ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Юнусобод тумани 3-сектор: Ижтимоий ҳимоя, бандликни таъминлаш ва ёшларни қўллаб-қувватлаш юзасидан амалга оширилган ишлар ҳақида

Секторларнинг асосий вазифаларидан бири – ижтимоий ҳимоянинг манзилли таъминланишини амалга ошириш, кам таъминланган оилаларга амалий ёрдам ёрдам кўрсатиш, янги иш ўринларини яратиш каби мақсадли тадбирларни ўтказишдан иборат.Тошкент шаҳар Юнусобод тумани учинчи сектор ҳудудда 16 та маҳалла мавжуд бўлиб, унда 784 мингдан ортиқ киши яшайди. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида сектор ҳудудидаги оғир турмуш шароитида яшаётган, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган оилалар маҳалла еттилиги билан ҳамкорликда “маҳаллабай” ва “хонадонбай” тамойили асосида ўрганиб чиқилди. Аниқланган муаммоларни бартараф қилиш, аҳолининг фаровонлигини таъминлаш ва фуқаролар дуч келаётган қийинчиликларни ҳал этишга қаратилган самарали ишлар амалга оширилди.Жумладан, ёшлар билан йил бошидан буён, 40 маротаба "Сектор раҳбари ва ёшлар" учрашувлари ўтказилиб, ўтказилган учрашувларда жами 129 нафар ёшларнинг муаммоли масалалари ҳамда таклифлари ўрганилди.Жорий йил давомида “Ёшлар дафтари”даги 190 нафар ёшдан 121 нафарининг ижтимоий-иқтисодий муаммолари ҳал этилди. 9 нафар ёш, жумладан, 1 нафарининг ўз аризасига кўра ва 7 нафарининг ноқонуний киритилганлиги сабабли жами 130 нафар ёш дафтардан чиқарилди.Ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ёшлар жамғармаси” маблағлари ҳисобидан жами 121 нафар ёшга маблағ ажратилди: 96 нафарига таълим олишлари учун тўлов контрактлари қоплаб берилди, 8 нафари “Келажак касблари” ўқув курсларида таълим олишлари учун ўқиш харажатлари қоплаб берилди, 2 нафарига ўзини-ўзи банд қилиб, бандлигини таъминлаш мақсадида субсидия асосида компьютер жамланмаси олиб берилди.1 463 та эҳтиёжманд оилалар, уларнинг 4 966 нафар аъзолари ҳамда 1 497 нафар меҳнатга лаёқатли ишсизлар рўйхати шакллантирилиб, маълумотлар базасига киритилди. Ҳозирда “Темир дафтарга” киритилган 1 497 нафар меҳнатга лаёқатли ишсизлардан 1 474 нафари (98,5 фоизи) бандлиги таъминланди. 1 250 та оилаларнинг барчасига моддий ва ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди. Жумладан, 246 нафарига озиқ-овқат маҳсулоти етказиб берилди, 685 нафарига нақд пул кўринишида, 2 нафарига коммунал қарзи тўлаб берилди, 15 нафарига дори-дармон етказиб берилди.Сектор ҳудудидаги маҳаллаларда яшовчи ишсиз фуқаролар томонидан туман Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлимига 932 нафар фуқаролар мурожаати қабул қилинган бўлиб, шундан 440 нафари аёллар, 344 нафари ёшлар ва 14 нафари ногиронлиги бор шахсларни ташкил этади. Йил бошидан шу кунга қадар жами 394 нафар фуқаролар ишга жойлаштирилди, 131 нафар ишсиз фуқаролар касб-ҳунарга ўқишга йўналтирилди, 57 нафар фуқаролар ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди.Сектор раҳбари томонидан бевосита ўзига бириктирилган сектор ҳудудида фуқароларнинг муаммо ва камчиликларини эшитиб, зарурий чоралар кўриб борилишини таъминлаш мақсадида, ҳар ҳафтада камида бир маротаба тегишли идора ва ташкилотлар билан биргаликда маҳаллаларда фуқаролар билан мунтазам учрашувлар ўтказиб борилмоқда. Сайёр қабуллар жорий йил бошидан 48 маротаба ўтказилган бўлиб, учрашувда жами 184 нафар фуқаролар томонидан 196 та мурожаатлар келиб тушган. Ушбу мурожаатлардан 134 таси (68,4 фоиз) ижобий ҳал этилган, 44 тасига (22,5 фоиз) тушунтириш берилган, 18 таси (9,1 фоиз) кўриб чиқилаётган масалалардир.Маҳалла еттилиги билан биргаликда доимий даромадга эга бўлмаган, ишсиз аҳоли рўйхати қайта ўрганиб чиқилди. Дастлабки ўрганиш натижасида сектордаги 16 та маҳаллада жами 542 нафар ишсиз фуқаролар аниқланиб, шундан 322 нафар фуқароларнинг бандлиги таъминланди. Сектордаги 23 нафар аҳолига тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва кенгайтириш мақсадида кредит ажратилди.Туманнинг 3-секторида ижтимоий ҳимоя, бандликни таъминлаш ва иқтисодий барқарорликни ошириш йўналишида қатор муҳим ишлар амалга оширилмоқда. Бу эса аҳоли фаровонлигини яхшилашга, ёшларни қўллаб-қувватлашга ҳамда ишсизларни банд қилишга хизмат қилмоқда.

