11 Ноябр 2024 йил 166

Нон ёпишни билмайди, новвойман дейди

      Илк талончилик жиноятини содир этганида Бунёджон 23 ёшда эди. Ўшанда адашганини,  “шайтон йўлдан урганини” айтиб тавбасига таянган, кўз ёшларини дарёдай оқизиб, суд ҳакамларининг мурувватига эришган эди. 2 йилга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган Бунёдбек ўзини сипо тутиб, белгиланган тартибга риоя қилиб юрди. Бу орада ўғлининг қуйилиб қолишига умид қилган ота-онаси уни уйлантириб қўйди. Бир фарзанднинг отасига айланди. Кўз юмгунча икки йил ҳам ўтиб, намунали хулқи, тўғри йўлга кирганлиги, хатосини тушуниб етганлиги боис рўйхатдан чиқарилди. Аммо...


         2020 йилнинг январида Бунёджон Учтепа туманида жойлашган нонвойхона атрофида ўралаша бошлади. Новвой М.Қуддусхўжанинг ишончига кириб, ундан 10 кунлар ичида пулини олиб келиб бериш шарти  билан  қопи 225.000 сўм бўлган 3 қоп унни олиб қорасини кўрсатмай кетди. Қуддусхўжа 675.000 сўмга куйиб қолди. 2021 йилнинг март ойида новвой Р.Хайриддиннинг ишончига кириб, қопи 260.000 сўм бўлган йигирма қоп унни нон ёпиб сотиб, пулини келтириб беришига ишонтириб олди-ю, бошқа қорасини кўрсатмади.


         – Аслида нон ёпиш қўлидан келмайдиган Бунёджон унларни арзон гаровга сотиб юбораверган, – дейди Учтепа тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, катта лейтенант Бобур Саттаров. – Чунки, арзон кимга ёқмайди. Аксарият харидорлар унинг ўғирланган ёки ўғирланмаганлиги, қай йўл билан қўлга киритилгани билан қизиқишмайди-да. Шу боис бундайларнинг ошиғи олчи.


          Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди очиқ суд мажлисида, 1994 йилда туғилган И.Бунёджоннинг қилмишини кўриб чиқиб, унинг айбига иқрорлиги, оиланинг ягона боқувчиси эканлиги, зарарни тўлиқ қоплаганлигини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (“Фирибгарлик”) билан айбли деб топиб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йилга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилди.

Барча янгиликлар

Text to speech