ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Тергов якуни бўйича қўшимча маълумот

      Муқаддам Тошкент шаҳар ИИББ ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда пойтахт ҳудудида криминоген вазиятни яхшилаш юзасидан ўтказилган тадбирлар давомида жиноий гуруҳ аъзолари ушланганлиги ҳақида хабар берган эдик.       Тошкент шаҳар ИИББ томонидан қўзғатилган жиноят иши доирасида олиб борилган тергов ҳаракатлари натижасига кўра бир гуруҳ шахсларга нисбатан жиноят иши айблов хулосаси билан судга юборилган.      1. Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани судининг 19 апрель кунидаги ҳукмига кўра 1972 йилда туғилган Умаров Лутфилла Рихсиллаевич Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 2-қисми билан айбли деб  топилган. Суд томонидан унга нисбатан олти йил икки ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.      Жиноят ишлари бўйича Олмазор тумани судининг 16 май кунидаги ҳукмига кўра,       2.     1954 йилда туғилган Ибодов Ниёз Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбли деб  топилган. Суд томонидан унга Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланиб, тўрт йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.       3.     1969 йилда туғилган Султанов Баходир Касимович Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбли деб  топилган. Суд томонидан унга Жиноят кодексининг ўн йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жиноят кодексининг 34-моддасига асосан ўта хавфли рецидивист деб топилган.

18 Май 2024 йил

53

Нафс измида

Катта йўл ёқасида икки йигит автомашина тўхтатмоқда. Тўхтаган ҳайдовчига манзилни айтаркан, кира ҳаққини савдолаша бошлади.  Гапга тутди. Ҳайдовчи ўнг йўловчига бурилганда, чапда тургани унинг уяли телефонини ўмарди. Пулига келишмаган ҳайдовчи  йўлида давом этди. Зум ўтмай бошқа автомашина тўхтатилди. Бояги ҳолат яна такрорланди. Телефонини йўқотган бир неча ҳайдовчилар ички ишлар органларига мурожаат қила бошлади. Ходимлар томонидан уларнинг фотороботи яратилиб, ишга киришилди.Ўғриларнинг изига тушган ходимлар пойтахт туманлари кўчаларини назоратга олишди.  Кузатувлар олиб борилаётган кунларнинг бирида ходимлар диққатини Чорсу бозори ёнида  автомашина тўхтатаётган икки йигит тортди.  Режага кўра ходимларнинг бири таксичи сифатида уларнинг ёнида тўхтади. Иккинчи ходим масофадан туриб, воқеани кузата бошлади.   Йўлга қўйилган усул бўйиича  “ҳайдовчининг” уяли телефони ўғирланди. Нархини келиша олмаган “ҳайдовчи”  йўлида давом этди. Унча узоқлашмай 50 метрлар нарида тўхтаб иккисини  кузата бошлади.  Яна  бир неча ҳайдовчи уларнинг тузоғига илинди. Ҳайдовчиларни чув тушириб келаётган ўғрилар шулар эканлиги маълум бўлгач, ходимлар уларни қўлга олишди. Улар гиёҳвандлик моддалари таъсирида эканлигини текширувлар тасдиқлади. Сўроқ вақтида  йигитлар қилмишларини тан олишмади. Гиёҳвандлик моддасининг таъсири тарқагач, видеотасвирларни кўриб, лол бўлиб қолишди.  Сўнг улар ўғирланган  нарсаларни арзон гаровга сотиб ўзларига керакли  гиёҳванд моддаларни сотиб олишганлигини баён этишди.  Тергов жараёнида гиёҳванд моддалар истеъмоли учун шу усулда пул топаётган йигитлар пойтахтнинг кўплаб туманларида йигирмага яқин ана шундай ўғирликларни амалга оширгани аниқланди.Шу ўринда соғлом, куч-қувватга тўла, навқирон йигитларнинг ўз ҳаётларини  мана шу алфозда  олиб бораётганидан афсусланиб кетасан. Ахир гиёҳвандликнинг охири аянчли тугашини наҳот билишмайди. Наҳот  аниқ далиллар мисолида кўрсатилаётган кўрсатувлар, ижтимоий тармоқлардаги контентлар ибрат бўлмаса. Наҳот инсон ўз-ўзига душман бўлса? Ҳаётини, ўзини, ёшлигини қадрлай билмаса.  Одатда гиёҳвандлар 40 ёшга ҳам етиб-етмайди, организмнинг  силласи қуриб, гиёҳванд модданинг озгинасини ҳам кўтара олмай қолади охири. Бу - гиёҳванд модда ўлжасини маҳв этди дегани. Гиёҳвандлар бошқа жиноятлардан ҳам тап тортмаслиги эса бу каби мисоллар билан ўз тасдиғини топиб келмоқда.

