ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Меҳнат қадрсиз қолмайди

        Ўзбекистон Миллий университетини муваффақиятли тамомлаган Умрбек Абдукаримов иккиланмай Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси Сержантлар таркибини тайёрлаш олий курсларига ҳужжатларини топширди. 2005 йилдан Хоразм вилояти ИИБ Тергов ҳибсхонасида катта йўриқчи, кичик сержант унвонида хизматни бошлади. Ҳибсхона бошлиғи, подполковник Маҳмуд Нарзуллаев, махсус бўлим бошлиғи, капитан Зокир Исмоиловлар ёш, зийрак, оғир-вазмин ва истараси иссиқ йигитни ўз сафларига мамнуният билан қабул қилиб, унга соҳанинг оғир-енгил, паст-баланд, ўзига хос жиҳатлари, эҳтиёт чоралари ҳақида батафсил тушунтириш ва огоҳлантиришлар бериб, хизматга йўлладилар. Соҳага оид меъёрий ҳужжатларни чуқур ўрганганига қарамай, Умрбек устозларидан маслаҳат сўрашдан орланмади, бажараётган ишини яна бир бор назоратдан ўтказиб олишни канда қилмади. Мазкур ўзига хос хизмат Умрбек учун тажриба ва ҳаёт мактаби бўлди десак, хато бўлмайди. Инсонлар тақдири, қандай қилиб жиноят кўчасига кириб қолиши, турмуш зарбаларидан эсанкираш, нафсга қул бўлиш оқибатларини кўриб, бирда фикр, бирда шукр қилиш кераклигини англади. Содир қилган жинояти, қинғирлик ортидан топган бойлиги ҳеч қачон одамга яхшилик олиб келмаслиги, бир кунлик эмин-эркинлик, оила билан ўтказилган бир лаҳзалик бахтдан, фарзандлар  ва яқинлар билан суҳбатлашиш, ўқиш, ишлаш кабиларга тенг келолмаслигини ҳис этди. Йиллаб фаолият юритиб, тажриба ва малакасини оширган Умрбек 2015 йилда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЖИЭББ навбатчилик қисми катта навбатчиси, сўнгра пойтахтнинг Чилонзор тумани ИИО ФМБда Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими катта инспектори лавозимига ўтказилганида туман ИИО ФМБ бошлиғи ўринбосари подполковник Неъмат Ҳайдаров, катта инспектор майор Шуҳрат Эшбоевни ўзига устоз деб билди. Ўрганишдан тўхтамай, билганларини қайта такрорлаш билан тажрибасини янада бойитди. Уларнинг ҳурматини ўрнига қўйиб, ҳали-ҳануз ўзига устоз ҳисоблаб келади. Ички ишлар органларининг турли соҳаларида сидқидилдан зиммасига юкланган вазифаларни адо этиб келган лавҳамиз қаҳрамони ўз вазифаларига виждонан ёндашгани, ижрочилик қобилиятини тўла-тўкис намоён этганлиги боис раҳбариятнинг кўплаб ташаккурномалари, фахрий ёрлиқлари билан рағбатлантириб келиняпти.У.Абдукаримовнинг жиноятчиликка қарши курашдаги тажрибаси айни пайтда у фаолият юритаётган пойтахт ИИББ Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши кураш бошқармасида ўз самарасини беряпти. Мазкур бошқарманинг гуруҳ бош мутахассиси бўлган подполковник У.Абдукаримов шу йилнинг 25 октябрь Ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан  Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг “Аъло хизматлари учун” кўкрак нишони билан тақдирланди. Раҳбарият томонидан У.Абдукаримовнинг хизматларига берилган бу баҳо уни янада ғайрат ва шижоат билан жиноятчиликка қарши курашга рағбатлантириши шубҳасиз.