29 Ноябр 2024 йил

57

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилишни кўпайтириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишда томорқа, кўчалар, дала четлари ва канал-коллекторлар атрофидаги ерларда озиқ-овқат ва даромадли экинларни экиб, активга айлантириш масалалари муҳокама қилинмоқда.Давлатимиз раҳбари шу пайтгача пахта ва ғалла ерларининг 260 минг гектари озиқ-овқат етиштириш учун ажратилгани, кеча яна 104 минг гектар ажратишга рухсат берилганини таъкидлади.Озиқ-овқат экспорти ўтган йилга нисбатан 370 миллион долларга (1,2 баробар) ўсиб, 2 миллиард доллардан ошди.Ўзбекистон ўрик экспорти бўйича дунёда 3-ўринга, гилос ва шафтоли бўйича 6-7-ўринга, мош ва бошқа дуккакли маҳсулотлар бўйича 10-ўринга чиқди.Биргина гилос 16 та мамлакатга экспорт қилинмоқда. Ҳар ҳафта 3-4 тонна узум АҚШга етказиб берилмоқда. Экспорт Қорақалпоғистон ва Жиззахда 2,2 баробар, Хоразмда 1,8 баробар ва Сурхондарёда 1,6 баробар кўпайди.Ижобий натижалар билан бирга, Президент таъкидлаганидек, айрим вилоят, туман ҳокимлари, қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосарлар ишни тўғри ташкил қилмагани учун маҳсулот ва экспорт ҳажмида катта ўзгариш сезилмаяпти. Ери бошқалардан карра-карра кўп бўлган Қашқадарё, Навоий ва Тошкент вилоятларида ўсиш уларнинг имконияти ва шароитига мутлақо мос эмаслиги қайд этилди. Бухоро ва Сирдарё вилоятларининг экспорти ўтган йилги кўрсаткичга етмаяпти.Шунингдек, 64 та туманда экспорт ўтган йилга нисбатан камайган бўлса, шундан 17 тасида 50 фоизга ҳам етмаган. Ҳокимлар бугун дунёдаги оғир вазиятни ҳисобга олиб, ҳар куни изланиб, янги-янги имкониятлар топиб, ишга солиши шартлиги ҳақида огоҳлантирилди.Йиғилишда дала четларига экин экиш ҳолати танқидий кўриб чиқилди.Масалан, Қорақалпоғистонда дала четидаги 2,1 минг гектар, Фарғонада 1,2 минг, Самарқандда 826, Бухорода 784, Қашқадарёда 247 гектар ерлар ишлатилмасдан ётгани кўрсатиб ўтилди. Баъзи жойларда деҳқонларга сифатсиз уруғ сотилган, зараркунандага қарши берилаётган дорилар ҳам талабга жавоб бермайди.Шу муносабат билан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Ўсимликлар карантини агентлигига ҳокимлар, экспортчи, тажрибали кластер, кооперация ва фермерлар билан биргаликда озиқ-овқат экинларининг уруғи, кўчати, дориси, ўғити бўйича ишлашнинг янги тизимини ишлаб чиқиш топширилди.Дала четидан самарали фойдаланаётган тадбиркорлар ҳам кўпайиб бораётгани таъкидланди.Масалан, Асакадаги фермер хўжалиги дала четидаги 3 гектарда 10 минг дона тут, терак ва ток экиб, беш йилдан кейин 700 миллион сўм даромад кўрган. “Самарқанд қулупнай” корхонаси Қўшработ, Жомбой, Булунғурдаги 6,5 минг аҳолига 3 миллион олча кўчатини бепул тарқатиб, дала четида эктиришни йўлга қўйди. Йил якунигача дала четларидаги 650 минг, аҳолига берилган 364 минг гектарни экспортчи-тадбиркорларга бириктириш топширилди. Эндиликда томорқа, ички кўчалар, дала четлари ва канал-коллекторлар атрофидаги ерларда даромадли экинлар экиш ва уларни экспорт қилишга Ўсимликлар карантини ва ҳимоя агентлиги масъул бўлиши белгиланди. Вилоят ҳокимларидан ҳам бу борада сўров қаттиқ бўлиши қайд этилди.Бу ишларга фаол киришган аҳоли, фермер ва кластерларга катта енгилликлар берилиши таъкидланди.