Янги қурилаётган уйлар учун аҳолидан пул олиб, ўзлаштириб юборган шахслар қидирилмоқда
Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасига фуқаролар ариза билан мурожаат қилиб, янги қурилаётган кўп қаватли уйлардаги хонадонлар учун тўловни амалга оширгани, бироқ, қурувчи томонидан шу кунга қадар хонадонлар топширилмагани сабабли уларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Ўтказилган текширув жараёнида аниқланишича, 1977 йилда туғилган Шарипов Обид Арипович “Мax-house-group” масъулияти чекланган жамиятини ташкил қилиб, ўзининг шериклари 1982 йилда туғилган Осимов Ахтам Аҳмадович ва 1989 йилда туғилган Самандаров Азизбек Алижонович билан бирга бир неча нафар фуқарога нисбатан фирибгарлик ҳолатини содир этган.
Жумладан, О.Шарипов масъулияти чекланган жамият номидан Учтепа ва Чилонзор туманларида қурилаётган кўп қаватли уйлардаги хонадонлар сотилишини маълум қилиб, эълон берган. Бунга қизиққан фуқаролар жамият вакиллари билан учрашиб, уларга хонадонлар учун тўловларни амалга оширган.
Ваҳоланки, ўзларини “тадбиркор қурувчилар” қилиб кўрсатган жамият вакилларининг мазкур кўп қаватли уйларга мутлақо алоқаси бўлмаган.
Улар қурилиш учун ҳеч бир мутасадди ташкилотлардан рухсат олмасдан ва уй қуришга керакли бирон-бир ҳужжатларга эга бўлмасдан, кадастр ҳужжатлари йўқ бўлган хонадонларни сотишни билдириб, алдов йўли билан фуқароларнинг жуда кўп миқдордаги пулларини олишга эришган. Энг ёмони, улар алдов йўли билан олган пулларини шахсий эҳтиёжлари йўлида ўзлаштириб юборган.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми ("Фирибгарлик") билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов жараёнида А.Шариповга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Гумонланувчилар А.Самандаров ва А.Осимовлар терговдан қочиб яширингани сабабли, улар қидирувга берилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси аҳолига мурожаат қилиб, ушбу шахслардан жабр кўрганлар бўлса, қидирувдаги шахсларнинг қаерда эканлиги ҳақида маълумот бўлса, бошқарманинг 71-206-42-28, 71-206-49-46 ёки 102 рақамларига мурожаат қилишни сўради.