ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

«Уйимда йўқ гўжалик...

...кўнглим тусар хўжалик», деган мақол қуйида ҳикоя қилмоқчи бўлган жиноят ишининг моҳиятини очиб берса, ажабмас. Ўзингизга маълум, темир маҳсулотининг бозори чаққон. Айниқса, қурилишларда жуда керакли, айни муддао хом-ашёда. Муҳиддинхўжа нега аввалроқ темир-терсак олди-сотдиси билан шуғулланмаганлигига ўзи ҳам ҳайрон. Шундоқ пуллик ишни қилмай қанча фурсатни бой берганига ўзини койишдан бошқа чора топмади. Агар бир неча йиллар олдин бу иш билан шуғулланганида борми, ҳозиргача остонаси тилладан бўлган бўларди. Данғиллама уй, қўш-қўш машина... Бефойда кетган шунча вақтни етказиб олиш умидида йирик ишга – каттароқ ҳажмда темир олди-сотдисига қўл уришга аҳд қилди. Йўқ, тегишли интернет сайтларига кириб эълон бермади ёки симёғочларга эълон ёпиштириб чиқмади, уйма-уй, маҳаллама-маҳалла юриб, темир йиғмади. Тўппа-тўғри темир маҳсулотлари олди-сотдиси билан шуғулланувчи фалон номдаги йирик масъулияти чекланган жамиятнинг омборхонасига борди. Чунки, таниш-билишлари орқали мазкур жамиятда ишловчи Й.Фурқатга чиққанди. Аслида жамият раҳбари Р.Асомжон бўлиб, Фурқат унинг бизнес ҳамкори ва бир пайтнинг ўзида омбор мудири ҳам эди. 2021 йилнинг 27 июлида Муҳиддинхўжа Фурқат билан жамиятнинг ўзида учрашди ва унга ўзини металл олди-сотдиси билан шуғулланишини, янги қурилаётган уйларни зарур металл маҳсулотлари билан таъминлашини айтиб, ишончини қозонди. Ўзига умуман алоқаси бўлмаган янги қурилаётган кўп қаватли уйларнинг суратларини кўрсатди. Фурқат жамият раҳбари билан гаплашиб кўришини айтиб, учрашувни эртага қолдирди. Эртаси Фурқатнинг қўнғироғидан иш ҳал бўлганини билган Муҳиддинхўжа шу заҳотиёқ оёғини қўлига олиб, юк машинаси ёллаганча жамият сари юриб эмас «учиб» кетди. Жамиятга тегишли бўлган нархи 25.267 АҚШ долларига баҳоланган 26.880 килограмм темир маҳсулотларини сотиб, бир ой ичида пулини келтириб беришни ваъда қилиб, юкни ортдию бошқа қорасини кўрсатмади. – Маҳсулотни қўлга киритган Муҳиддинхўжа унга харидор қидириб, анча овора бўлади, – дейди Чилонзор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, лейтенант Шаҳзод Турдиматов. – Чунки, металл сотиш орқали бойишни ният қилган Муҳиддинхўжа турли баҳоналар – темир нархи кўтарилгани, ишлаб чиқариш қисқаргани, чет элдан қиммат келаётгани, қўйингчи турли важ-карсонларни рўкач қилиб нархини кўтаргандан кўтарарди. Ишонганлар мажбур сотиб олишар, ишонмаганлар қўл силтаб кетишарди. Шу сабаб маҳсулотнинг бир қисминигина сотишга улгуради. Бу орада пулни қайтариш муддати ҳам келди. Аввалида Муҳиддинхўжа қўнғироқларга жавоб бериб, вақтни чўзиб келган бўлса, кейинчалик қўнғироқларга жавоб бермай қўйди. Орадан бир неча ойлар ўтгачгина Фурқат чув тушганини англаб, ички ишлар органларига мурожаат қилади. Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди очиқ суд мажлисида 1990 йилда туғилган, муқаддам ҳам фирибгарлик жинояти учун судланган А.Муҳиддинхўжанинг жиноий қилмишини кўриб чиқиб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси, 4-қисми «а» банди («Фирибгарлик») билан айбли деб топди. Унинг пушаймонлиги, оиланинг ягона боқувчиси эканлиги, етказилган зарарни тўлиқ қоплаганлигини инобатга олиб, Жиноят кодексининг 168-моддаси 5-қисми талабидан келиб чиқиб, унга мазкур кодекснинг 57-моддасини қўллаган ҳолда 2 йилу 6 ойга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

