24 Феврал 2024 йил 0

ВОЛЕЙБОЛ ўйнанг ва 7 МИЛЛИОН сўм мукофот ютиб олинг!

15 февралдан 20 мартга қадар Тошкент шаҳри маҳалла ёшлари ўртасида волейбол бўйича “Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи кубоги” мусобақаси ўтказилади. 

Мусобақанинг асосий мақсади – маҳаллалардаги уюшмаган ёшлар ўртасида волейбол спорт турини янада оммалаштириш, иқтидорли, туғма истеъдоди бор ёшларни саралаш (селекция) орқали Тошкент шаҳар терма жамоасига номзодларни шаффоф тарзида танлаб олишдир.

Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси, спорт ҳамда мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари, Ўзбекистон волейбол федерацияси Тошкент шаҳар бўлими ҳамкорлигида ўтказилаётган мазкур мусобақада 17-30 ёшдаги йигит-қизлар қатнашиши мумкин.

Фақат спорт мактабларидаги ўқув машғулот гуруҳларида ёки профессионал спорт клубларида спорт билан мунтазам шуғулланувчилар;

халқаро тоифадаги спорт устаси, спорт устаси ва спорт усталигига номзодлар; 

1,2,3-спорт разрядига эга бўлган спортчилар; маҳалла ёшлари етакчилари; 

тренер ва жисмоний тарбия фан ўқитувчилари; маҳалладаги яшаш манзили бўйича доимий рўйхатдан ўтмаганлар; 

мусобақаларида иштирок этадиган ёшлар бир маҳаллада истиқомат қилиб, яшаш манзили бўйича доимий рўйхатдан (мусобақа бошланиш кунидан камида 6 ой олдин) ўтган бўлса, бошқа маҳалла номидан ушбу мусобақада иштирок этиши қатъиян тақиқланади.

Жамоа таркиби 13 нафардан иборат бўлиб, 10 нафар иштирокчи, 1 нафар тренер, 1 нафар жамоа вакили ва 1 нафар жамоа раҳбарини ташкил этади. Хусусан, шаҳар бўйича жами 585 та маҳалладан 560 та ўғил ва 128 та қиз, жами 688 та жамоадан 6 880 нафар ёшлар мусобақада иштирок этиш учун саралаб олинди.

Мусобақанинг биринчи, маҳаллалараро босқичи 15-25 февраль кунлари маҳаллалардан ташкил топган жамоалар ўртасида сектор биринчилиги учун беллашади. Ғолиб жамоа тумандаги секторлараро босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади. Иккинчи, секторлараро босқичи 26 февралдан 5 мартга қадар, учинчи, туманлараро шаҳар босқичи 6-20 март кунлари Юнусобод туманидаги спорт мажмуасида бўлиб ўтади.

Шаҳар босқичида ғолиб ва совриндор бўлган жамоа иштирокчилари Ўзбекистон волейбол федерацияси Тошкент шаҳар бўлими ва ҳомий ташкилотлар томонидан 1,2,3-даражали диплом, медаль ва пул мукофоти билан тақдирланади.

1-ўрин – ҳар бир иштирокчига 7 миллион сўмдан ва кубок;

2-ўрин – ҳар бир иштирокчига 5 миллион сўмдан;

3-ўрин – ҳар бир иштирокчига 3 миллион сўмдан пул маблағлари берилади.


© Gazeta «Mahalla», № 12, 2024-yil 22-fevral

Барча янгиликлар

Text to speech