Ўтган ҳафта давомида ЙПХ инспекторлари ЙҲҚ бузилганлиги билан боғлиқ 13 731 та фактларни қайд этишди

ЙҲҚ бузилиши бўйича бугунги кун рақамларини ўн йил аввалги кўрсаткичлар билан солиштирадиган бўлсак, прогресс яққол кўзга ташланади, бу эса комплекс ёндашув натижасидир. Автоматлаштирилган камераларнинг пайдо бўлиши, ўрта таълим муассасаларида мунтазам олиб борилаётган ишлар ва йўллардаги, телевидение, босма ва электрон ОАВлардаги профилактик тадбирлар ушбу йўналишда сезиларли даражада самара бермоқда. Бироқ олдинда ҳали кўп ишлар бор, чунки пойтахт йўлларида қоидабузарликлар ҳамон учрамоқда.

2019-йилнинг 2-сентябрь кунидан 8-сентябргача ИИББ ЙҲХБ ЙПХ инспекторлари Йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги билан боғлиқ 13 731 та фактларни қайд этишди, шулардан 3 649 таси – қўпол тарздаги қоидабузарликлардир. Қайд этиш лозимки, автомобилларининг давлат рақамларини турли хил услублар билан тўсмоқчи бўлган ҳайдовчилар ҳар ҳафта қоидабузарлар сафидан жой олишади. Бу сафар қоидабузарлик қилиб, жавобгарликдан қочмоқчи бўлган тўрт нафар ҳайдовчилар қайд этилди. Анъанавий тарзда умумий статистиканинг баъзи рақамлари билан тақдим этилган жадвалда танишиб чиқиш мумкин.

Ҳурматли ҳайдовчилар ва пиёдалар! Йўл ҳаракати қоидаларини бузишдан олдин ўзингизга савол бериб кўринг: шу ҳаракатингиз ўз соғлиғингизни ва ҳаётингизни йўл-транспорт ҳодисасига учраб хавф остига қўйишингизга арзийдими? Йўл ҳаракати қоидаларини мунтазам равишда қайта ўқиб туришингизни сўраймиз: http://lex.uz/docs/2850459.