Ҳурматли ҳамшаҳарлар ва Тошкент меҳмонлари!

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотига кўра, 4 июль куни соат 10.00 ҳолатига кўра коронавирус билан янги касалланиш ҳолатларининг 35 нафари Тошкентда аниқланган. Шулардан 28 таси илгари касалланганлар билан алоқада бўлган, ҳозирда карантинга олинганлардир. Аҳоли орасида 8 киши касаллангани аниқланди.

Ушбу ҳолатни инобатга олган ҳолда, ҳар биримиз ўзининг ва атрофдагиларининг саломатлиги масаласига масъулият билан ёндашиши керак.

Бу касалликдан дори йўқ. Турли давлатлар олимлари вакцина синовлари ўтказишмоқда. Бошқа юртлар тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, ҳозирча касалланиш хавфини пасайтиришнинг энг самарали йўли – қийин бўлмаган шахсий гигиена қоидаларига амал қилиш, яъни қўллар ювиш, санитайзерлар ишлатиш, ҳамда бошқа санитария-гигиена меъёрларига риоя қилиш: нафас йўлларини вирусдан ниқоб ёрдамида ҳимоя қилиш, ижтимоий алоқаларни қисқартиришга ва жамоат жойида бўла туриб ижтимоий масофани сақлашга ҳаракат қилиш.

Афсуски, мазкур қоидаларга ҳамма ҳам жиддий қарамайди. Натижада кеча, бир кун ичида Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари тиббий ниқоб тақмаган 624 нафар фуқароларни аниқлашди. Уларнинг ҳар бири билан профилактик суҳбатлар ўтказилиб, ушбу восита соғлом одам ва вирус ташувчи ўртасида жиддий тўсиқ бўлиши тушунтирилди. 

Ҳурматли ҳамшаҳарлар ва Тошкент меҳмонлари! Ўзиниз ва атрофдагиларингизнинг саломатлиги масаласига жиддий қарашингизни сўраймиз.