Мақсад – жиноят-процессуал қонунчилигидаги янгиликларни ва бир қатор меъёрий ҳужжатларни ўрганиш

Тошкент шаҳар ИИББ Кадрлар бошқармаси томонидан 2020 йил 14 майдаги Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига жиноят процессида иштирок этувчи фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилишни кучайтиришга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги Қонунини ўрганишга бағишланган ўқув семинари ташкилаштирилди. Семинарда Тергов бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари, жиноят қидирув ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизматлари, навбатчилик қисми ва прокуратура органлари раҳбарияти ва масъул ходимлари иштирок этишди. Йиғилиш видеоконференция тарзида карантиннинг барча талабларига риоя қилган тарзда ўтказилди.

Семинар иштирокчилари Жиноят-процессуал қонунчиликка киритилган ўзгартишлар, хусусан, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходими томонидан гумонланувчининг қўлга олинишини ва қўлга олиш билан боғлиқ бошқа процессуал ҳаракатларни видеотасвирга олиш шартлари кенгайтирилгани, шахс қўлга олингани тўғрисида унинг қариндошларини хабардор қилиниши каби ўзгартиришлар муҳимлигини таъкидлашди.

Бундан ташқари, семинарда жорий йил 17 апрель кунидаги Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Бош прокуратураси, ИИВ, ДХХ, Миллий гвардия ва Божхона қўмитасининг қўшма қарори, унга кўра киритилган “Электрон жиноий-ҳуқуқий статистика” ягона ахборот тизимининг жорий этилиши билан боғлиқ бир қатор ўзгаришлар ўрганилди, шунингдек жорий йил 20 февраль куни қабул қилинган ва шахсни ушлаб туриш асослари ва тартибига қатъий риоя қилишни белгилаб берувчи Тошкент шаҳар прокуратураси, маъмурий суди ва ИИББнинг қўшма кўрсатмасининг маъно ва моҳияти ҳам ўрганилди. Семинарнинг яна бир муҳим мавзуси – жорий йил 13 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва ИИВ қўшма қарорининг муҳокамаси бўлиб, унда қонунчиликни таъминлаш, ходимларнинг масъулиятларини ошириш, жиноятларни яшириш фактларини олдини олиш тамойиллари қайд этилди.

Ўқув семинари мунозара тарзида ўтказилган бўлиб, унда иштирокчилар ўз фикр ва таклифларини изҳор этиш, тажриба алмашиш ва қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олиш имкониятига эга эдилар.