Дала четини самарали ишлатган фермерларга тадбиркорлар рейтингини ҳисоблашда қўшимча балл берилади, ички фитосанитар сертификати бир йил давомида бепул берилади. Фермерларга барча ерлари учун ер солиғини икки йилга бўлиб тўлашга рухсат берилади.“Оилавий тадбиркорлик” дастуридаги 100 миллион сўмгача бўлган кредитлар соддалаштирилган тартибда ажратилади.Шу билан бирга, дала чети ҳисоби, нима маҳсулот етиштирилгани ва қанча маҳсулот олингани “e-Фито” портали орқали назорат қилиб борилади.Шунингдек, ҳар бир маҳаллада камида 100 тадан хонадонга лимон, узум кўчати тарқатиш, кўчалар ва кўп қаватли уйлар атрофида аҳолининг ташаббуслари асосида камида 10 миллион туп узум экиш муҳимлиги таъкидланди.Сайхунобод тажрибаси асосида 164 та қишлоқ туманларининг 4 тадан маҳалласига минитехника берилиши белгиланди. Ким минитракторда хизмат кўрсатса, ўзини ўзи банд қилган бўлади ва уларга мамлакатимизда чиқадиган техника учун 30 миллион сўмгача гаровсиз кредит берилади.Мева-сабзавотни қайта ишлаш Қорақалпоғистон, Навоий, Хоразм, Сирдарё ва Жиззахда республика кўрсаткичидан пастлиги қайд этилди. Ангор, Узун, Ҳазорасп, Хонқа, Улуғнор, Кегейлида бирорта мева-сабзавотни қайта ишлаш қувватлари йўқ.Бунга халқаро молия институтларидан жалб қилинган маблағлар ишлатилмасдан ётгани, айрим ҳудудлар бирорта лойиҳа таклифини бермаганига эътироз билдирилди.Мутасаддиларга ушбу маблағни самарали ишлатиш бўйича лойиҳалар портфелини шакллантириб, амалий ишга ўтиш топширилди.Экспорт йил давомида бўлиши учун 51 та туманда “шок” усулида музлатиш тизимини яратиш режалаштирилган эди. Лекин бундай лойиҳаларни қиламан деган 76 та тадбиркорнинг 20 тасига ер ажратиш масаласи ҳал бўлмаган.Қишлоқ хўжалиги вазирлигига кейинги йилда 76 та шундай лойиҳани тўлиқ ишга тушириш топширилди.Пишиқчилик даврида нарх тушиб кетиши оқибатида Сурхондарёда карам, лавлаги, Жиззахда пиёз ҳосили, Қашқадарё, Жиззах, Сирдарёда тарвуз ҳосили охиригача йиғиб олинмагани кўрсатиб ўтилди.Эҳтиёждан ортган ҳосилни қуритиб, озуқавий қўшимча шаклида экспорт қилиш мумкинлиги, бунга озиқ-овқат саноати корхоналарида талаб катталиги таъкидланди.Келгуси йилда “шок” усулида музлатиш, озуқа қўшимчаси тайёрлаш бўйича 100 миллион долларлик 50 та лойиҳани ишга тушириш муҳимлиги қайд этилди.Саноатлашган боғ-токзорларда 20 сотихгача майдонда кичик музлаткич, саралаш ва қадоқлаш цехларини қуришга рухсат берилган.Мутасаддиларга интенсив боғларда бундай цехлар учун жойларни белгилаш, келгуси йилда 500 минг тоннали қувватларни яратиш бўйича ҳисоб-китоб қилиб, туманлар бўйича ишни бошлаш топширилди.Жорий йил якунигача жами қуввати 57 минг тонна бўлган 10 та агрологистика маркази, 230 минг тонналик совуткичли омборхонани ишга тушириш чора-тадбирлари белгилаб олинди.Вилоят ҳокимларига йил якунигача 14 минг, келгуси йили 29 минг гектар саноатлашган интенсив мевали боғ ва токзорларни барпо этиш топширилди.Бундан ташқари, Қўрғонтепада 300 гектар, Фарғона туманида 200 , Поп, Янгиқўрғон ва Оҳангарон туманларида 100 гектардан саноатлашган интенсив боғ ва токзорлар тайёр ҳолда тадбиркорларга берилиши белгиланди.