18 Май 2024 йил

31

Кечаги шогирд бугун устоз

Бахтиёр Абдуллаев зиёлилар оиласида таваллуд топган. Отаси Роҳатали ака фарзандларининг олий маълумотли, юрт корига ярайдиган, элга наф келтирадиган бўлиб етишиши учун ҳаракат қилди. Уларнинг танлаган касбларига монелик кўрсатмади. 1985-1987 йилларда ҳарбий хизматга чақирилган Бахтиёр Афғонистонда хизмат қилиб қайтгач, унинг ҳуқуқшунос бўлиш ниятини ҳам қўллаб-қувватлади. Ҳалол хизмат қилишни, инсонлар тақдири билан ҳазиллашмасликни уқтирди. Қаҳрамонимиз Тошкент Давлат юридик институтини тугатиб, илк хизматни Юнусобод тумани ИИБ тергов бўлими терговчиси лавозимидан бошлади.Терговчилик – энг қийин соҳалардан бири. Инсон ҳаётини ҳал қилиш осон иш эмас. Айбдор бўлса-ку бир нав, беайб бўлса-чи? Ҳолатни қонунан тўғри баҳолаш ҳам катта аҳамиятга эга. Ҳар ким қилмишига муносиб жазо олиши керак. Жиноятчи ҳам анойи эмаски, қинғирлигини тан олса.Қаҳрамонимиз устозлари Рустам Алимбеков, Садриддин Яхшибоевларни катта ҳурмат билан эътироф этади. — Мен устозларимдан бениҳоя миннатдорман. Менга сарфлаган вақтлари, берган ўгитларини сира ёдимдан чиқармайман. Зотан, хатоларимни ўз вақтида кўрсатиб, амалий ёрдамларини аяшмаган. Бугунги кунда ўзим ҳам  шогирдларимга билганларимни ўргатаман.Устозларининг йўл-йўриғига, ўгитларига амал қилган Бахтиёр топширилган ишларни сифатли ва қонуний ҳал қилиши тергов амалиётини тўғри юритиши сабаб тезда раҳбарият эътиборига тушди. Шу бўлимда катта терговчи, ўта муҳим ишлар бўйича катта терговчи лавозимларида меҳнат қилди. Кейинчалик пойтахт туманлари тергов бўлимларида бўлинма бошлиғи лавозимларида ишлади. Айни пайтда Учтепа тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими катта терговчиси лавозимида хизматни давом эттириб келмоқда.Кейинги пайтларда фирибгарлик жиноятлари  кўпайиб бормоқда. Бу ҳақда оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда узатилаётган огоҳлантиришлар гувоҳлик беради. Подполковник Б.Абдуллаев яқингинада ана шундай жиноятлардан бирини муваффақиятли фош этгани борасида тўхталиб ўтди.— Ўндан ортиқ эпизоддан иборат бўлган фирибгарлик жиноятини очиб, судга оширишга, жиноят учун жавобгарлик принципи таъминланишига эришдик, - дейди суҳбатдошимиз. – халқимиз соддадил, ишонувчан. Афсуски, баъзи нопок кимсалар уларнинг бу жиҳатларидан ўз нафс йўлида усталик билан фойдаланишади. Айрим расмий ташкилотлардаги ортиқча қоғозбозлик, сансалорлик ҳам одамларни осон ва югур-югурсиз битадиган ишларга рағбатлантиради.