14 Декабр 2024 йил

12

Пиёдалар учун афзалликлар

Мамлакатимизда йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг жумладан, пиёдалар, айниқса болалар иштирокидаги бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш бўйича тизимли чора-тадбирлар белгиланиб келинмоқда. Айтиш жоизки, уларнинг хавфсизлиги, соғлиқ-саломатлиги давлатимиз ва қонунчилигимиз томонидан ҳимояланиб келинади ва ҳамиша эътиборда. Ўрганишлардан маълум бўлмоқдаки, йўл инфратузилмасидаги айрим мавжуд хато ва камчиликлар пиёдаларнинг ҳаракатланиш хавфсизлигига салбий таъсирини кўрсатмоқда. Пиёдалар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, улар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, пиёдалар ҳаракатининг устуворлиги, йўлларда ҳаракатланишнинг тенг хуқуқли иштирокчиси эканлиги ҳамда хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси жорий йилнинг 30 ноябрида йўл ҳаракати қоидаларига қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритди. Чунончи, Йўл ҳаракати қоидалари иловасига мувофиқ «Баланд пиёдалар ўтиш жойи» йўл белгиси ҳамда йўл ётиқ чизиқларини амалга тадбиқ қилиш белгиланди. «Баланд пиёдалар ўтиш жойи» йўл белгиси ҳамда йўл ётиқ чизиқлари шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари кўчаларида, давлат ва маҳаллий аҳамиятга молик автомобиль йўлларининг ёритилган, юқори тезлик соатига 30 километргача чеклов ўрнатилган йўл участкаларида, турар-жой даҳаларидаги кўриниш чекланган чорраҳаларда, болалар майдончалари, таълим муассасалари олдидаги йўл қисмлари, оммавий дам олиш жойлари, стадион, вокзал, савдо марказлари ҳамда бошқа одам гавжум жойларда, кўчаларнинг 1.21. «Болалар» йўл белгиси таъсиридаги қисмларига ўрнатилади. Мазкур 5.48. «Баланд пиёдалар ўтиш жойи» йўл белгиси (илова қилинади) 5.16.1 – 5.16.2 йўл белгилари билан бирга қўлланилади. Мазкур йўл белгиси ва йўл ётиқ чизиқлари ҳайдовчиларни огоҳлик ва ҳушёрлигини ошириб, пиёдаларнинг хавфсиз ҳаракатланиши учун хизмат қилиши, улар иштирокидаги кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олиш имконини бериши, шубҳасиз. Пиёдаларнинг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш борасида, ҳудудлардаги ҳолатлар ўрганилиб, тегишли манзилларга мазкур белгилари ўрнатилиши, пиёдаларга қулайлик яратилиб, уларнинг хавфсиз ҳаракатланиши таъминланиши муқаррар.

14 Декабр 2024 йил

38

Кечиримлилик – олий фазилат

Кечиримлилик инсон олижаноблигининг ёрқин намунасидир. Хато қилмоқ бор, уни тузатмаслик айб. Мамлакатимиз раҳбарининг жорий йилнинг 5 декабридаги Фармонига кўра Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 32 йиллиги муносабати билан Асосий Қомусимизнинг 109-моддаси 23-бандига асосан, билиб-билмай жиноят содир этган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига кирган ҳозирги вақтда жазо муддатини ўтаётган 483 нафар шахс афв этилди. Улар орасида Бектемир туманида истиқомат қилувчи икки нафар фуқаролар ҳам бор. Авф этилганларнинг ҳаётга мослашуви, бандлигини таъминлаш, саломатлигини тиклаш ва бошқа ижтимоий-иқтисодий ҳамда маиший масалаларни амалга ошириш туман ИИО ФМБ Пробация гуруҳининг назоратига олинди. Шу мақсадларда гуруҳ ходимлари маҳкумларнинг яшаш манзиллари бўйича профилактик тадбирлар олиб бориш билан бирга уларнинг яшаш шарт-шароитлари, турмуш тарзларини ўрганиб чиқишди. Шунингдек, улар тумандаги кўп тармоқли тиббиёт марказида тиббий кўрикдан ўтказилиб, саломатликларини тиклаш бўйича тегишли даволаш муолажалари белгиланди. Уларни иш билан таъминлаш борасида туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказида мавжуд бўлган вакансифлар тавсия этилиб, танланган ишлар бўйича йўлланмалар берилди. Ҳаётга мослашув жараёнидаги илк муддатларда ижтимоий-маиший ҳамда моддий ёрдам кўрсатиш мақсадида, туман ижтимоий кўникма маркази томонидан белгиланган моддий ёрдам ажратилиб ҳар иккисига топширилди. Собиқ маҳкумларга кўрсатилаётган бу каби инсонийлик намуналаридан кўзланган мақсад – юртимиз фуқароларининг шу юрт фарзанди, унинг ажралмас қисми эканлигини англаш, барча учун белгиланган ҳақ-ҳуқуқлардан фойдаланиш, тўғри йўлда муносиб яшаш мумкинлигини ҳис қилишида муҳим қадамдир.

