ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Йўқ амалнинг амалдори

Юртимизда тадбиркорлик учун кенг йўл очилган. Тадбиркорлар учун кўпдан-кўп қонунлар, имтиёзлар, қулайликлар, шарт-шароитлар яратилмоқда. Фақат юртингга, халқингга фойда келтирсанг, фаровонлик, тўкинликни таъминласанг, юртдошларингнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилсанг бўлгани. Сендан сўраладиган нарса – ҳалол ишла, қонунни бузма, берилган ишончни суистеъмол қилма! Бироқ тадбиркорлик қиламан деб, ўзгаларни алдаб, бировнинг топгани ҳисобига бойишни кўзламоқлик – жиноят. Аслида тадбиркорлик билан шуғулланиш етти ухлаб тушига кирмаган Тўхтабой кимларнидир лақиллатиб, пулига эга чиқиш ниятида таниш-билишларини ишга солиб, гўёки тадбиркорликка бел боғлагани, бизнес-режаси тегишли маҳкамалар томонидан тасдиқланганини айтиб, озгина моддий ёрдам берадиган киши топилса, таъсисчи мақомида келадиган фойданинг 50 фоизини баҳам кўриши ҳақида гап-сўз тарқатди. Таниши Шоҳруҳ унинг гапига ишониб, таниши Шахобиддин билан учраштириб қўйди. Тўхтабой Яшнобод туманида жойлашган мармартош ишлаб чиқарувчи заводни фалон пулга сотиб олаётгани, ҳозир мармарга буюртма кўплиги, банкда барча ҳужжатлар тайёрлиги, бироқ банк ходимларига озгина “хамир учидан патир”берса, ишни бошлаши аниқ эканлиги, ўзининг бор пулини ҳужжатларни расмийлаштириш учун сарфлагани ҳақида ишонарли сўзлаб берди. Бу сўзларга ишонган Шахобиддин фақат жилдинигина кўрсатган гўёки “бизнес-режаси”ни “қани бир танишай-чи”, дея варақлаб ҳам кўрмади. Агарда варақлаб кўрганида борми, ишга тушажак заводнинг 50 фоизли таъсисчиси бўлишни хаёл қилган Шахобиддин қалин жилд ичида “завод директорининг” қизи ва ўғлининг қоралама дафтарларидан бўлак нарса йўқлигини кўриб, қаллобнинг ёқасидан олиши тайин эди. — Шахобиддин аввалига банкдаги ишини тўғирлаш учун унга 2.800.000 сўмни санаб беради, – дейди Чилонзор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, лейтенант Баҳромжон Эгамбердиев. – Бу ёғи таниш сценарий бўйича давом этади. Майда-чуйда сарф-ҳаражатлар ортидан катта харажатлар баҳонасида Тўхтабой 2021 йилнинг октябрь ойидан 2022 йилнинг февраль ойига қадар “бизнес ҳамкорининг” 35.000 АҚШ доллари миқдоридаги пулини “шилиб” олади. Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди очиқ суд мажлисида 1977 йилда туғилган Т.Тўхтабойнинг жиноий қилмишини кўриб чиқиб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (“Фирибгарлик”) билан айбли деб топди. Унинг айбига иқрорлиги, пушаймонлиги, илгари судланмаганлиги, етказилган зарарни тўлиқ қоплаганлиги, оилавий шароити инобатга олиниб, мазкур кодекснинг 57-моддасини қўллаб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 йилга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилди.

12 Декабр 2024 йил

47

Амалиёт билимлар кўрсаткичи

Назарий билимлар амалиётда мустаҳкамлансагина ўз самарасини беради. Тажрибали, малакали устоз-мураббийлар талабаларнинг билимларини амалда қўллашларини назорат қила бориб, йўл қўйган хато ва камчиликларни бартараф этиш лозим. Шу бирга иш кўрсаткичлар сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича тегишли йўл-йўриқлар бериб, бўлажак мутахассисларнинг соҳани мукаммал эгаллашларида мураббийлар муҳим ўрин тутади. Пойтахт Ички ишлар бош бошқармасида ўтказилган йиғилиш Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясининг бакалавриат таълим шакли: “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш” йўналиши бўйича ўқиётган 3-курс талабаларининг дуал таълим шаклида иш ўрганиши бўйича амалиёт ўташларини юқори савияда ташкиллаштириш масалаларига бағишланди. Бўлажак ҳуқуқ-тартибот посбонлари жорий йилнинг 10 декабрь кунидан 2025 йилнинг 10 январь кунига қадар пойтахт ИИББ туманлари ИИО ФМБларида амалиёт ўташади. Йиғилганларга талабаларнинг амалиёти ИИВнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ҳамда малакавий амалиёт дастури асосида ўтказилишини назоратини амалга ошириш вазифаси қўйилди. Шунингдек, амалиётчи талабаларга катта тажрибага эга бўлган ходимлар мураббий сифатида бириктирилиб, билим ва кўникмаларини оширишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш лозимлиги тушунтирилди. Бириктирилган мураббийларнинг масъулиятини ошириш, талабаларнинг ота-оналари ва ички ишлар органлари фахрийлари билан учрашувлар ўтказиш ва амалиёт билан боғлиқ бошқа қатор чора-тадбирлар белгиланиб, ижроси назоратга олинди.

