Рисолат опа тўрт фарзандни ёлғиз ўзи ҳалол меҳнат қилиб вояга етказди. Оилада кенжа фарзанд бўлган Амирхон онасининг суянчи бўлиш билан бирга, марҳум отасининг армонини ушатишга аҳд қилганди. Отаси – Рустамхўжа ака ички ишлар органларида хизмат қилишни орзу қилган, аммо бу ҳаётдан эрта кўз юмган.
Бектемир тумани ИИОФМБ ҳузуридаги Қўриқлаш хизмати 2-тезкор ҳаракатланувчи гуруҳ сафдор ходими, кичик сержант A.Toъраев 2018-йилдан буён соҳада фаолият олиб боради. Унинг учун ҳар бир хизмат куни – синов ва масъулият. Ходимнинг сергаклиги ва тезкорлиги сабаб яқинда бир инсоннинг ҳаёти сақлаб қолинди. Жорий йилнинг 3-январь куни соат 19:20 ларда Бектемир туманидаги «Қўйлиқ» бозори яқинидаги кўприкда маст ҳолатдаги фуқаро ўзини пастга ташламоқчи бўлади. Шу атрофда хизмат ўтаётган кичик сержант АмирхонТўраев ва унинг ҳамкасблари кичик сержант Санжар Қўчқоров ҳамда сафдор АсадиллоҚаҳҳоров зудлик билан ҳаракатга тушишди. Ҳар бир сония ғанимат. Вазият ниҳоятда қалтис эди. Амирхон ва Санжар фуқарони чўчитиб юбормаслик учун сездирмасдан кўприк устига чиқишди. Сафдор АсадиллоҚаҳҳоров эса пастда автомобиллар ҳаракатини тўхтатиб, кўприк устидаги фуқарони чалғитиб турди. Ҳал қилувчи сонияларда кичик сержант A.Toъраев ҳамкасби билан 1987-йилда туғилган ушбу фуқарони чаққонлик билан ушлаб қолишди. Жараёнларда бевосита иштирок этган Бектемир тумани ИИОФМБ ҳузуридаги Қўриқлаш хизмати бошлиғи ўринбосари, капитан Аҳмаджон Абдураҳимов кичик сержант A.Toъраев ҳақида шундай дейди: – Кичик сержант A.Toъраев хизмат вазифасига масъулият билан ёндашадиган, соҳанинг ўзига хос жиҳатларини ўзлаштирган ходимлардан бири. Унинг энг муҳим хислати – мураккаб вазиятларда тезкор ва тўғри қарор қабул қила олишидир. Шу боис ҳар сафар зиммасига юклатилган вазифани профессионал даражада бажаради.
Лавҳамиз қаҳрамони фаолияти давомида бир нечта жиноятларнинг «иссиқ изида» очилишида ҳам жонбозлик кўрсатган. Жумладан, ўтган йилнинг 16-июль куни тонги соат 04:00 ларда Бектемир туманидаги кўп қаватли уйларнинг кириш қисмига ўрнатилган «ташвиш тугмаси»дан хабар тушади. Тезкор ҳаракатланувчи гуруҳ таркибида воқеа жойига етиб борган А. Тўраев профилактика инспектори ва ППХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган кўздан кечириш жараёнида шубҳа остига олинган шахсларнинг ёнидан полиэтилен пакетга ўралган гиёҳвандлик моддаси топилади. Кичик сержант АмирхонТўраев онасининг фахри, марҳум отасининг орзусини амалга оширган асл ўғлон. Зеро, ички ишлар органлари ходими бўлиш – бу шунчаки юмуш эмас, балки ички матонат ва виждон амри билан бажариладиган муқаддас бурчдир.