Хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторга мурожаат қилганларга маслаҳат ва кўмак берилмоқда

Юнусобод тумани ИИО ФМБга аёллар турли хил муаммолар билан мурожаат қилишади. Масалан, 27 май куни ҳуқуқшунослик соҳасига оид маслаҳат сўраб мурожаат қилган С.Р. билан хотин-қизлар масалалари бўйича инспектор подполковник Шахноза Абзалова суҳбат қилди. С.Р.нинг сўзларига қараганда, бир қанча вақтдан буён турмуш ўртоғи билан ораларида жиддий келишмовчиликлар юзага келаётганлиги сабабли у ўз саломатлигидан қўрқмоқда. Турмуш ўртоғининг кескин феъли мунтазам равишда жиддий эмоционал босимга сабаб бўлмоқда. Хотин-қизлар масалалари бўйича инспектор аёлга ҳимоя ордери тўғрисида батафсил маълумот берди. С.Р. ходимага миннатдорчилик билдириб, ҳимоя ордерига муҳтож бўлганида албатта ички ишлар органларига мурожаат қилишини айтди.    

Шу куннинг ўзида хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторга ҳозирда пойтахтнинг Бодомзор маҳалласида яшовчи Тошкент вилояти Қибрай туманилик 53 ёшли М.А. мурожаат қилган. У оиала аъзолари орасида юзага келаётган жиддий келишмовчиликдан хавотирдалигини айтиб, битта турар жойда ўғиллари ўз оилалари билан яшашлигини маълум қилди. Иккита келин бир-бири билан чиқишолмаётганлигини, анча вақтдан буён ҳар куни улар орасида ўзаро жанжал чиқишини, натижада уйдаги ҳолат оғирлашаётгани маълум бўлди. Икки киши ўртасидаги келишмовчилик шу уйда яшовчиларнинг ҳар бирига ёмон таъсир қилади. Мурожаатчи унга уй-жой масаласи бўйича маслаҳат беришини ва ҳокимиятга мурожаат қилишида ёрдам беришини сўради.