12 Декабр 2024 йил

71

Худбинлик ва кибр оқибати

Мурод олийгоҳни тугатишга тугатди-ю аммо иш топишда қийналди. Бу орада ота-онаси уйлантириб қўйди. Бирин-кетин уч фарзанднинг отасига айланганига қарамай, у ҳамон у ишхонадан бу ишхонага “сакраб” кўнглидагидек иш қидираётганди. Сирли орзуси–бирданига бойиб кетиш ҳақида ўйларди. Ўзини дабдабали, ҳашаматли ҳаётга лойиқ, деб ҳисобларди. Ёши қирқдан ошди-ю лекин бирон “катта нарсага” эришмагани, ошна-оғайнилари олдида керилиб, кўз-кўз қиладиган устунлиги йўқлиги уни қийнарди. Ёр-биродарлари катта-катта уйлар қурганда, қиммат-қиммат автомашиналар миниб юрганда, чет элларда дам олиб келаётганда – у булардан маҳрум эди. Ўзини ҳаётда камситилган ҳис қилган Муроднинг ўйлаб-ўйлаб топган режаси мана бундай бўлди. 2022 йилнинг 10 сентябрида у оғайнилари автомашинаси бузилиб қолганда тез-тез мурожаат қиладиган 1980 йилда туғилган С.Эмануэль раҳбар бўлган автомашиналарга хизмат кўрсатувчи устахонага борди. Эмануэль уни тез-тез кўриб тургани боис қуюқ саломлашди. У ёқ-бу ёқдан гаплашиб, унинг ишлари билан қизиқди. Суҳбат асносида Эмануэль ҳаммаси яхши-ю, агарда автомашина моторларини тузатишда ишлатиладиган Америкада ишлаб чиқарилган “Rottler F 79” станоги бўлганида нур устига аъло нур бўлишини таъкидлаганида, Муроднинг кўзлари “ялт” этди. Мана у кутган онлар. У фурсатни бой бермай, бундай станокни Америкадаги танишлари орқали топиб, бир неча устахоналарга етказиб берганини киприк қоқмай айтди. Эмануль “қопқонга” тушди. Эмануэль бошига 100.000 АҚШ доллари берадиган бўлди, станокни қабул қилгач қолган 80.000 долларни беришга келишилди. Эртаси куни пулни қўлига олган Мурод шунча пулни кўриб довдираб қолди. Ўзини пулнинг эгаси билиб қиммат-қиммат буюмлар, автомашина сотиб ола бошлади. Эмануэлнинг қўнғироқларига “ана кетяпман, мана кетяпман, ана олдим, мана олиб бораяпман”, дея важлар кўрсатиб юрди. Бу орада кўз юмгунча уч ой ҳам ўтиб кетди.Эмануэлнинг сабр-тоқати тугаб, ички ишлар органларига мурожаат қилишини айтганида, у Мирзо Улуғбек туманида ҳашаматли уйи борлиги, унинг номига расмийлаштириб беришини ваъда қилди. Бироқ бу ҳам ёлғон бўлиб чиқди. “Ана расмийлаштираман, мана расмийлаштираман” деб кунларни ойларга чўзган Мурод уни яна чув туширганини англаган Эмануэль бориб суриштирсаки, айтилган уйга Муроднинг ҳеч қандай алоқаси йўқ экан. Эмануэль Яккасарой тумани ички ишлар органларига мурожаат қилишга мажбур бўлди. — 1979 йилда туғилган Мурод илгари 2015 йилда ҳам фирибгарлик жинояти учун судланган, – дейди Яккасарой туман ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, катта лейтенант Э.Зиябеков. – Ҳалол меҳнатдан қочиб, ўзгаларнинг ҳисобига “бойиб” кетишни ўйлаган Мурод, Эмануэлнинг пуллари эвазига сотиб олган нарсаларини сотишга мажбур бўлди. Бировнинг ҳақи ҳеч қачон бировга буюрмайди, буни Мурод билиши керак эди. Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди очиқ суд мажлисида Муроднинг қилмишига қонуний баҳо бериб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (“Фирибгарлик”) билан айбдор деб топди. Унинг пушаймонлиги, айбига тўлиқ иқрорлиги, жарбланувчига етказилган зарар қопланганлиги, оиланинг ягона боқувчиси эканлигини инобатга олиб, кодекснинг 57-моддасини қўллаб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баравари миқдорида жарима жазосини тайинлади.