Техник жиҳатдан тартибга солиш ва Ўсимликлар карантини агентликларига экспортга юборишда ҳар бир мева-сабзавот тури бўйича алоҳида техник стандартларни ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.Ҳозирда атиги 10 та тумандаги 3 минг 900 гектар майдонда органик сертификат мавжудлиги кўрсатиб ўтилди.Жаҳон бозорида органик маҳсулотлар нархи анъанавий маҳсулотлардан 2-3 карра қиммат.Масалан, Нукус туманидаги тадбиркор 50 гектар ерда органик помидор етиштириб, қуритиб Европага 6 доллардан экспорт қилаяпти (анъанавий помидор 1 доллардан кам). Ёки, Тошкент шаҳридаги корхона Каттақўрғон ва Чимқўрғон сув омборлари атрофидаги 400 гектарда органик мош, ловия, ерёнғоқ етиштираяпти.Мутасаддиларга органик майдонларни 2025 йилда 10 минг гектарга, келгуси уч йилда 100 минг гектарга етказиш топширилди.Эндиликда органик майдон ташкил қилган фермер ва деҳқонларга ерни лазер билан текислаш харажати давлат томонидан қоплаб берилиши, “Органик”, “Глобал Гап”, “Ҳалол”, "Кошер" каби сертификатларни олиш харажатлари учун субсидия ажратилиши, йирик савдо тармоқларида органик маҳсулотлар учун алоҳида расталар ташкил этилиши белгиланди.Банклар балансига олинган иссиқхона, қайта ишлаш цехлари, музлаткичли омборлар узоқ вақт ишлатилмаса, яроқсиз аҳволга келиши қайд этилди.Шу боис ушбу корхоналарни тажрибали тадбиркорларга уч йил муддатга ишончли бошқарувга бериш таклиф этилган. Ижобий натижа кўрсатган тадбиркорларга бу мулклар 10 йилда бўлиб тўлашга берилади.Қишлоқ хўжалиги техникаларини лизингга етказиб бериш тизимини иссиқхоналар учун ҳам жорий қилиш зарурлиги таъкидланди.Ўмон Султонлигининг йирик савдо тармоқларида Ўзбекистон маҳсулотлари учун алоҳида раста ажратилиб, илк бор гилос, шафтоли ва ўрик экспорти йўлга қўйилди. Ушбу тажрибани Малайзия, Саудия Арабистони, Араб Амирликлари, Қатар, Сингапур, Корея, Япония ва Европада кенгайтириш муҳим экани айтилди.Ушбу давлатларда савдо ярмаркаларини биринчи марта ташкил қилиш харажатлари қоплаб берилиши таъкидланди.Йиғилишда ҳокимлар томонидан экспортни бажариш учун бошқа вилоятдан келган тадбиркорларга тўсқинлик қилиш ҳоллари ҳалигача учраётгани кўрсатиб ўтилди. Оқибатда харидори ва маблағи тайёр экспортчилар маҳсулотсиз қолиб кетаяпти.Бундан буён экспорт жараёнида фитосанитар сертификатда маҳсулот етиштирилган ҳудуд мажбурий кўрсатиладиган тизим бўлиши эълон қилинди. Шунда экспортчиларимиз сунъий тўсиқларга учрамайди.Масъул идораларга божхона ва карантин маълумотлар базасини интеграция қилиб, бу тизимни ишлатиш топширилди.Кун тартибидаги асосий масалалардан ташқари давлатимиз раҳбари атроф-муҳит мавзусига ҳам тўхталди. Мутасадди раҳбарлар Андижон, Жиззах, Навоий, Наманган, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича 1,3 миллиард долларлик лойиҳаларни тезлаштириш бўйича ишлар қандай олиб борилаётгани юзасидан ҳисобот берди.“Яшил макон” умуммиллий ҳаракати доирасида ҳудудларда ишлар қай даражада ташкил этилаётгани таҳлил қилинди ва тегишли топшириқлар берилди. Шунингдек, вазирлар, ҳокимлар ва тармоқ раҳбарларининг масъулиятини кучайтириш, барча топшириқларнинг сўзсиз ижросини таъминлаш, назорат тизимини такомиллаштириш масалалари кўриб чиқилди.Йиғилишда қишлоқ хўжалиги учун масъул вазирлик ва идоралар раҳбарлари, ҳокимларнинг ҳисоботлари, тадбиркорларнинг фикрлари тингланди.