Козим (келтирилган исмлар шартли)  тўрт маротаба  судланишига қарамай, озодликка чиқиши билан яна “эски ҳунари”ни қўмсади. Ҳалол меҳнат қилиш  ўрнига  мўмай пул топиш ҳақида ўйлай бошлади. Бу сафар у аёлларнинг ҳис-туйғуларини нишонга олди. Ўзини алданган, хиёнат қурбонига айланган шахс қилиб кўрсатиб, алалоқибат қармоғига Гулини илинтирди. Турмуши бўлмай ажрашган Гули эҳтиёткорликни ҳам унутиб, измини бутунлай “ишнинг кўзини биладиган, тадбирли, пухта, қатъиятли, мард” аслида эса номард эркакнинг қўлига топшириб қўйди.Бутунлай ишончга кирганини англаган Козим Гули орқали ота-онасини уйини сотишга кўндирди. Нимамиш, 80 минг долларга харидор топиб, чол-кампирга мўъжазгина ҳовли, ўзларига “дом” оларкан, яна бир “дом”ни ижарага берса, қариялар пулни санаб ётавераркан. Уй сотилиб кетди. Чол-кампирга вақтинча уй топгунча ижарада туришга тўғри келди. Ҳадеганда “дом” ҳам топилмади. Ўзига автомашина олган Козим, ижарага уй топиб, Гулига уйимиз, деб алдади. Кексалар уй сўрашганда уларни бошқа ҳовлига кўчирди, ҳужжат талаб қилганларида яна бир ҳовлига кўчирди. Охирги кўчишда уддабурон куёвга ишонган кексалар ўзлари билмаган ҳолда, қўни-қўшнига куёв бўлмиш арзон уй топиб бериши мумкинлиги ҳақида “реклама”ни кучайтириб юборишганди. Фирибгарнинг бозорини қизитган кексалар уй эгаси ижара ҳаққини сўраб келишганида чув тушганини англашди. Козим эса бу вақтгача қўшниларнинг ҳар биридан 5-10 минг долларгача “заклад” олиб қўйган эди. Ваъдаларни бериб, қорасини кўрсатмагач, жабрланганлар алданганини сезиб, ички ишлар органларига мурожаат қилишди. Энди бу фирибгар судланувчилар курсисида ўтирибди, — деб ҳикоясини якунлади суҳбатдошимиз.Подполковник Б.Абдуллаев уч нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказди, ҳар бири олий маълумотли, рафиқаси ўқитувчи, олти неваранинг  севимли бобоси. Бугунги кунда бир пайтлар устозларидан ўрганганидек, эндиликда ўзи устоз бўлиб, ёш ходимларга билим ва тажрибаларини ўргатиб, ўгит  ва маслаҳатларини  бериб келмоқда. Чунончи, шогирдларининг ютуғида ўзининг ҳам ҳиссаси борлигидан фахрланишнинг нашидаси ўзгача.

18 Май 2024 йил

34

“Бешинчиси бўлмайди”

