Хизматдан ташқарида: ШОГИРДЛИКДАН ҲАКАМЛИККАЧА

Манба «Postda – На посту» (Ўзбекистон Республикаси ИИВ Бирлашган таҳририяти)

Ёшлик ғайрат, шижоат, иштиёқ ва интилиш фасли. Навқирон бу даврнинг ҳар онини қадрлаб, келажак сари дадил одимлаётган ёшларни кўрганда, кўзларимизда ўзгача ҳавас ва меҳр товланади.
Нодира Собирова ана шундай шахтли ёшлардан бири. У ҳозирда Тошкент шаҳар Сергели тумани ИИОФМБнинг мурожаатлар бўлимида хизмат олиб боради. Шу билан бир қаторда, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети сиртқи бўлими талабаси. Спортнинг эркин кураш тури бўйича Филиппин, Хитой сингари давлатларда ўтказилган бир қатор халқаро турнирлар ғолиби, тўққиз марта Ўзбекистон чемпиони.
Нодирадаги спортга бўлган қобилиятни тўрт ёшлигидаёқ пайқаган отаси Бахтиёр Собиров уни гимнастика ва кураш тўгарагига берган. Кейинчалик ўзи спортнинг эркин кураш тури бўйича қизи билан мунтазам машғулотлар олиб бориб, мусобақаларга тайёрлаган. Ҳар қандай муваффақият замирида машаққатли меҳнат ётади. Бугун Нодира ҳам ўзига нисбатан талабчанлиги, меҳнатсеварлиги туфайли эришган ютуқлари билан тенгдошларидан ажралиб туради.
– Спортчи биринчи навбатда иродали бўлиши керак, – дейди сафдор Нодира Собирова. – Чунки мусобақаларда кутилмаган вазиятлар бўлиши мумкин. Агар инсон иродали, чидамли бўлса, синовлардан чўчимаса, албатта, уларни енгиб ўтиб, яхши натижа кўрсата олади. Спортчи фақатгина ўзининг имкониятларини эмас, рақибининг ҳам нималарга қодирлигини тўғри баҳолай олиши лозим. Яна бир муҳим талаб – ҳар бир беллашувга пухта тайёргарлик кўриш керак.
Мустаҳкам иродаси билан машғулотларда маҳоратини ошириб келаётган қаҳрамонимиз ҳозирда юртимизда ўтказиладиган спорт мусобақаларида ҳакамлик қилади. Шу билан бир қаторда, хизмат бурчини адо этишда устози, катта лейтенант Фарҳод Комиловдан касбий кўникмаларни ўрганишдан эринмайди. Унинг қалбидаги ватанпарварлик туйғусининг аксини зиммасига юклатилган вазифаларни тез ва сифатли бажаришидан билиб олиш қийин эмас.
– Ички ишлар органлари ходими бўлишни ёшлигимдан дилимга тукканман, – дейди қаҳрамонимиз. – Аммо бу орзуимга отамдан юққан спортчилик қобилиятимни юзага чиқарганимдан кейин эришдим. Инсонда астойдил хоҳиш бўлса, ҳаммасининг уддасидан чиқса бўлар экан. Бугун спорт ҳам, хизмат ҳам тақдиримда борлигидан жуда хурсандман. Хизматдан бўш вақтимда халқаро ҳакам бўлиш ниятида белгиланган меъёрларни ўзлаштириш учун тайёрланаман.
Табиатан очиқкўнгил, самимий ёш ходиманинг ҳар дақиқаси режали. Аниқ мақсадлари сари доимо ҳаракатда. Биз ҳам унинг шогирдликдан ҳакамликкача бўлган йўли бардавом бўлишини тилаймиз.

 

Гулноза ТУРҒУНБОЕВА,
«Postda» мухбири.