15 Ноябр 2024 йил

260

Ҳар кимники ўзига азиз

      Аҳмадхоннинг тадбиркорлик билан шуғулланиб келаётганига кўп бўлмади. Аммо ўз ишини яхшигина йўлга қўя олди. Қўшни республикага қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етказиб  беради. Тадбиркорлик ҳам таваккалчиликка асосланган бир соҳа-да. 2023 йилда яхши таклиф олди. Катта фойда кўриш ниятида бор пулини – тийин-тийинигача маҳсулотга сарфлаб, бир тийинсиз қолди. Маҳсулотдан келадиган фойдага ҳали анча вақт бор. Бу орада тирикчилик, рўзғор дегандек. Нима қиларини билмай роса боши қотди. Энг содда ва беозор туюлган режа ўйлаб топди. 3 ноябрь куни Бектемир туманидан ўтувчи Тошкент ҳалқа йўлида жойлашган “Водий” автотураргоҳига йўл олди. “Кобальт” автомашина ҳайдовчиси бир йўловчини машинасига ўтиргизиб, яна йўловчи чақиришга йўл олганидан фойдаланиб, машинага ўтирди ва йўловчини гапга сола бошлади. Зарур қўнғироқ қилиши зарурлиги эсига тушиб, телефонини уйда унутиб қолдирганини айтиб, йўловчи Нўъмонжондан телефонини бериб туришини сўради. Гаплашиб тобора узоқроқ-узоқроқ кета бошлади. Нўъмонжон эса бирга кетишига ишонгани учун бу ҳолатга унчалик эътибор бермади. Лекин ҳайдовчи йўловчиларни йиғиб кетишга чоғланганида, телефонини олган кимсани қидира бошлади. У эса аллақачон жуфтакни ростлаган,  Нўъмонжон манзилидан қолиб, туман ички ишлар органларига мурожаат қилаётганида 1.500.00 сўмлик “Pedmi 12C “ телефонини 700.000 сўмга сотиб юборган эди.                 – Аҳмадхон илгари 2009, 2010, 2021 йилларда фирибгарлик жинояти содир этиб, турли муддатларга озодликдан маҳрум этилган эди, – дейди Бектемир тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими катта терговчиси, капитан Шерзод Шомуродов. – Катта даромад олиш илинжида ўйламай-нетмай бор маблағини маҳсулотга тиккан Аҳмадхон яқинларидан қарз олишни истамай жиноятга қўл урди. Нафсини жиловлаб, ҳисоб-китобли иш қилганида иши баракали ва унумли бўларди. Арзон телефон учун жабрланувчи вилоятдан қайтиб келиб ўтирмайди, ички ишларга мурожаат қилмайди, деб ўйлаганига нима дейсиз?!         Жиноят ишлари бўйича Бектемир туман суди очиқ сайёр суд мажлисида ишни кўриб чиқиб, 1986 йилда туғилган Аҳмадхоннинг қилмишига иқрорлиги, етказилган зарарни тўлиқ қоплаганлиги, оиланинг ягона боқувчиси эканлиги, жабрланувчи уни кечирган ҳолда, унга енгил жазо беришини сўраганлиги инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди (“Фирибгарлик”) билан айбли деб топди. Мазкур кодекснинг 57-моддасини қўллаб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари миқдорида жарима жазосини тайинлади.

13 Ноябр 2024 йил

198

“Амалдор” фирибгар

Бир ой у ерда, бир ой бу ерда номига жуссасини кўрсатиб, муқим бир ишхонада қўним топмаган Шоумид 19 ёшида, 2011 йили илк бор фирибгарлик содир этиб, суднинг қора курсисига ўтирди. Омади  чопиб амнистияга илинди. Бироқ бу берилган имкониятдан тегишли хулоса чиқармади. 2015 йилда яна эски ҳунарини ишга солиб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда, 2 йилга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинди. 2016, 2019 йилларда ҳам бировларни алдаб, пулларини ўзлаштириши орқали судланиб, озодликдан маҳрум этилди. Озодликка чиқиб ҳам ҳалол меҳнат қилишга, ҳаётини изга солишга шошилмади.Тавбасига таянмаган Шоумид бўйни ишга ёр бермай, текин пул топиш йўлларини изларкан, таваккал қилиб йўлга чиқди. Бир машинани тўхтатиб фалон жойга етказиб қўйишни сўради. Йўл-йўлакай суҳбатлашиб кетди. Ўзини  катта бир қурилиш компаниясининг раҳбар ўринбосари сифатида  таништирди. Ҳайдовчининг "КамАЗ" автомашинаси борлигини билгач, унга  компаниясида ул-бул юк ишлари чиқиб қолишини айтиб, унга  7-8 миллион сўмлик маош ваъда қилди. Фақат бир муаммо  – маош пластик картага ўтказиб берилади, қоидаси шунақа. Ҳайдовчи соддагина экан:– Ака, мен бундай нарсаларга тушунмайман, вақтим ҳам йўқ, – деди у ўйлаб ҳам ўтирмай.– Бунинг қийин жойи бормикан?!  Менга паспортингизни берсангиз ўзим тўғирлаб, компанияга жойлаштириб қўяман, – деди Шоумид. Ҳайдовчи ёнидаги паспортини берди. Шоумид уни телефонига суратга олган бўлди ва шу заҳотиёқ қайтарди.– Фақат озгина чиқими бор, – деди ҳайдовчининг соддалигидан фойдаланиб. Шу баҳонада унинг 600.000 сўм пулини олди. Орадан  бир ҳафта ўтмай, пластик карта тайёрлигини, ҳадемай унга юмуш чиқиши, тайёр туришлигини тайинларкан ёнилғи масаласини сўради. Компания ҳисобидан арзонга дизель ёнилғиси тўғирлаб беришини айтганида Ёқубжон 200 литр ёнилғи учун 1.500.000 сўмни олиб учрашувга ошиқди.– Шоумид 2023 йилнинг 23 март куни Ёқубжон билан танишган бўлса, 27 мартга қадар уни 2.100.000 сўмга чув тушириб, сўнг қочиб юрган, – дейди Учтепа тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, катта лейтенант Шаҳзодбек Юсупов. – Ёқубжон эса фирибгарга йўлиққанини англамай, фалон қурилиш компаниясини қидириб, сўраб-суриштириб тополмагач, ички ишлар органларига мурожаат қилишга мажбур бўлган.Жиноят ишлар бўйича Учтепа туман суди очиқ суд мажлисида 1992 йилда туғилган, рецидивист мақомини олган Шоумиднинг қилмишини қонунан кўриб чиқди. Уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди (“Фирибгарлик”) билан айбли деб топиб, айбига иқрорлиги, етказилган зарарни қоплаганлиги, жабрдийданинг даъвоси йўқлигини инобатга олиб, иш ҳақининг  20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда, 2 йилга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилди.

