ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Эҳ, соддалик қурсин...

Бугун ҳеч бир нарсада тақчиллик йўқ. Бир неча ўн йиллар аввал кундузи чироқ ёқсанг топилмайдиган нарсалар пештахталарда кўзингни қувонтириб турибди. Хоҳлаган русуми, ранги, сифати бор. Баъзида нарсаларни кўриб, унинг нимага кераклигини билолмай қоласан, киши. Бироқ буларнинг ҳаммасига пул керак. Ҳеч бири текин эмас.  Пулни эса ишласанг топасан.Афсуски, орамизда ўзгалар ҳисобига яхши яшашни, ҳашаматни  хуш кўрадиган, лекин жонини койитмай пул топишни ўйлайдиган кимсалар йўқ эмас.Музроб (исмлар ўзгартирилган) айни гуркираган, меҳнат қилиб толмайдиган ёшда. Бироқ меҳнатга бўйни ёр бермагани, ўзгалар чўнтагига кўз олайтиргани учун  панжара ортида  “меҳмон” бўлишига тўғри келган. Бундан ўзига  яраша хулоса чиқариб олгандир, десангиз адашасиз.Такси тўхтатган Музроб ҳайдовчига узоқ масофани айтиб, озгина савдолашган бўлди.  Усталигини қарангки, масофани ҳам одамини ҳам  тўғри чамалаган экан. Бу вақт оралиғида ҳайдовчининг ишончига кириб улгурди ва ёнидаги 100 АҚШ долларини йўлда учраган банкда алмаштириб бериш эвазига ундан бир миллион қарз олди. Омади чопиб, йўлда банкнинг қораси  ҳам учрамади. Укасининг ишхонасидан олиб беришни ваъда қилиб, ишончли чиқиши учун йўлда дорихонага ҳам кириб чиқди. Укасига мазкур дорилар жуда зарур эканлигини, дориларни топширадию тахт қилиб қўйган миллионни олиб беришини таъкидлаб, манзилни айтди. Бир идора олдида тўхтатди ва ҳозир укасидан пул олиб чиқишини тайинлаб, кириб кетди. Савоб қилганидан  кўнгли кўтарилган ҳайдовчи ярим соат кутди, бир соат кутди... Йўловчисига ишонган ҳайдовчи нафақат яшаш жойи ақалли телефон рақамини ҳам сўрамаганини алам билан эслади. Паймонаси тўлган ҳожатбарор ичкари кириб йўловчисини сўради. Эшикбоши қиёфаси таърифланган йигит идорага кирмаганини айтганда, ҳожатбарор акамиз қай аҳволга тушганини  тасаввур қилинг.Бир миллион пулнинг аччиғи уни пойтахт туманларидаги ички ишлар идораларига етаклади. Тезкор-тергов гуруҳи ходимлари керакли маълумотларни олгач, ишга киришдилар. Тез орада муқаддам судланган,  ўнга яқин соддадилларни шу йўсинда чув туширган Музроб қўлга олинди. Тергов жараёнида Музроб қилмишидан пушаймон эканлигини, шайтон йўлдан урганлигини айтиб, айбини шайтонга юкламоқчи бўлди. Шубҳасизки, бу жинояти учун жазо кучлироқ бўлиб, хулоса чиқаришига сабоқ бўлса...Шу ўринда одамларга – огоҳ бўлинг, ҳар бир кимсага ишонаверманг, дегинг келадию, агар одам одамга ишонмаса, зарур  бўлганда ёрдам қўлини чўзмаса, одамийлик ҳақида гапиришга ҳожат бормикан, деган савол қийнайди!

11 Май 2024 йил

39

Махсус ўқув курсининг навбатдаги босқичи якунланди

Пойтахт ҳудудида яшовчи профилактик ҳисобга олинган  15 ёшдан 18 ёшгача бўлган ўсмирларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, келгусида республикамиз  равнақига муносиб ҳисса қўшадиган, комил инсонлар бўлиб етишишига қаратилган дастур бўйича ўтказилган  тадбирнинг 2024 йилдаги 2-босқичи ўз ниҳоясига етди.Мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида  ишлаб чиқилган Қўшма дастурнинг ижросини таъминлаш борасида бир ой давомида жалб этилган 30 нафар иштирокчилар учун Тошкент шаҳар ИИББ ҲПБ вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида бир қатор тадбирлар ўтказилди.Куни кеча бўлиб ўтган ёпилиш маросимида Тошкент шаҳар прокуратураси, Ёшлар ишлари агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси, шаҳар Мудофаа ишлари бошқармаси, шаҳар мактабгача таълим ва мактаб таълими, шаҳар Ёшлар сиёсати ва спорт бош бошқармалари раҳбарияти ҳамда Марказ тарбияланувчиларининг ота-оналари иштирок этишди. Тадбирда амалга оширилган ишларнинг  самараси  қайд этилиб, тарбияланувчиларда кузатилган руҳий, маънавий, жисмоний ўзгаришларга урғу берилди.Ушбу қўшма дастур асосида ўтказилган 2-босқич якуний тадбири сўнгида фаол иштирок этган ҳамкор ташкилот мутасадди раҳбар ходимларининг меҳнатлари эътироф этилиб, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлиги, Ички ишлар, Мудофаа вазирлиги, “Ватан фахрийлар фонди” томонидан медаль ва кўкрак нишонлари билан тақдирландилар.Тадбирда иштирок этган вояга етмаган ёшларга Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ва ҳомийлар томонидан эсдалик совғаси сифатида спорт кийим-бошлари, анжомлари ҳамда яшаш ҳудудларидаги спорт мактабларида бепул шуғулланишлари учун сертификатлар тақдим этилди.Бу каби тадбирлар ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаб, келажакда юртига содиқ фарзандларни шакллантиришга хизмат қилади.

