ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Зиқналикми ёки тежамкорлик?!

      Шундай одамлар борки, бир сўм сарфласа, кечаси билан уйқуси келмай тўлғаниб чиқади. Қандай қилиб бўлса-да уни икки баравар қилиб қайтариш ҳақида ўйлайди. Исмоил шундайлардан бўлиб чиқди. У бекорчиликдан таниши Кенжабойни шаҳар айланишга чақирди. Кенжабой айлангани пули йўқлигини айтганида, “хавотир олма, менда бор, кейин берарсан”, деди. Сайр чоғида бирга тамадди қилишди, минерал сув олиб берди яна майда-чуйда дегандек. Ҳа айтгандек, такси пулини ҳам тўлади. Кечга яқин хайрлашишди. Исмоил бир кун кутди, икки кун кутди. Кенжабойдан дарак бўлмади. Орадан бир ҳафта ўтиб, яъни 2021 йилнинг 7 январ куни соат 19.00 ларда уни учратиб қолди ва овқатланиш пулини Кенжабойга тўлаттириш ниятида уни қаҳвахонага таклиф қилди. Бироқ у яна ёнида пули йўқлигини айтганида, Исмоилнинг тепа сочи тикка бўлди. Бироқ миясига яшин тезлигида келган фикрдан ўзини босиб, ундан зарур қўнғироқ қилиши кераклигини айтиб, телефонини сўради. Баҳоси 5.500.000 сўмлик “Samsung А 52” русумли телефонни олиб гаплашаётган бўлиб, Кенжабойнинг чалғиганидан фойдаланиб, воқеа жойидан яширинди. Бирон соат ўтмай, уни 1.850.000 сўмга сотиб юборди. 14 январда эса Дўмбиробод кўчасидаги уйлардан бирида ижарада бирга яшовчи Жамолиддиннинг 2.050.000 сўмлик “Redmi Note 8” русумли уяли телефонини қўнғироқ қилиш учун сўраб олиб, қайтариб бермади. Унинг телефонини 700.000 сўмга сотиб юборди. Ҳамхонасининг айби эса пули йўқлиги учун ўтган ой ижара пулини тўлай олмай, Исмоилдан қарз олгани эди.         – Тергов жараёнида Исмоил ўзини айбдор деб билмади. Алдов йўли билан олинган телефонларни уларга сарфлаган пуллари эвазига товон пули деб ҳисоблади, – дейди Чилонзор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, майор Рустам Жепбиев. – Ҳар бир ҳаракатини пулга чақадиган бу шахсда бировга яхшилик қилиш, ўзаро ёрдам, беминнат, беғараз қўллаб-қувватлаш деган тушунчалар умуман бегона эканлиги кишини ҳайрон қолдиради.         Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди очиқ суд мажлисида Жаҳонгирнинг қилмишини кўриб чиқиб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди (“Фирибгарлик”) билан айбли деб топди. Суд унинг айбига иқрорлиги, етказилган моддий зарарни тўлиқ қоплаганлиги, жиноятнинг хусусияти, ижтимоий хавфлилик даражасини инобатга олди. Уни жамиятдан ажратмаган ҳолда қайта тарбиялаш мумкин, деган хулосага келиб, иш ҳақининг 10 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолиш шарти билан 1 йилга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилди.

30 Ноябр 2024 йил

37

Аввалида мезбон, кейин зўравон

       Анчадан бери учрашмаган икки дўст учрашиб қолса суҳбат оила, уй-рўзғор, иш, эски таниш-билишлар, яна кўплаб ҳаёт икир-чикирлари ҳақида кетади. Мурод ҳам Зафарни учратганидан хурсанд бўлиб, ҳол-аҳвол сўрашдан бошлади. Қаҳвахонага кириб учрашувни бир шиша ароқ билан “ювишди”. Тиллар ечилиб, суҳбат қизигандан қизиди. Мурод янги уйга кўчганини айтиб, қўярда-қўймай уйига таклиф қилди. Йўл-йўлакай янги хонадонни “ювиш” учун спиртли ичимлик харид қилди. Зафар уйингнинг кўрманасига деб, яна бир шиша ароқ ва егуликлар сотиб олди. Муроднинг уйида гурунг давом этди, Шишалар очилди. Муроднинг турмуш ўртоғи дарров ошга уннади. Шу орада бирга ўтириб қадаҳ ҳам кўтарди. Орадан анча вақт ўтиб Зафар ўзини эркин қўйиб, мастлиги оқибатида уй бекасига гап ота бошлади. Бу Муродга ёқмади. Аммо Зафар жиловни қўлдан бой берганди. Ўртада жанжал чиқди. Кайфи тароқ бўлган Мурод ҳам жаҳл отига миниб, столда турган ошхона пичоғини олиб меҳмоннинг қорнига санчди. Зафарнинг инграганча букчайиб, шариллаб оқаётган қонни қўли билан тўхтатишга уринаётганини кўргандагина ҳушига келди. Аммо кеч бўлганди.        – Ичкилик ҳеч қачон яхшиликка олиб келмайди, – дейди Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими катта терговчиси, катта лейтенант Матчонбой Худайбердиев. – Ҳар иккиси қирқ ёшдан ошган бу танишлар ичиш меъёрларини билмади, меҳмон-мезбон одобига риоя қилмади. Қуюшқондан чиққач, оқибати – бирига ҳаёти учун оғир тан жароҳати етказиш билан, бирига озодликдан маҳрум қилиниш билан тугади. Бундан бу ёғига учрашиш тугул бир-бирини кўришдан хурсанд бўлишмаса керак, ҳойнаҳой.         Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди жорий йилнинг март ойида очиқ суд мажлисида Муроднинг қилмишини қонунан кўриб чиқди. У Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми “л” банди (“Қасддан баданга оғир шикаст етказиш”) билан айбли деб топилди. Муроднинг оиланинг ягона боқувчиси эканлиги, қилмишидан пушаймонлиги, жабрланувчининг даъвоси йўқлиги инобатга олиниб, Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланиб, 2 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