13 Ноябр 2024 йил

208

Ҳалол хизматга – муносиб рағбат

      Бекмурод ўз тенгдошларидан фарқли ўлароқ, мактабни тугатмасиданоқ ўз олдига мақсад қўйган ва мақсади йўлида ўқиб изланишда эди. 2015 йилда Республика Қуролли кучлари сафида йигитлик бурчини ўтаб қайтгач, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академиясига ҳужжатларини топширди. Аввалдан тайёргарлиги бўлган Бекмурод барча синовлардан муваффақиятли ўтиб, билим юрти тингловчисига айланди. Ўз касбининг профессионали бўлиш учун қунт ва тиришқоқлик билан ўқиди. Академияни тамомлагач, Тошкент шаҳар Чилонзор тумани ИИО ФМБ Жиноят қидирув бўлими тезкор вакили лавозимида, лейтенант унвонида хизматни бошлади. Устозлари катта тезкор вакил, подполковник Зариф Ҳудойқулов, бўлинма бошлиғи, майор Жасур Ғаниевнинг этагидан маҳкам тутган Бекмурод соҳанинг паст-баланди, жиноятчиларга қарши курашдаги муҳим омиллар, ўзига хос жиҳатларини ўрганди. Кўплаб жиноятларни очишда қатнашди, шахсан ўзи жиноятчилар билан тўқнаш келган ҳолатларда совуққонлиги ва иродасини йўқотмади. Жисмоний тайёргарликда ҳам қонунбузарлардан устун эканлигини исботлади. Вазифаларини сидқидилдан бажариб, қонунбузарларга муросасиз бўлган ходим раҳбариятнинг эътиборига тушди. Икки йил ўтиб Бекмурод Тошкент шаҳар ИИББ марказий аппаратига ишга ўтди. Бу даргоҳда ҳам тезкор-қидирув хизматлари соҳасида фаолиятини давом эттирди. Унинг ишчанлик қобилияти, вазиятни тўғри баҳолаши, жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш ишларидаги тажриба ва малакасини тўғри баҳолаган Бош бошқарма раҳбарияти 2023 йилда Бекмуродни пойтахт Янгиҳаёт тумани 4-сонли ИИБ бошлиғи лавозимига тайинлади. Мазкур бўлим туманнинг 7 та маҳалласининг тинчлик-осойишталигини сақлаш, жиноятчилик, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, маҳалла аҳлининг тинчлиги, хотиржамлигини таъминлашга масъулдир. Маҳаллаларда 28 мингдан ортиқ турли миллат вакиллари тинч-тотув истиқомат қилиб келишяпти. Улардан 11 мингдан ортиғини 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Юздан ортиқ уюшмаган ёшлар билан профилактик тадбирлар, огоҳлантириш ва тушунтириш ишлари олиб борилиши натижасида улардан элликдан ортиғи жорий йилда ўз қизиқишларига кўра ўқишга, касб-ҳунар ўқув курслари, спорт тўгаракларига жалб этилишига эришилди. Ва бу борадаги ишлар давом эттириляпти. Сектор раҳбари, маҳалла еттилиги ҳамда ҳомий ташкилотлар ҳамкорлигида аҳолининг турли қатламларининг яшаш шарт-шароитлари ўрганилиб, режали равишда моддий, иқтисодий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилиб келиняпти. Ҳар бир маҳалланинг раислари, фидойилари, маҳалла аҳли билан ўтказилаётган тушунтириш, огоҳликка чақириш, содир этилган ҳуқуқбузарликларни жамоатчилик иштирокида муҳокама этиш каби самарали профилактик тадбирлар ўз натижасини беряпти. Айни дамда маҳалланинг биттаси  қизил, учтаси сариқ ва яна учтаси  яшил тоифа мақомини олган. Бу ишларда лавҳамиз қаҳрамони Бекмурод Исматовнинг маҳалла раислари, фаоллари, қўл остидаги ходимларини бир мақсад сари йўналтириб, ишни кенгашган ҳолда ташкил этганини эътироф этиш лозим. Унинг ўзига бириктирилган ҳудудда олиб бораётган жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари Бош бошқарма раҳбарияти эътиборидан четда қолмади. Қаҳрамонимизга 25 октябрь – Ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан муддатидан олдин “майор” унвони берилди. Албатта, мазкур унвон қаҳрамонимиз зиммасига янада катта масъулият юклайди ва ишончимиз комилки, майор Бекмурод Исматов буни ўз меҳнати, ғайрат-шижоати, билими билан оқлайди.

11 Ноябр 2024 йил

367

Интерактив хизматлар

Text to speech