқот» гуруҳида хабар қолдиришлари мумкин.