Баъзида  жазони ўташ муассасаларида  жазо муддатини ўтаётганлар билан суҳбатлашганингда, жиноятларини  хаспўшлашга уринаётганидан бу қувлигими, алдовми ёки ўз ёлғонига ўзини ишонтиргиси келадими, англай олмай қоласан, киши.Биринчи марта ўғирликка қўл урганида Толиб (исмлар ўзгартирилган) 23 ёшда эди. Ҳеч қаерда ўқимаган, тайинли ишламаган бу йигит илк қилмишини  шунчаки  “қизиқиш, енгилтаклик” сифатида баҳолайди.— Танишимнинг уйида бир муддат ишлашга тўғри келди. Менга пул бераётганида, унинг қаердан олганини кўрдим. Мендан шубҳаланмаса керак, деб ўйлагандим, - дейди у  гўёки, пулни эмас, ерда ётган кераксиз бир тошни олгандек.Ҳолбуки, бу ёшда одам ўз қилмишини идрок этиши, қонунчиликдан бохабар бўлиши керакмасми? Унинг бу гапидан ўғрилик жиноят эканлигини англаш учун яна неча ёшда бўлишингиз керак эди, деб  сўрагинг келади.Иккинчи ўғрилигини сабаби бундан-да қизиқ. Бир қиз билан танишиб, гаплашиб юрган. Судланганини қаллиғидан яширган Толиб тўй тараддудини кўра бошлаган. Йигитнинг нияти жиддий эканлигини билган қиз у ҳақда сўраб-суриштириб, судланганлигини билгач, Толибга рад жавобини берган ва бошқа уни безовта қилмаслигини сўраган. Толиб эса ундан ўч олиш мақсадида, қизнинг уйига кириб 10 миллион сўм пулини, уяли телефонини ўмарган. Қиз ҳам зийрак экан, ўғри севгиси рад этилган ошиқ эканлигини тушунди. Яхшиямки, манзилини биларкан, ички ишлар ходимлари манзил бўйича бориб, “иссиғида” ўғирланган пул ва телефонни ашёвий далил сифатида олишга улгуришди.Ички ишлар  ходимлари жиноятчини “оёғини ерга теккизмай”, тегишли ҳужжатлар, далилий ашёларни тўплаб, ишни судга оширишди. Толиб яна  панжара ортига йўл олди.  Учинчи бор эса :— Отам оғир касал эди. Уни даволаш учун пул керак бўлди. Мен ўғирликка тушган хонадонда 27 минг доллар борлигини билмагандим. Пулларни отамни даволаш ва дори-дармонлар учун ишлатиб юбордим. Аммо отам барибир тузалмади, - дейди гўёки, отам тузалмас экан, нега мен ўғирлик қилиб ўтириб чиқдим, дегандек чуқур хўрсинади. - Мен эса  яна қамалдим.Отасининг бетоблигини важ қилган Толиб гўёки бу билан қилмишини оқламоқчидек. Ҳолбуки, ўз эҳтиёжлари, кайфу сафосига сарфлаган пуллар ҳақида эсламайди ҳам.Кейинги ўғирликларни эса иш тополмаганидан содир этганлигини важ қилган Толиб қамоқхонада бир кун бўлиш нақадар азобли эканлигини, озодликнинг бир дақиқасига арзимаслигини  таъкидлайди.  Агар бу ердан чиқса, зинҳор-базинҳор қинғирликкка қўл урмаслигини, бешинчи бора қамоқхона остонасига қадам босмаслигини, озодликнинг қадрига етиб яшашини қайта-қайта такрорлайди.— Бешинчиси бўлмайди. Бу ерларни елкамнинг чуқури кўрсин, - дейди  у қатъият билан.Толиб қамоқдан қамоққа тушиб, умрининг энг гуллаган даврини ўтказиб юборганидан жуда афсусда эканлигини айтади. Тўрт девор ичида ўтириб, на ота-онасига, на яқинларига яхшилик қилган, на оила қурган ва на дўст орттирган бу кимсага қараб, чуқур ўйга толасан, киши. Машойихларнинг ҳаётда адашиш гуноҳ эмас, уни тузатмаслик гуноҳ, деган гапларини эслайсан. халқимизда кўр ҳассасини бир марта йўқотади, деган нақл бор.  Кўзлари кўриб, оёқлари юриб туриб уни қайта-қайта йўқотаётган Толиблар сингариларни тавбасини эшитаркансан, қалб кўр бўлса, кўрар кўздан не фойда, деган ибора қанчалар тўғри айтилганига шоҳид бўласан.

18 Май 2024 йил

30

Интерактив хизматлар

Text to speech