Ёшларимизни юртга садоқат,ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, маънавий-маърифий савиясини ошириш ҳамиша диққат-эътиборимизда. Уларни баркамол инсонлар бўлиб етишиши, мамлакатимизнинг равнақи ва истиқболини белгилайди. Шу мақсадларда ИИВнинг 1-сонли академик лицейи томонидан “Ўзбекистон, Ватаним маним!”, “Давлат рамзлари – фахрим, ғурурим!” мавзуларида давра суҳбатлари, учрашувлар ташкил этиб келинмоқда.
Бу каби тадбирлар ИИВнинг 1-сонли академик лицейи оталиққа олган Шайхонтоҳур туманидаги 293-сонли ҳамда Яшнобод туманидаги 206- сонли умумтаълим мактабларида ҳам бўлиб ўтди.
Мазкур маърифий-профилактик тадбирларда Ватанга муҳаббат, юртимизнинг равнақи, тараққиётига ҳисса қўшиш, давлатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, халқчил ва адолатли жамиятни яратиш, фуқароларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш борасида сўз юритилди. Шунингдек, айни кунларда пойтахтимизда гиёҳвандлик ва психотроп моддаларининг ноқонуний айланишига қарши кураш ойлигининг олиб борилаётгани мавзуси ҳам эътибордан четда қолмади. Ваҳоланки, бугунги кунда мазкур иллат билан боғлиқ жиноятларнинг тобора ёйилиб бораётгани, ҳатто ўқувчи ва ёшларнинг ҳаётига ҳам хавф солаётгани ҳеч кимга сир эмас. Бунда ғаразли, нопок кимсаларнинг ўз мақсадлари йўлида ахборот-технологиялари имкониятларидан фойдаланилаётгани, ижтимоий тармоқларда турли ҳаволалар, мессенжерлар орқали гиёҳвандликка қарам қилишга уринишлар ва ҳаракатлар содир этилаётгани таъкидланди. Ўсмир ёшларнинг бу борада огоҳ ва эҳтиёткор бўлиш, шубҳали сайтларга кирмаслик ҳақида тушунтиришлар берилди.