15 Май 2024 йил 1142

Ички ишлар вазири бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан Тошкент шаҳрининг Сирғали ва Янгиҳаёт туманларида тунги вақтларда ташкил этилаётган ишлар ўрганилди

Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан Тошкент шаҳрининг Сирғали ва Янгиҳаёт туманларида ички ишлар органлари томонидан жамоатчилик билан ҳамкорликда маҳаллаларда хавфсизликни таъминлаш мақсадида тунги вақтларда ташкил этилаётган ишлар ўрганилди.


Аввал хабар берганимиздек, юртимизда криминоген вазиятни яхшилаш ҳамда маҳаллаларда осойишталикни таъминлаш бўйича Давлат раҳбарининг топшириқлари ҳудудларда тизимли равишда ижрога қаратилмоқда.

Ушбу вазифаларни бажарилишини назоратга олиш мақсадида Ички ишлар вазири раҳбарлигидаги идоралараро ишчи гуруҳ томонидан пойтахтнинг Сирғали ва Янгиҳаёт туманларида ички ишлар бўлимлари шахсий таркиби томонидан жамоатчилик билан ҳамкорликда тунги вақтларда ташкил этилаётган хизмат фаолияти ҳамда жамоатчилик ва савдо объектларида хавфсизликни таъминлашга қаратилган ишлар ўрганилди.

Хусусан, Сирғали тумани 2-сонли ИИБда тунги навбатчилик сменасига жалб этилган шахсий таркибнинг хизмати билан танишилди. Ички ишлар бўлимига қарашли маъмурий ҳудудда жойлашган маҳаллаларда жиноятларнинг барвақт профилактикасига қаратилган ишлар тизимли равишда амалга оширилаётгани натижасида, ҳудудда криминоген вазият деярли 30 фоизга яхшилангани эътироф этилди. Шу билан бирга «қизил» тоифада қолаётган «Меҳригиё» маҳалласида муаммоларни янги «ижтимоий профилактика» тизими ёрдамида ҳал этиш зарурлиги бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.

Жараёнда Сирғали тумани «Қурувчилар» маҳалласида ташкил этилган еттилик фаолияти ўрганилди. Таъкидланишича маҳаллада содир этилаётган жиноятлар сони 27 фоизга камайишига эришилган бўлсада, уларнинг айрим турларини ошиб кетишига йўл қўйилгани қаттиқ танқид қилинди. Туманда криминоген вазиятни жиловлаш мақсадида тунги вақтда маҳаллаларда ҳуқуқбузарликни барвақт олдини олиш, ҳисобда турган шахслар, нотинч оилалар ҳамда уюшмаган ёшлар билан «хонадонбай» ва «фуқаробай» иш ташкил этиш ҳамда жиноятларнинг сабаб ва омилларини тизимли ва илмий таҳлиллар орқали аниқлаб, келгусида уларнинг барвақт олдини олиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Тадбир давомида, Янгиҳаёт тумани «Хушнуд» маҳалласида ички ишлар органлари ва маҳалла фаолларининг ҳамкорликдаги фаолияти ўрганилди. Маҳаллада жиноятлар сони кескин камайиб, маҳалла «яшил» тоифага ўтганлиги, ҳудудда криминоген вазиятнинг барқарорлиги таъминланиб келаётганлиги алоҳида таъкидланди. Мазкур ижобий тажрибаларни бошқа туман ИИБларига татбиқ этиш, бунда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва жамоатчилик вакиллари иштирокида криминоген оғир маҳалларга тунги навбатчиликка жалб этилган зарур куч ва воситалар тақсимланиб, аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш, аниқланган муаммоларини жойида бартараф этиш бўйича вазифалар белгилаб олинди.

Текширув давомида ишчи гуруҳ аъзолари Сирғали ва Янгиҳаёт туманларида ташкил этилган «Ҳамкор» махсус гуруҳларининг тунги рейд тадбирлари билан танишдилар. Асосий эътибор, ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда намунавий хизмат ўташ моделларини амалга киритилиши, маҳалларда, кўчаларда ва жамоат жойларида видеокузатув қамрови оширилиши, шаҳар йўлларида хавфсиз ҳаракатланиш, пиёдалар айниқса болалар, ёшлар ва аёллар хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларга қаратилди. Тадбир жараёнида шахсий таркиб томонидан, хизматни тизимли равишда масъулият ва ҳушёрлик билан ташкил этишга қаратилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли топшириқлар берилди ҳамда ижроси назоратга олинди.

Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан тунги хавфсизлик чораларини ўрганиш ишлари бошқа туманларда ҳам давом этмоқда.


©️ИИВ Ахборот хизмати

Барча янгиликлар

Text to speech