Мамлакатда барқарорликни таъминлаш ҳудудларда хизмат олиб бораётган профилактика инспекторларининг ўз вазифасига қай даражада ёндашишига, маҳалла фаоллари ва аҳоли билан ҳамкорлигига бевосита боғлиқ. Пойтахтимизнинг Юнус обод тумани «Регистон» маҳалласида жойлашган 547-ички ишлар органлари таянч пункти профилактика инспектори, катта лейтенант Беҳзод Юсупжанов ўзига бириктирилган ҳудуддаги фуқаролар билан мустаҳкам алоқа ўрнатган. – Маҳаллада асосан ерли – 534 та хонадон, яна 3 та кўп қаватли уй бўлиб, уларда 64 та онадон мавжуд, – дейди «Регистон» МФЙ раиси Шуҳрат Болтабоев. – Аҳолининг умумий сони 400 нафардан ортиқ. Ҳудуд унча катта бўлмаса-да, 3 та хусусий мактабгача таълим ташкилоти, бир нечта савдо шохобчалари ҳамда 1 та хусусий шифохона қад кўтарган. Маҳалла икки йилдан буён «яшил» тоифада. Бу мавқени ушлаб туришнинг ўзи бўлмайди. Бунда узоқ йиллар ички ишлар органларида фаолият юритган маҳалла раиси, истеъфодаги полковник Шуҳрат Болтабоевнинг ҳам алоҳида ўрни бор. У мана бир неча йилдирки, ёш ходимга ўз тажрибаларини ўргатиб келмоқда. Профилактика инспектори ҳам соҳавий, ҳам ҳаётий масалаларни ҳал этишда полковникдан ўрганишдан эринмайди. Шунингдек, у ҳар бир ҳуқуқбузарлик ва жиноят қилишга мойил шахсларни ўз вақтида аниқлаш ҳамда улар билан профилактик суҳбат олиб бориш ишларини пухталик билан олиб боради. Яқинда маҳаллада содир этилиши мумкин бўлган бир жиноятнинг олди олинди. Давлат рақам белгисисиз, орқа ва олд ойналари қорайтирилган қора рангли «Gentra» автомашинаси маҳалла ҳудудида пайдо бўлади. Бегона автоулов, боз устига, давлат рақам белгиси йўқлиги фуқаролардан бирида шубҳа уйғотади ва тезда профилактика инспекторига қўнғироқ қилади. Зудлик билан воқеа жойига етиб борган ходим, автомашинага яқинлашади ва шубҳали ҳайдовчининг шахсига аниқлик киритиш мақсадида у билан мулоқотга киришади. У ўзининг кимлигини маълум қилмайди. Юзида қора тиббий ниқоб ва қўлида қора қўлқоп бўлган кимса ўзини бежо тута бошлайди. Ҳушёр ходим тезда патрул-пост ходимларига хабар қилади. Буни кузатиб турган «Gentra»даги кас қочишга тушади. Абжир ва чаққон профилактика инспектори, тезда ўз автоуловида унинг ортидан қувиб етиб, шубҳали шахсни қўлга олади ва воқеа жойига етиб келган ППХ ходимлари билан уни туман ИИОФМБга топширади. Буни қарангки, гумонланувчидан олинган далилий ашёлар жиноят содир этиш учун узоқ вақт тайёргарлик кўрилганидан дарак бериб турарди. Я' ни, холислар иштирокида олинган буюмлар орасида – автомашина юкхонасига яшириб қўйилган давлат рақам белгиси, пичоқлар, арқонлар, скотч, ҳатто аёллар учун мўлжалланган соч париги ва бошқа бир нечта жиноят содир этишда фойдаланадиган нарсалар борлиги маълум бўлди. Олиб борилган суриштирув ишлари натижасида гумонланувчи шахснинг 2000-йил Андижон вилоятида туғилган М.Т. эканлиги аниқланди. У жиноий шериклари билан бировнинг хонадонига кириб, бойлигига эга чиқмоқчи бўлган, аммо мақсадига эриша олмаган. – Катта бир жиноятнинг олди олинди, – дейди маҳалла фаолларидан бири Низомиддин Сиддиқов. – Ашёвий далиллардан маълумки, бу ҳолат содир этилса, каттагина фожиага сабаб бўлиши мумкин эди. Буни ўз вақтида аниқлаб, бартараф этган профилактика инспекторимизга раҳмат. Бизнинг мана шундай ҳимоячимиз борлигидан ғурурланамиз.