Тошкент шағар ИИББ психологик таъминот гуруҳи мутахассисларининг фаолиятлари тўғрисида

Тошкент шаҳар ИИББ психологлар бўлинмасининг фаолияти қанчалик кўп қиррали эканлиги ҳақида уларнинг бир кунлик амалиётлари мисолида кўриш мумкин.

Тошкент шаҳар ИИББ психологик таъминот гуруҳи мутахассислари 2005 йилда жинсий эркинликка қарши жиноятда айбланиб, яқинда озодликка чиққан Юнусобод туманида яшовчи A.У. билан психокоррекцион суҳбат ўтказишди. Суҳбатдан мақсад нафақат нотўғри йўлга қайтиш учун жавобгарлик борлигини эслатиш, балки қонун доирасида ўз йўлини топиш, ишга жойлашиш, ўзини англаш, ижтимоий қадриятларга зид бўлмаган ишлар билан шуғулланишга қизиқтириш эди.

Мирзо-Улуғбек туманида яшовчи 22 ёшли У.Р. билан психо-профилактик суҳбат ўтказилди. У оиладаги келишмовчилик туфайли ажрашишга қарор қилгани сабабли руҳий тушкунликка тушиб қолган. Психокоррекцион ишлар унга стрессни енгишга, ўзи учун тўғри ечимни топишга ва юзага келган муаммоларни конструктив ҳал қилишга ёрдам беради.

Сергели тумани ИИО ФМБ 5-сонли ИИБ психологик таъминот гуруҳи мутахассиси – хотин-қизлар масалалари бўйича инспектор лейтенант Д. Ибрагимова маҳалла вакили ва Миллий гвардия хизматчиси билан биргаликда можаролар бўлиб турадиган ва ажрашиш арафасида турган оилалардан хабар олишди. Улар билан психологик суҳбат ўтказилди, келишмовчиликлар сабаблари аниқланди, мунозарали масалаларда биргаликда муросага келиш тўғрисида тавсиялар берилди.

Шу куннинг ўзида Мирзо-Улуғбек туманида яшовчи Й.С. туман ИИО ФМБ психологик таъминот гуруҳи мутахассисларига психологик ёрдам сўраб мурожаат қилди. Мурожаатчи тушунарсиз сабабларга кўра ўзи ва қариндошлари ўртасида низолар келиб чиқаётганидан, унинг кайфияти ўзгариб, тушкунлик пайдо бўлаётганидан хавотирда эди. Психологлар аризачи билан суҳбатлашишди, юзага келган вазият биргаликда ўрганилди, керакли тавсиялар берилди.