30 Ноябр 2024 йил

44

Мирзо Улуғбек туманида ёшлар ўртасида жиноятчиликни олдини олишга бағишланган учрашув ўтказилди

Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ бошлиғи подполковник Сардор Мирзараимов Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида сектор раҳбарлари, туманда жойлашган 37 та мактаб директорлари, 70 та маҳалланинг раислари, ёшлар етакчилари, Миллий гвардия инспектор психологлари ва хотин-қизлар фаоллари билан учрашув ўтказди.Тадбирда тумандаги ёшлар ва вояга етмаганлар томонидан содир этилган қонунбузарликлар ва салбий ҳолатлар ҳақида сўз юритилди, шунингдек, вояга етмаганлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш бўйича амалга оширилган ишларнинг натижалари муҳокама қилинди. Йўл қўйилган камчиликлар таҳлил этилди ва келгусида ушбу ҳолатларнинг олдини олиш учун таклифлар ва чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.Тадбирда ёшлар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги мисоллар келтирилиб, уларнинг ҳуқуқий оқибатлари таҳлил қилинди. Асосий муҳокама мавзуларидан бири ёшларни келгусида жамиятга фойдали ва етук шахслар сифатида шакллантириш, уларни соғлом ахлоқий асосларда тарбиялаш ва жамиятга масъулият билан муносабатда бўлишга ўргатишдан иборат бўлди.Шунингдек, педагогларга тарбияси оғир, ўзлаштириш даражаси паст ва сабабсиз дарс машғулотларида иштирок этмайдиган ўқувчилар билан алоҳида тартибда шуғулланиш вазифаси юклатилди.

30 Ноябр 2024 йил

69

Гўё қўл бировникидек

Бир инсоннинг тақдирини ҳал қилиш осон эмас. Ҳатто у ашаддий жиноятчи бўлса ҳам. Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди ҳам судланувчи Жаҳонгирга жазо тури ва меъёрини белгилашда – айбига тўлиқ иқрорлиги, оилавий шароити, етказилган моддий зарар миқдори ва қопланганлиги, тайинланадиган жазонинг судланувчини қайта тарбияланишига таъсири, содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик хусусияти ҳамда жазони енгиллаштирувчи жиҳатларни қилмишнинг ижтимоий хавфлилик даражасини жиддий камайтирувчи ҳолатлар деб баҳолади. Судланувчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, айбланаётган модда санкциясида кўрсатилган озодликдан маҳрум қилиш жазосини энг кам миқдоридан ҳам камроқ жазо тайинлашни лозим деб топди, дейилади суд ҳукмида.        1974 йилда туғилган Г.Жаҳонгирнинг жиноий «фаолияти» 1992 йилдан бошланиб, 1997, 1998, 2002, 2006, 2009, 2014, 2015 йилларгача давом этади. 2015 йилда ўғирлик жинояти учун 8 йилу 6 ойга қамалган Жаҳонгир 2023 йил апрель ойида озодликка чиқади. Озодлик ҳавосидан тўйиб нафас олишга улгурмай, уч ойгина «қўлини тийиб» юрган Жаҳонгир эски ҳунарини қўмсаб яна ўғирликка қўл уради. У 2023 йил 12 июль соат 15.30 ларда Чилонзор савдо буюм бозорида айланиб юриб, савдо дўконида савдо қилувчи, 1996 йилда туғилган К.Ўғилойнинг харидорлар билан чалғиганидан фойдаланиб, қаровсиз қолдирилган аёллар сумкасидан 3.000.000 сўм пулини ўғирлаб, воқеа жойидан яширинади.          – Ўғирликнинг «ҳадисини» олган Жаҳонгир тергов жараёнида бозорга ўзига кийим сотиб олгани борганини, «қўли қандай қилиб кетиб қолганини» – гўё қўл ўзиники эмасдек – билмаслигини маълум қилди. Аёлнинг сумкасида 3.000.000 сўм эмас, атиги 850.000 сўм бўлганлигини ва пулларни қайтаришга тайёрлигини айтиб, ишонтиришга уринган бўлсада, аслида нияти ўғирлик бўлган, – дейди Чилонзор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, капитан Абдурауф Икрамов.            Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди очиқ суд мажлисида рецидивист Жаҳонгирнинг қилмишини кўриб чиқиб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми «г» банди («Ўғирлик») билан айбдор деб топди ва юқорида келтирилган енгиллаштирувчи ҳолатларни ҳисобга олиб, кодекснинг 57-моддасини қўллаб, 6 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилди.

30 Ноябр 2024 йил

42

Интерактив хизматлар

Text to speech