ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Бир неча қадам олдинда

Нургали Ташимов Яшнобод тумани ички ишлар органларида иш бошлашдан аввал пойтахтимизнинг Авиасозлар касб-ҳунар коллежида ёшларга таълим бериб келди. Ёшлар билан тезда тил топишиб, ўқитувчи-педагоглар ва ўқувчиларнинг ҳурматини қозонди. Уч йилдан ортиқроқ педагоглик тажрибаси билан 2012 йилда Яшнобод тумани ИИО ФМБ профилактика инспектори лавозимида иш бошлади. Подполковниклар, бўлим бошлиғи Ўткир Гулматов, катта инспектор Улуғбек Бадаловдан ўқувчи сингари соҳанинг сир-асрорларини қунт билан ўрганди. Аҳолиси беш мингдан ортиқни ташкил этган туманнинг “Ватандош” маҳалласига бириктирилган Нургали маҳалла аҳлининг тинчлик-осойишталигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда устозларидан ўрганган иш услубларидан самарали фойдаланди. Маҳалла фаоллари, мутасадди ташкилотлар, ҳомийларнинг бошини бириктириб, маҳалла аҳлининг яшаш шарт-шароитларини яхшилаш, бандлигини таъминлаш, ёшларни турли тўгаракларга жалб этиш, маҳаллада жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ишларига йўналтирди. Бу борадаги тарғибот ишларининг кўламини жадаллаштирди.Йилдан йилга тажрибаси ортиб, ўзи ҳам шогирдлар етиштира бошлади. Бугунги кунда майор Нургали Ташимов пойтахтимизнинг Яшнобод тумани ИИО ФМБ Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларнинг олдини олиш бўлинмаси бошлиғи лавозимида фаолият юритмоқда. Унинг ушбу соҳада фаолият юритаётганига кўп бўлгани йўқ. Бироқ иш кўрсаткичлари ҳақида ижобий фикрлар билдириш мумкин. Маълумки, бугунги ахборот технологияларининг ҳаётимизга шиддат билан кириб келиши, аксарият соҳаларнинг рақамлаштирилиши билан қатор муаммолар ҳам пайдо бўлмоқда. Фуқароларнинг киберхавфсизлигини таъминлаш, кибергигиена тизимини яратиш учун доимо изланиш, фан-техника имкониятларини ривожлантириш талаб этилмоқда. Ҳикоямиз қаҳрамони Нургали ҳам мазкур хизматда фаолият юритар экан, янги турдаги жиноятларни очиш учун янги кураш услубларини ишлаб чиқиш, бунинг учун эса дунё тажрибаларини мунтазам ўрганиб бориш лозимлигини таъкидлайди. – Ҳар бир шахс, айниқса ёшларимизда бу соҳадаги жиноятларга қарши иммунитетни шакллантириш лозим, – дейди майор Нургали Ташимов. – Биз ходимлар кибержиноятчилардан бир қадам эмас, балки бир неча қадам олдинда юришимиз керак. Бу биринчидан, кибержиноятчиликнинг олдини олиш, иккинчидан, уларнинг кенг тарқалишига барҳам бериш, учинчидан тезкор аниқлаб, жиноятга жазо муқаррарлигини таъминлаш имконини беради. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, бугунги кунда интернет тармоқларида турли ҳаволалар, веб-сайтлар кўпайиб, контентлар кўп ҳолларда тўсиқсиз бериб борилмоқда. Ҳали онги шаклланмаган ёшларнинг ўзига керакли, фойдали бўлган ахборотларни саралаб олишга ўргатиш, кибергигиена тизимини шакллантириш ўта муҳимдир. Нургали Ташимов фаолият олиб бораётган соҳа айнан кибержиноятларнинг олдини олиш, интернет фойдаланувчиларини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш кабиларни амалга ошириб келмоқда. Ҳимояланишнинг асоси эса ҳушёрлик ва бу борадаги билимларни кучайтиришдир.

