Аббос хорижга ишлагани кетган ошна-оғайниларига ҳавас билан қарарди. Ҳаммасидан ҳар хил гап эшитар, тарозига солиб қараса, энг кўп маош тўланадиган, яшаш шароитлари рисоладагидек давлат Жанубий Корея экан. У ерда ўзбеклар кўплигидан, корейс тилини билиш ҳам шарт эмаскан. Шунга қарамай у корейс тилини ўрганиш ниятида туман марказидаги ўқув курсларига қатнай бошлади. Уни битириш арафасида ушбу давлатга виза очиш тараддудига тушди. Бу ишда унга ёрдам берадиган бирон кишини топмагач, корейс тили ўқитувчиси Нодирбекнинг бу давлатда ишлаб келганлиги ёдига тушиб, ундан маслаҳат ва кўмак сўради. Ш.Нодирбек виза тўғирлаб берадиган одам борлигини, ундан сўраб-суриштириб жавобини айтишга ваъда берди. Сўраб-суриштирадиган одамлари эса отаси ва акаси бўлиб, улар ўртада пул талашиб, бир-бирлари билан низолашиб қолишди. Охир-оқибат 20.000 АҚШ долларида тўхташди. Орадан кўп ўтмай бизнес-виза олиш учун 20.000 АҚШ доллари кераклигини айтди. Аббос уйдагиларни кўндириб, керакли пулларни тўплагач, Нодирбекка элтиб, тез орада виза олишига умид боғлаб, янги-янги режалар туза бошлади. У Нодирбекнинг илгари ҳам бир неча маротаба фирибгарлик жинояти учун судланганини, унинг тузоғига тушганини қаёқдан ҳам англасин. Бироқ турли баҳоналар билан чўзилиб кетган виза машмашаси Аббоснинг ички ишлар органларига мурожаат йўллашга мажбур қилди.
– Нодирбек илгари ҳам Жанубий Кореяга ишга юборишни ваъда қилиб, бир неча шахсларни алдаб пулларини олгани учун судланган, – дейди Чилонзор тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими терговчиси, капитан Жаҳонгир Рашидов. – Афсуски, бу жиноий ишга Нодирбекнинг ўз акаси ва отаси ҳам аралашган. Тергов жараёнида уларнинг қилмишлари алоҳида иш юритувига олинган. Ўзгаларнинг пулини ўзлаштиришда бу оиланинг на каттаси, на кичиги эртами кечми жазога тортилиши, бировнинг ҳақини ейиш жавобсиз қолмаслиги ҳақида ўйламагани, бир-бирини жар ёқасидан қутқармагани, ажабланарли.
Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди очиқ суд мажлисида Нодирбекнинг қилмишини Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди («Фирибгарлик») билан айбли деб топди. Унинг айбига тўла иқрорлиги, пушаймонлиги, жабрдийдага етказилган зарарни тўлиқ қоплаганлигини инобатга олиб, мазкур кодекснинг 57-моддасини қўллаб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йилга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилди.