Ҳар тонгни хайрли хабарлар билан кутиб олишни истайман. Чунки маҳалла тинч бўлса, уйқуда ҳаловат топасиз. Маҳалла биносига етиб боргунча, нотинч оилалар, ҳуқуқбузарликка мойил ёшлар билан суҳбатлашишни одатга айлантирганман. Имкон даражасида аҳоли билан ака-ука, фарзанддек муомала қилишга интиламан. Орада қанчалик самимийлик кучайса, ишонч ортади.
Бизнинг ишда одамлар ишончи жуда муҳим. Шундагина улар ўзининг хавфсизлигини таъминлашни сўраб бизга мурожаат қилади. Тинч ва осуда ҳаёт, хавфсизлиги кафолатини профилактика инспектори тимсолида кўради. Бунинг учун, аввало, одобу хулқимиз билан шахсий намуна бўла олишимиз керак.
Тажрибамда ҳуқуқбузарликлар оқибати билан эмас, балки унинг содир этилишининг олдини олиш билан курашишга интиламан. Бу ҳаётим мезонига айланган. Шу орқали биз жазоловчи давлат хизматчиси эмас, балки нохуш ҳодисаларни олдиндан кўра оладиган ва ҳуқуқбузарлик содир этишдан қайтарадиган етакчи сифатида намоён бўламиз.
Маҳаллада 3 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. “Еттилик” билан ҳамкорликда олиб борилаётган профилактик ишлар самараси ўлароқ, ҳудудда аҳоли осойишталиги таъминланиб, жиноят содир этилишига йўл қўйилмаяпти. Ҳуқуқбузарлик содир қилишга мойил бўлган шахслар билан доимий равишда суҳбатлар олиб боряпман. Маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда амалга оширилган тадбирлар натижасида ўтган йили 3 та оилада ажралишнинг олди олинди.
Маҳаллада рақамли технологиялар, видеокузатув камераларидан самарали фойдаланилмоқда. Хусусан, ички кўчаларнинг кириш-чиқиш жойларига, мактабгача ва мактаб таълими муассасаларига, тадбиркорлик объектларига, шунингдек, жамоат жойларига 20 та кузатув камераси ўрнатилди. Бу янги тизим маҳаллага келибкетувчи шахслар ва транспорт воситаларини куннинг исталган вақтида назорат қилиш имкониятини яратди.
“Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори асосида янги йилдаги фаолиятимиз бўйича режалар тузиб олдик. “Маҳалла еттилиги” билан ҳамкорликда жиноятчиликнинг барвақт профилактикаси самарадорлигини оширишга қаратилган устувор вазифаларни белгиладик.
Фазлиддин ШУКУРБОЕВ, Миробод туманидаги “Афросиёб” маҳалласи профилактика инспектори
© Газета «Mahalla»,№6 (2334), 2026 йил 24 январь