11 Май 2024 йил

131

Расмий маълумот

Ижтимоий тармоқларда бир нечта фуқаролар ўзаро жанжаллашганлиги акс этган видео тарқалиб, турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.Жорий йилнинг 10 май куни тахминан соат 16.30 ларда Чилонзор тумани, 5-мавзе ҳудудида 1980 йилда туғилган А.Азиз ва 1984 йилда туғилган А.Азизхонлар маст ҳолатда бўла туриб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, жамоат жойида бўла туриб бир нечта фуқаролар (1993 йилда туғилган Ш.Дилдора, 1996 йилда туғилган А.Сардор, 2002 йилда туғилган С.Саидахрор) билан ўзаро жанжаллашган. Натижада 2002 йилда туғилган фуқаро енгил даражадаги жароҳатлар билан тиббиёт муассасасига мурожаат қилган.  Ҳодиса жойига зудлик билан миллий гвардия ва ички ишлар ходимлари етиб келишган. Бироқ, жамоат тартибини бузаётган икки нафар фуқаролар ИИО ходимларининг қонуний талабларини бажармай, уларга фаол қаршилик кўрсатишган.Мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор тумани ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда, текширув якуни бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.

11 Май 2024 йил

74

Орзулар сари

Ҳар бир идоранинг иш фаолияти келди-кетди хат, қоғозларнинг  “ўчоғи” бўлмиш Котибиятдан бошланади. Ҳар бир ҳужжат у  юқори турувчи идораникими, ташкилот, корхонаникими, фуқароникими биринчи навбатда раҳбариятга киради. Кейинги босқич эса унинг ижросини  кечиктирмай қонун доирасида таъминлаш. Бу ўринда Котибият ходимларининг ўз ишларини аниқ ва тўғри бажариши  катта аҳамият касб этади. Ҳужжатларнинг ижро муддатларини назоратга олиш, ижрочига етказиш, ижро натижаларидан уларни хабардор этиш тўхтовсиз ва доимий жараёндир.Бектемир тумани ИИБ Котибиятида ёлланма ходим бўлиб иш бошлаган  Бахтия Содиқова иш жараёнига тезда киришиб кета олмади. Бироқ тиришқоқлиги ва  зийраклиги сабаб устозлари – таҳлилий бўлим бошлиғи, подполковник Фахриддин Эгамбердиев, Котибият бошлиғи, сержант Зулфия Бахтиева, катта иш юритувчи, сафдор Жадгерова Айгулларнинг маслаҳати ва йўл-йўриқларига амал қилиб, зарур кўникмаларни ҳосил қилди. Орадан бир йил ўтиб,  соҳанинг сир-асрорларини ўзлаштирган, ишлаш жараёнида  касбига меҳр қўйган Бахтия туман ИИБ Котибиятининг катта иш юритувчиси лавозимига тайинланиб, сафдор унвони берилди.Ҳар бир касбнинг ўзига яраша қийинчиликлари, машаққатлари бор. Лекин инсон уларни енгиб ўтишни ўз олдига мақсад қилиб қўйса, албатта унга эришади,- дейди суҳбатда Бахтия. – Туманимизда  саноат корхоналари талайгина. Айтарли,  ҳар куни ўнлаб мурожаатлар, сўровномаларни қайд этамиз. Уларнинг ижроларини таҳлилий бўлим ходимлари билан биргаликда  назорат қилиб борамиз. Ҳар бир ҳужжат ортида инсон, юртимиз равнақи, ривожланиши учун  ҳаракат туради. Эҳтимол айримлар учун ишимиз осондек туюлар. Бироқ  кўзга кўринмасдек туюлган бу иш катта масъулият ва эътиборни  тақозо  этади.Ойлик, чорак ва йиллик ҳисоботларни муддатида тайёрлаш, хатога йўл қўймаслик, тўғри таснифлаш диққат ва жавобгарликни талаб қилади.  Баъзан ишда узоқ вақт қолиб кетишга, байрам, дам олиш кунлари ҳам ишлашга тўғри келади. Бахтиянинг турмуш ўртоғи ҳам шу соҳа вакили бўлганлиги боис бу ҳолатларни  тўғри тушунади. Турмуш ўртоғининг хайрихоҳлиги, қўллаб-қувватлаши  туфайли, Бахтия янада юқори марраларни забт этиш ва олий маълумотли бўлиш мақсадида Республика ИИВ Академиясига ҳужжат топширди. Имтиҳонлардан муваффақиятли ўтган Бахтия ҳозир 2-босқичда ўқишни иш билан бирга олиб бормоқда. Келгусида унинг орзулари бисёр. Билимга, ўқиб ўрганишга чанқоқ бу аёлнинг албатта, орзуларига етишишига шубҳа йўқ.

10 Май 2024 йил

179

Интерактив хизматлар

Text to speech