4 Ноябр 2024 йил 502

Тошкент шаҳар ИИББда байрам тадбири бўлиб ўтди

Ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида байрам тадбири ўтказилди. Тадбирда Тошкент шаҳар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва шаҳар ҳокимияти раҳбарияти, бош бошқарма ва таркибий тузилмалар ходимлари иштирок этди.


Оркестр садолари остида бошланган маросимда давлатимиз раҳбари топшириғи билан хизматда фойдаланиш учун 8 та BYD ва 15 та Damas автотранспорт воситалари соҳавий хизмат ходимларига тантанали равишда топширилди. Тақдим этилган мазкур транспорт воситалари соҳанинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш ва хизмат сифатини яхшилашда ўз ҳиссасини қўшиши билан аҳамиятли бўлди.


Тақдимотдан кейин Тошкент шаҳар ИИББда жойлашган хотира майдонида хизмат бурчини адо этиш вақтида ҳалок бўлган ички ишлар органлари ходимларининг ёрқин хотираси ёд этилди. Маросимда ички ишлар органлари фахрийлари, меҳмонлар, бош бошқарма раҳбарияти ва шахсий таркиб ҳамда ватан учун қаҳрамонларча жон фидо этган ходимларнинг оила аъзолари ва яқинлари иштирок этишди. Хотира монументига гуллар қўйилди.


Шундан сўнг, Бош бошқарманинг маърифат залида байрам тадбирининг тантанали маросими бошланди. Унда Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи томонидан Ички ишлар вазирининг байрам табриги ўқиб эшиттирилди.


Бош бошқарма бошлиғи генерал-майор Азиз Ташпулатов ички ишлар органлари ходимларини, фахрийларни ҳамда хизмат вақтида қаҳрамонларча ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзоларини байрам билан табриклаб, уларга муваффақиятлар тилади.


Тадбир давомида ўз хизмати билан касбдошларига ўрнак бўлган бир қатор ходимлар Ички ишлар вазири, Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарларининг кўкрак нишони, фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.


Байрам сўнгида қатнашчилар учун концерт дастури намойиш этилди.

Барча янгиликлар

Text to speech