10 Декабр 2024 йил

94

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди

8-декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни муносабати билан Тошкент шаҳар ИИББ шахсий таркиби орасида ўтказилган навбатдаги Маънавият ва маърифат дарси “Тараққиёт қомуси” мавзусига бағишланди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети вакили доцент Асроржон Сатторов маъруза қилди. У ўз нутқида, янгиланган Конституция янги Ўзбекистонни қуриш ғояси атрофида бутун жамиятимизни жипслаштиришини, унда барча қатлам манфаатлари инобатга олинганлигини, лойиҳани ишлаб чиқишда кенг жамоатчилик, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари, экспертлик ва илмий доиралар вакиллари, зиёлилар фаол иштирок этганлигини, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари халқаро ҳуқуқнинг нормаларига биноан ҳамда ушбу Конституцияга мувофиқ эътироф этилиши ва кафолатланиши қайд этилганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Шу билан бирга, йиғилиш иштирокчиларга “Таҳлилнома” ахборот дастури намойиш этилди. Шунингдек, “Конституция билимдони” кўрик танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Тадбир якунида Тошкент шаҳар ИИББнинг иқтидорли ходимларидан иборат “Ниҳол” жамоаси томонидан байрам концерти намойиш этилди.

10 Декабр 2024 йил

230

Изоҳсиз ўғирлик

Бозорга борганлар, дўконларга кирганлар у ердаги буюмларни кўрганида ҳаммасидан сотиб олгиси келади. Ҳар куни янгидан янги, бир-биридан афзал ва дилтортар нарсалар одамга «мени ол, мени ол» дея жилва қилади. Эътиқодсиз, иродасиз, ҳавойи, нафсини тия олмайдиган кимсалар бу тузоққа осон тушадилар. Камолиддин 2022 йилнинг 16 ноябрь куни соат 15.00 ларда Чилонзор буюм бозорини айланиб юраркан, уяли телефон аппаратлари сотув дўконига кирди. Сотувчи Н.Наби уни харидор ҳисоблаб, телефонлар ҳақида маълумотлар бера бошлади. Камолиддин унинг гапларини маъқуллаб, ҳозир харид қилмаслигини, шунчаки, нархлар билан танишаётганини айтиб, павильонларга териб қўйилган телефонларни кўздан кечираркан, Наби бошқа харидор билан банд бўлди. Бундан фойдаланган Камолиддин нархи 2.000.000 сўм бўлган «Samsung A 12 S» телефонини чўнтагига солиб дўконни тарк этди. Уни «Ўрикзор» бозорида 500.000 сўмга сотиб юборди. Жиноий ҳаракатларини давом эттириб, 26 ноябрь куни туманнинг Қатортол кўчасида жойлашган дўконга кирди. Дўкон эгаси З.Ҳусниддиннинг рўпарадаги дорихонага чиқиб кетганлигидан фойдаланиб, нархи 2.000.000 сўмлик «VIVO Y 20» телефонини ўғирлаб, воқеа жойидан яширинади. Телефонни 600.000 сўмга сотиб юборади. – Муқаддам судланмаган Камолиддин тергов жараёнида ўз ҳатти-ҳаракатларини изоҳлаб бера олмади, – дейди Чилонзор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, капитан Оғабек Қиличов. – Ўзига тўқ, яхши оиланинг фарзанди бўлган, қийинчилик, етишмовчилик кўрмай ўсган 25 ёшли бу йигит айбига тўла иқрор бўлиб, жарбдийдалардан кечирим сўради. Улар ҳам ўз ўрнида етказилган зарарнинг қопланганлиги боис айбдорни кечириб, суддан енгилроқ жазо беришларини илтимос қилишди. Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди очиқ суд мажлисида Камолиддиннинг қилмишини қонуний баҳолаб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми «а» банди («Ўғирлик») билан айбли деб топди. Айбланувчининг жабрдийдаларга етказган зарарни тўлиқ қоплаганлиги, ота-онасининг оғир беморлиги ва меҳнатга лаёқатсизлиги, оиланинг ягона боқувчиси эканлигини инобатга олиб, мазкур кодекснинг 57-моддасини қўллаб, 1 йил озодликни чеклаш жазосини тайинлади. Шунингдек, назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш ва иш жойини ўзгартирмаслик, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳудудидан ташқарига чиқмаслик, яшаш жойини соат 22.00дан соат 06.00гача ташлаб кетмаслик, интернет-клуб, тунги клублар ҳамда бошқа кўнгилочар жойларга бормаслик каби чекловлар ҳам белгиланди.

9 Декабр 2024 йил

163

Интерактив хизматлар

Text to speech