14 Декабр 2024 йил

38

Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида энергетика соҳасида янги қувватларни ишга тушириш ва навбатдаги лойиҳалар қурилишига старт бериш маросими бўлиб ўтди

Президент Шавкат Мирзиёев энергетика соҳасидаги объектлар ва лойиҳаларни ишга тушириш маросимида нутқ сўзламоқда. Давлатимиз раҳбари қиймати 3,7 миллиард долларлик 18 та янги қувватлар ишга туширилаётгани ва навбатдаги 6 та лойиҳа қурилишига старт берилаётганини энергетика соҳасидаги тарихий воқеа деб атади. Хусусан, Бухоро, Навоий, Наманган ва Тошкент вилоятларида салкам 2,3 минг мегаватт қувватга эга 5 та қуёш ва шамол электр станцияси ҳамда 5 та юқори кучланишли подстанция ишга туширилмоқда. Ўзбекистонда илк бор Андижон ва Фарғонада 300 мегаваттли йирик сақлаш тизими барпо этилди. Шунингдек, Қашқадарёда 400 мегаваттли электр станцияси, Тошкент шаҳрида замонавий когенерация қурилмаси, Андижон, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида 4 та кичик ГЭС фойдаланишга топширилмоқда. Хорижий шериклар билан ҳамкорликни изчил давом эттириш йўлидаги янги саҳифа сифатида Фарғона, Самарқанд, Навоий, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида қиймати 3,5 миллиард доллар бўлган 2,5 минг мегаваттли 6 та электр қувватлари қурилиши бошланмоқда. Бугун ишга тушаётган қувватлар ва янги лойиҳалар орқали келгуси йилларда қўшимча 9,5 миллиард киловатт-соат электр ишлаб чиқарилиб, 2,5 миллиард куб метр табиий газ тежалади, 4,6 миллион тонна зарарли газлар чиқарилиши олди олинади. Энг муҳими – 4 миллиондан зиёд хонадон узлуксиз тоза энергия билан таъминланади. Бу, ўз навбатида, иқтисодиётнинг бошқа соҳаларида ҳам 4 миллиард долларлик қўшилган қиймат яратишга туртки беради. Умуман олганда, келгуси йили жами 84 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Бу – 2016 йилга нисбатан 25 миллиард киловатт-соат ёки 1,5 баробар кўп деганидир. Бу лойиҳалар ишончли ҳамкорларимиз бўлган “Масдар”, “Аква Пауэр”, “Акса энержи”, Хитой ва Германиянинг нуфузли компаниялари билан амалга оширилмоқда. “Уларнинг барчаси тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар эканини ҳисобга оладиган бўлсак, бу бизга ва олиб борилаётган ислоҳотларимизга бўлган ишончнинг яққол ифодасидир”, - деди Президент. Шу муносабат билан тадбирда шахсан ва видеоалоқа орқали қатнашаётган Бирлашган Араб Амирликлари саноат ва илғор технологиялар вазири – “Масдар” компанияси директорлар кенгаши раиси Султон Ал-Жобир, энергетика ва инфратузилмалар вазири Суҳайл ал-Мазруий, Саудия Арабистони энергетика вазири шаҳзода Абдулазиз бин Салмон Ол Сауд, Туркия Республикаси энергетика ва табиий ресурслар вазири Алпарслон Байрактар, “Аква Пауэр” компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян, “АКСА Энержи” компанияси бошқаруви раиси Жамил Казанчи, Хитойнинг “Чайна Энержи”, “Чайна Датанг”, Германиянинг “Хайпер партнерс” компаниялари вакилларига бутун халқимиз номидан самимий миннатдорлик билдирилди. Шунингдек, ушбу лойиҳаларни амалга оширишда молиявий ва техник кўмак берган Осиё тараққиёт банки, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки, Ислом тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Жаҳон банкига алоҳида ташаккур айтилди. Бугунги лойиҳалар бундан 8 йил аввал энергетика соҳасида бошланган кенг кўламли ислоҳотларнинг узвий давоми экани таъкидланди. Ушбу давр мобайнида Ўзбекистон “яшил энергетика”да катта-катта қадамларни қўйди. Хусусий секторга кенг йўл очилгани натижасида ўтган 5 йилда энергетика соҳасига қарийб 20 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилинди. Аввал тўлиқ давлат тасарруфида бўлган бу тизимда 24 та мустақил энергия ишлаб чиқарувчи субъектлар пайдо бўлди. “Яшил