12 Декабр 2024 йил 45

Йўқ амалнинг амалдори

Юртимизда тадбиркорлик учун кенг йўл очилган. Тадбиркорлар учун кўпдан-кўп қонунлар, имтиёзлар, қулайликлар, шарт-шароитлар яратилмоқда. Фақат юртингга, халқингга фойда келтирсанг, фаровонлик, тўкинликни таъминласанг, юртдошларингнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилсанг бўлгани. Сендан сўраладиган нарса – ҳалол ишла, қонунни бузма, берилган ишончни суистеъмол қилма! Бироқ тадбиркорлик қиламан деб, ўзгаларни алдаб, бировнинг топгани ҳисобига бойишни кўзламоқлик – жиноят. Аслида тадбиркорлик билан шуғулланиш етти ухлаб тушига кирмаган Тўхтабой кимларнидир лақиллатиб, пулига эга чиқиш ниятида таниш-билишларини ишга солиб, гўёки тадбиркорликка бел боғлагани, бизнес-режаси тегишли маҳкамалар томонидан тасдиқланганини айтиб, озгина моддий ёрдам берадиган киши топилса, таъсисчи мақомида келадиган фойданинг 50 фоизини баҳам кўриши ҳақида гап-сўз тарқатди. Таниши Шоҳруҳ унинг гапига ишониб, таниши Шахобиддин билан учраштириб қўйди. Тўхтабой Яшнобод туманида жойлашган мармартош ишлаб чиқарувчи заводни фалон пулга сотиб олаётгани, ҳозир мармарга буюртма кўплиги, банкда барча ҳужжатлар тайёрлиги, бироқ банк ходимларига озгина “хамир учидан патир”берса, ишни бошлаши аниқ эканлиги, ўзининг бор пулини ҳужжатларни расмийлаштириш учун сарфлагани ҳақида ишонарли сўзлаб берди. Бу сўзларга ишонган Шахобиддин фақат жилдинигина кўрсатган гўёки “бизнес-режаси”ни “қани бир танишай-чи”, дея варақлаб ҳам кўрмади. Агарда варақлаб кўрганида борми, ишга тушажак заводнинг 50 фоизли таъсисчиси бўлишни хаёл қилган Шахобиддин қалин жилд ичида “завод директорининг” қизи ва ўғлининг қоралама дафтарларидан бўлак нарса йўқлигини кўриб, қаллобнинг ёқасидан олиши тайин эди.
— Шахобиддин аввалига банкдаги ишини тўғирлаш учун унга 2.800.000 сўмни санаб беради, – дейди Чилонзор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, лейтенант Баҳромжон Эгамбердиев. – Бу ёғи таниш сценарий бўйича давом этади. Майда-чуйда сарф-ҳаражатлар ортидан катта харажатлар баҳонасида Тўхтабой 2021 йилнинг октябрь ойидан 2022 йилнинг февраль ойига қадар “бизнес ҳамкорининг” 35.000 АҚШ доллари миқдоридаги пулини “шилиб” олади.

Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди очиқ суд мажлисида 1977 йилда туғилган Т.Тўхтабойнинг жиноий қилмишини кўриб чиқиб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (“Фирибгарлик”) билан айбли деб топди. Унинг айбига иқрорлиги, пушаймонлиги, илгари судланмаганлиги, етказилган зарарни тўлиқ қоплаганлиги, оилавий шароити инобатга олиниб, мазкур кодекснинг 57-моддасини қўллаб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 йилга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилди.

Барча янгиликлар

Text to speech