28 Ноябр 2024 йил

121

Тошкент шаҳар ИИББ хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлар фаолиятининг натижалари ҳақида

Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлар фаолияти аёлларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, дискриминация ва зўравонликнинг барча шаклларига йўл қўймаслик, шунингдек, ҳуқуқбузарликларни эрта даврда олдини олишга қаратилган. Ушбу йўналишларда катта инспекторлар ва манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда 2024 йилнинг 10 ойи давомида сезиларли ишлар амалга оширилди.Ўтган даврда Тошкент шаҳрида турли хил тазйиқ ва зўравонликлардан жабр кўрган хотин – қизларга 1623 та ҳимоя ордерлари берилди. Улардан 457 нафари жисмоний зўравонлик, 58 нафари иқтисодий зўравонлик, 1063 нафари руҳий зўравонлик, 45 нафари эса бошқа тазйиққа учрагани маълум бўлган. Ҳимоя ордери бериш натижасида: 755 та оила яраштирилди. 742 та низо бартараф этилди. Шунингдек, хотин – қизларнинг 92 нафари реабилитация марказига жойлаштирилиб, тиббий ва психологик кўмаклар берилди.Бундан ташқари, хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлар манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда қуйидаги ишларни амалга оширдилар: 356 нафар аёл ишга жойлаштирилди, 726 нафар аёлга моддий ёрдам кўрсатилди, 70 нафари тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришда қўллаб-қувватланди.Шу билан бирга, ҳисобот даврида аёллар учун 3.3 мингдан ортиқ спорт ва маданий-оммавий тадбирлар ташкил этилди. Маҳаллада ва таълим муассасаларида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларни олдини олиш, аёллар ҳуқуқи ва эркинликлари бўйича қонунларни тушунтиришга қаратилган учрашувлар ўтказилди.Шунингдек, 2024 йил 20 октябрдан 20 ноябргача инспекторлар томонидан «Оилавий низоларни медиация тартибида ҳал этиш» йўналишида махсус профилактик тадбир ташкил этилди. Ушбу тадбир давомида 348 та ажрим ёқасидаги оилалар ўрганилди, 338 та оила билан профилактик суҳбатлар ўтказилди, тушунтириш ишлари натижасида 151 та оила яраштирилди, 156 та оиладаги низолар бартараф этилди, 116 та оила муаммолари ҳал этилди. 16 нафар аёл реабилитация марказига жойлаштирилди. 260 нафарига юридик ёрдам, 225 нафарига эса психологик ёрдам кўрсатилди. 