энергетика” соҳасида бугунга келиб 3,5 минг мегаваттли ёки 10 миллиард киловатт соатга тенг 16 та йирик қуёш ва шамол электр қувватлари ишга туширилди. Бунинг ҳисобига 2024 йилда “яшил энергия” улуши 16 фоиздан оширилди. Яъни, ўтган қисқа даврда экологик тоза энергия қувватларини йилига 2-3 карра кўпайтиришга эришилди." Ўтган йилда мамлакатимизнинг ялпи ички маҳсулоти илк бор 100 миллиард долларлик тарихий маррани забт этди. Кейинги қадам сифатида 2030 йилга бориб иқтисодиётимиз ҳажмини 200 миллиард долларга етказиш режа қилинган. Ўз навбатида, келгуси 5 йилда юртимизда электр энергиясига бўлган эҳтиёж ҳозиргидан 1,5 баробар ошиб, 120 миллиард киловатт соатга етади. Ўзбекистон Париж битими доирасида 2030 йилгача зарарли газлар эмиссиясини 35 фоизга камайтириш бўйича мажбурият олган. Президент бу мажбуриятни 2050 йилгача янада кенгайтиришга тайёрлигини билдирди. Қолаверса, 2025 йил Ўзбекистонда “Атроф муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йили” деб эълон қилинди. Давлатимиз раҳбари энергетика соҳасидаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш бўйича режаларга қисқача тўхталиб ўтди. 2030 йилга қадар яна 19 минг мегаватт “яшил қувват”ларни барпо этиб, қайта тикланувчи энергия улушини 54 фоизга етказиш режалаштирилган. Хусусан, 2025 йилда 3,4 минг мегаваттли 18 та қуёш ва шамол станциялари ҳамда 1,8 минг мегаваттли сақлаш тизимлари ишга туширилади. Бунинг натижасида келгуси йили “яшил энергия” ишлаб чиқариш ҳажмлари 12 миллиард киловатт соатга етади. Бу 5 миллион хонадоннинг бир йиллик истеъмолига тенг ва 6,5 миллион тонна зарарли газларни атмосферага чиқаришнинг олди олинади, деганидир. Келгуси 2 йилда хусусий тадбиркорлар билан бирга 2 мингдан ортиқ кичик ва микро-ГЭСлар ташкил қилиш бўйича катта дастур амалга оширилади. Бундан кейин ҳам соҳага хусусий сектор кириб келишини рағбатлантириб, электр энергияси бозорини ташкил этиш бўйича катта қадамларни қўйилиши таъкидланди. Хусусан, келгуси йил якунига қадар рақобатли савдолар орқали электр энергияси улгуржи бозори яратилади. Шунингдек, давлат-хусусий шериклик нафақат йирик электр станцияларида, балки соҳанинг бошқа йўналишларига ҳам кенг жорий қилинади. “Яшил энергетика” йўналишида минтақавий ва халқаро ҳамкорлик кенгайтирилади. Бу борада биринчи амалий қадам сифатида COP29 доирасида Қозоғистон, Озарбайжон ва Саудиялик ҳамкорлар билан “яшил энергия”ни Европа минтақасига экспорт қилиш бўйича илк битим имзоланди. Минтақавий энергия тизими барқарорлигини таъминлаш мақсадида қўшни давлатлар билан ягона платформа ишга туширилади. “Яшил энергетика” бошқа соҳа ва тармоқлар жадал ривожи, аҳоли турмуш даражаси яхшиланиши учун янги драйверга айланмоқда. Хусусан, аҳоли ва маҳаллий тадбиркорлар соҳага катта қизиқиш билдирмоқда. Бундай корхоналарни рағбатлантириш мақсадида ҳудудларни ривожлантириш дастурларида “яшил лойиҳа”лар улушини келгуси 5 йилда 5 баробарга оширилади. Бу борада техникумларда саноат корхоналари билан дуал таълим тизими, 5 та олийгоҳда илғор муҳандислик мактаблари ташкил этилмоқда. Шунингдек, энергетика, металлургия, кимё, электротехника соҳаларида нуфузли компаниялар билан бирга изланиш ва ривожлантириш йўналишида ҳамкорлик кенгайтирилади. “Барчангизга ишонтириб айтмоқчиман: Янги Ўзбекистон – инвестицияларни ҳар томонлама кафолатлайдиган, сизларнинг барча лойиҳа ва ташаббусларингизни тўла қўллаб-қувватлайдиган, хорижий ҳамкорларимиз манфаатларини ҳимоя қиладиган дунёга очиқ мамлакатдир”, - деди Президент сўзининг якунида. Давлатимиз раҳбари рамзий дастакни босиб, якунланган объектларни ишга туширди ва янги лойиҳалар қурилишига старт берди.

13 Декабр 2024 йил

115

Интерактив хизматлар

Text to speech