Ҳурматли тошкентликлар ва пойтахт меҳмонлари!

Бугун, 6 июль куни соат 10.00 ҳолатига кўра Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги республикамизда COVID-19 билан касалланганлар сони 10 143 тага етганини маълум қилди. Илгарироқ Тошкентда 27 та янги касалланиш ҳолатлари қайд этилгани маълум бўлган эди, шулардан 5 таси касалланганлар билан алоқа қилган шахслар орасида аниқланган, 22 таси эса аҳоли орасида қайд этилган.

Ҳурматли ҳамюртлар, ўзингизни, қариндош ва яқинларингизни асранг. Афсуски, ҳали тўлиқ ўрганилмаган касалликнинг хавфини ҳамма ҳам англаб етгани йўқ. Натижада 5 июль куни Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари санитария-гигиена қоидаларини бузиш билан боғлиқ 405 та фактни аниқладилар. Мазкур ҳолатларда фуқаролар тиббий ниқоб тақмаганлар.

Ходимлар ҳар бир қоидабузар билан профилактик суҳбат ўтказишди. Одамларга тиббий ниқоб тақиш, қўлларни ювиш, ижтимоий масофа сақлаш ва ижтимоий алоқаларни қисқартириш зарурлиги тушунтирилди. Ҳар биримиз касалланишдан қўрқамиз, барчамиз яқинларимиздан, айниқса кекса ёшдагилардан хавотирдамиз.

Ўзингизни ва яқинларингизни асранг, саломат бўлинг!