27 Ноябр 2024 йил

333

Аёллар бахти – жамият тараққиёти гарови

Гулзода Пулатова кўп йиллар Ички ишлар вазирлигида раҳбар лавозимларда ишлаган отаси Ўткир аканинг ишини давом эттиришни ният қилиб, мактабни тамомлагач, Ички ишлар вазирлиги Академиясига ҳужжатларини топширди. 2002 йилда  уни муваффақиятли тугатиб, пойтахтнинг Юнусобод тумани ИИБ Хорижга чиқиш-келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимида инспектор лавозимида фаолиятини бошлади Устозлари:  бўлим инспекторлари капитан Азиз Мирзабеков, катта лейтенант Шаҳзода Атабаевалар билимга чанқоқ, тиришқоқ ёш кадрга устозлик қилишди. Соҳанинг ўзига хос жиҳатларини пухта ўрганди. Сўнгра бир муддат Яшнобод тумани ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлимида ишлаган Гулзода 2015 йили пойтахт ИИББ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармасига катта инспекторлик лавозимига ўтказилди. Бу вақтда у майор унвонида эди. 2019 йилдан бошлаб эса ИИББ ҲПБ Хотин-қизлар масалалари бўлими, муҳим топшириқлар бўйича инспектор лавозимида иш бошлаган қаҳрамонимиз бугун подполковник унвонида.– Вазифамиз турмушда қийналиб, оғир оилавий  аҳволда, тушкунликка тушиб қолган, оилавий зўравонлик ва тазйиқларга учраган, камситилган, ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қила олмайдиган, ёрдамга муҳтож  хотин-қизлар билан ишлаш, – дейди подполковник Гулзода  Пулатова. – Жойларда 68 нафар хотин-қизлар масалалари бўйича ишловчи инспекторларимиз бор. Улар билан ҳамкорликда жойлардаги ҳолатлар ўрганилади. Маҳаллий ҳокимиятлар, тиббиёт муассасалари ва бошқа мутасадди ташкилотлар  кўмагида уларга зарур ёрдам кўрсатилади.Маълумки,  юртимизда аёллар, уларнинг муаммолари, манфаатларини ҳимоя қилиш устувор вазифалардандир. Аёлларимизнинг жамиятда тутган ўрни, мавқеи, ҳурмат-эътиборини  юксалтириш, ҳақ-ҳуқуқлари кафолатини таъминлаш, фарзанд тарбиясидаги ролини ошириш, таълим ва касбий кўникмаларини олишлари, муносиб иш топишлари, ижтимоий фаоллигини оширишга қаратилган қатор ҳужжатлар қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ этилмоқда. Узоққа бормайлик, жорий йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш механизмларини янада такомиллаштириш, уларнинг муаммоларини ҳал этишда ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори амалга оширилаётган ишларнинг узвий давомидир. Сир эмас, ҳамон оилавий зўравонликлар, оилавий тазйиқ ва камситилишларга барҳам берилгани йўқ. Таъкидлаш жоизки, нафақат эрнинг зўравонлиги ва бошқа салбий муносабатлари, балки қайнона-қайнота, яқинлари томонидан ҳам бу каби салбий ҳолатларнинг учраши бор гап. Аксарият ҳолларда  аёлларнинг ўз ҳақ-ҳуқуқларини билмаслиги, ота-оналар томонидан рўзғор юритишга тайёрламай, касб-ҳунар ўргатмай турмушга бериш ҳолатлари ҳам бунинг келиб чиқиш сабабларидан биридир. Афсуски, кўпчилик аёллар андиша қилиб, ор-номуси, маҳаллада обрўсизланиши ва бошқа сабаблар туфайли зўравонлик ҳолатларини яшириб келишади. Аммо касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади деганларидек, пичоқ суякка бориб тақалгач ёки аянчли якун топгач юзага чиқади. Ана шундай ҳолатларга йўл қўймаслик мақсадида, туман ИИО ФМБда хотин-қизлар масалалари бўйича  фаолият олиб борувчи ходимлар ўз ҳудудларидаги аҳволни маҳалла аҳли билан биргаликда ўрганиб чиқиб, тегишли чора-тадбирларни белгилайдилар. Жойлардаги аҳволни ўрганиш асносида жорий йилнинг 9 ойи давомида зўравонлик ва тазйиқларга учраган аёлларга мингдан ортиқ ҳимоя ордерлари берилган. Шунингдек, аёлларни иш билан бандлигини таъминлаш борасида улар касб-ҳунар курсларига жалб этилади. Фарзандларига эса  спорт билан шуғулланиши учун турли спорт тўгаракларига сертификатлар берилади. Зарур ҳолатларда аёлларга тиббий ёрдам кўрсатилади, ҳимоясини таъминлаш мақсадида реабилитация ва мослаштириш марказига жойлаштирилади. Афсуски, амалиётда суд орқали ажрашиб, шахсий адоват сабаб фарзандларни отага кўрсатмаслик ҳолатлари ҳам йўқ эмас. Бундай ҳолларда ҳар иккиси билан тушунтириш ишлари олиб борилади. Айтиш жоизки, бирор қарор қабул қилишдан олдин ҳар бир мурожаат  тегишли тартибда мутасаддилар билан ҳамкорликда чуқур ўрганилиб чиқилади, ҳар икки томон эшитилади. Чунки, асосий вазифа уларни жазолаш эмас, балки яраштириш, муросага келтириш, оилани сақлаб қолиш, нормал ҳаётни таъминлашдан иборатдир. Ҳар икки томон яраштирилган тақдирда ҳам бу иш охирига етказилди дегани эмас, улардан тез-тез хабар олиниб,  назорат қилиб турилади. Мақсадимиз эса битта – аёлларимизнинг бахтли саодатли яшаши, мукаммал фарзандлар тарбияси, ўз орзу ниятларини амалга ошириши, жамиятимизнинг тўлақонли кишисига айланишини таъминлдаш. Ва бу борада ишлар узлуксиз давом этаверади.

27 Ноябр 2024 йил

202

Интерактив хизматлар

Text to speech