Қиммат гилам арзонга кетди
— Амаки гилам олмайсизми? Пул жуда зарур бўлганлиги учун сотмоқчиман.— Мабодо гиламинг ўғирланган эмасми?— Қизиқсиз-а! Шундай катта гиламни ўғирлаб бўларканми? Қизимнинг сепига олгандим. Бироқ қуда томонга ёқмади. Арзон эмиш, қимматидан шойи-ипаклигидан олишимиз керак экан. — Қанча сўраяпсан?— Бир миллион.— Ёнимда 850 минг сўм бор. Рози бўлсанг, бер, йўқса, бошқасига сотавер.— Майли, берақолинг. Пул жуда зарур-да, бўлмасам бермасдим.
Нотаниш кимса нархи 4 миллион сўм бўлган гиламни сув текинга олди-да, кўтарди-ю кетди. Савдо пишиб, ҳар икки томон фойдадан кўнгли чоғ бўлиб ўз йўлларига кетаётган пайтда: 2024 йилнинг 30 апрели, соат 16.00 ларга яқин “Қўйлиқ” савдо мажмуаси дўкони сотувчиси А.Лазизбек эътиборсизлиги учун ўзини қўйишга жой тополмай, оёғини қўлига олиб, қайдасан ички ишлар идораси дея, мол аччиғида такси ёллаб идорага шошилаётганди. Бектемир тумани ИИО ФМБ навбатчилик қисмига ҳаллослаганча кириб келган сотувчи, воқеани шошқалоқлик билан баён этди. Ходимларнинг зудлик билан чора кўриши натижасида 1977 йилда туғилган, муқаддам ўғирлиги учун бир неча марта судланиб, қамалган А.Сакен суриштирув ишлари олиб бориш учун маҳкамага келтирилди. Унинг жиноятини яшириш учун қилган иддаолари иш бермади. Бозор ҳудудига ўрнатилган видеокузатув камералари унинг қилмишларини сўзсиз фош этди.
— Дўконим кичкина бўлганлиги боис, гиламни харидорларга кўрсатиш мақсадида эшик олдига суяб қўйгандим, – дейди дўкон эгаси А.Лазизбек. – Бошқа харидорлар билан овора бўлганимдан фойдаланиб, 2х10 метр бўлган оқ-сариқ гулли гиламни ўғирлаб кетибди.
Жиноят ишлари бўйича Бектемир туман суди очиқ суд мажлисида А.Сарсеннинг қилмишларини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” банди (“Ўғирлик”) билан айбли, деб топди. Суд унинг айбига иқрорлиги, етказилган зарарни қоплаганлиги, пушаймонлиги, жазони оғирлаштирувчи ҳамда енгиллаштирувчи ҳолатларни инобатга олиб, 5 йилга озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлади.
Мазкур жиноят иши тафсилотлари Бектемир тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, катта лейтенант Муҳаммадризо Эшпўлатовнинг иш юритувидан олинди.
#tergov_amaliyotidan #из_следственной_практики