12 Декабр 2024 йил

39

Бир неча қадам олдинда

Нургали Ташимов Яшнобод тумани ички ишлар органларида иш бошлашдан аввал пойтахтимизнинг Авиасозлар касб-ҳунар коллежида ёшларга таълим бериб келди. Ёшлар билан тезда тил топишиб, ўқитувчи-педагоглар ва ўқувчиларнинг ҳурматини қозонди. Уч йилдан ортиқроқ педагоглик тажрибаси билан 2012 йилда Яшнобод тумани ИИО ФМБ профилактика инспектори лавозимида иш бошлади. Подполковниклар, бўлим бошлиғи Ўткир Гулматов, катта инспектор Улуғбек Бадаловдан ўқувчи сингари соҳанинг сир-асрорларини қунт билан ўрганди. Аҳолиси беш мингдан ортиқни ташкил этган туманнинг “Ватандош” маҳалласига бириктирилган Нургали маҳалла аҳлининг тинчлик-осойишталигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда устозларидан ўрганган иш услубларидан самарали фойдаланди. Маҳалла фаоллари, мутасадди ташкилотлар, ҳомийларнинг бошини бириктириб, маҳалла аҳлининг яшаш шарт-шароитларини яхшилаш, бандлигини таъминлаш, ёшларни турли тўгаракларга жалб этиш, маҳаллада жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ишларига йўналтирди. Бу борадаги тарғибот ишларининг кўламини жадаллаштирди.Йилдан йилга тажрибаси ортиб, ўзи ҳам шогирдлар етиштира бошлади. Бугунги кунда майор Нургали Ташимов пойтахтимизнинг Яшнобод тумани ИИО ФМБ Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларнинг олдини олиш бўлинмаси бошлиғи лавозимида фаолият юритмоқда. Унинг ушбу соҳада фаолият юритаётганига кўп бўлгани йўқ. Бироқ иш кўрсаткичлари ҳақида ижобий фикрлар билдириш мумкин. Маълумки, бугунги ахборот технологияларининг ҳаётимизга шиддат билан кириб келиши, аксарият соҳаларнинг рақамлаштирилиши билан қатор муаммолар ҳам пайдо бўлмоқда. Фуқароларнинг киберхавфсизлигини таъминлаш, кибергигиена тизимини яратиш учун доимо изланиш, фан-техника имкониятларини ривожлантириш талаб этилмоқда. Ҳикоямиз қаҳрамони Нургали ҳам мазкур хизматда фаолият юритар экан, янги турдаги жиноятларни очиш учун янги кураш услубларини ишлаб чиқиш, бунинг учун эса дунё тажрибаларини мунтазам ўрганиб бориш лозимлигини таъкидлайди. – Ҳар бир шахс, айниқса ёшларимизда бу соҳадаги жиноятларга қарши иммунитетни шакллантириш лозим, – дейди майор Нургали Ташимов. – Биз ходимлар кибержиноятчилардан бир қадам эмас, балки бир неча қадам олдинда юришимиз керак. Бу биринчидан, кибержиноятчиликнинг олдини олиш, иккинчидан, уларнинг кенг тарқалишига барҳам бериш, учинчидан тезкор аниқлаб, жиноятга жазо муқаррарлигини таъминлаш имконини беради. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, бугунги кунда интернет тармоқларида турли ҳаволалар, веб-сайтлар кўпайиб, контентлар кўп ҳолларда тўсиқсиз бериб борилмоқда. Ҳали онги шаклланмаган ёшларнинг ўзига керакли, фойдали бўлган ахборотларни саралаб олишга ўргатиш, кибергигиена тизимини шакллантириш ўта муҳимдир. Нургали Ташимов фаолият олиб бораётган соҳа айнан кибержиноятларнинг олдини олиш, интернет фойдаланувчиларини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш кабиларни амалга ошириб келмоқда. Ҳимояланишнинг асоси эса ҳушёрлик ва бу борадаги билимларни кучайтиришдир.

10 Декабр 2024 йил

165

Интерактив хизматлар

Text to speech