23 Апрел 2025 йил 0

“Университет” маҳалласида иш бошлаганимга кўп бўлмади. Шу боис ўтган бир ой давомида ҳудудни тўлиқ ўрганиб, жиноят содир этилиши мумкин бўлган сабабларни аниқладим.

Йигирма мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётган йиғин ҳудудида 16 та кўп қаватли тураржойдан ташқари, Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент давлат техника университети ҳамда ушбу олий таълим муассасаси қошидаги академик лицей, шунингдек, 13 та талабалар тураржойи жойлашган. Кўриниб турибдики, бу ерда ёшлар билан кўпроқ ишлаш керак. Ўрганишлардан маълум бўлдики, Талабалар шаҳарчасининг бир қисмини ташкил этган маҳалламизда талаба-ёшлар фирибгарлар тузоғига тушиб қоляпти. Куни кеча бир талаба онлайн буюртма бериб, алданиб қолгани юзасидан мурожаат қилди. У дастлаб маҳсулотини қабул қилмасдан 100 минг сўм тўловни амалга оширган. “Uzum market” онлайн савдо платформаси ниқоби остидаги фирибгарлар пул тушмаганини айтиб, яна юз минг сўм ўтказишини айтган. Шу билан пул ҳам, буюртма қилинган маҳсулот ҳам йўқ. Афсуски, охирги пайтларда кўплаб ёшлар ҳуқуқий, молиявий ва ахборот технологиялари борасидаги билимлари етарли бўлмагани учун фирибгарларнинг турли хил найранг ларига алданиб қоляпти. Бундай ҳолатлар кўпроқ онлайн буюртма бериш ва иш топиш жараёнида кузатиляпти. Яқинда икки нафар талаба қиз онлайн иш топиб берувчининг ваъдаларига ишониб, ҳар бири олдиндан 200 минг сўмдан пул ўтказиб беришган. Натижада иш ҳам, пул ҳам йўқ. Бугун кибержиноятларнинг турли кўринишлари намоён бўляпти. Фуқароларнинг бундай фирибгарлар тузоғига тушиб қолмасликлари учун аҳоли ва ёшлар билан доимий мулоқотда бўлиб, уларнинг асл сабабларини тушунтириб боряпман. Бироқ тарғибот ва огоҳлантиришларимизга қарамай, айрим фуқаролар юқорида айтганимдек, буборадаги билими етарли эмаслиги, арзон маҳсулотларга ёки ойлик маоши юқорилигига учиб, алданиб қолишяпти. Шу боис бир зум бўлса-да, тарғибот-тушунтириш ишларини тўхтатганимиз йўқ. Бу борада алоҳида телеграм гуруҳи очиб, махсус огоҳлантирувчи видеоқўлланма ва видеороликлар жойлаб боряпман. Аҳоли гавжум жойларга махсус баннерлар ўрнатяпмиз. Бизнинг асосий вазифамиз —ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш ва хавфсиз муҳитни таъминлаш. Шу боис, одамлар гавжум бўладиган жойларга 34 та замонавий видеокузатув қурилмаси ўрнатилиб, Тошкент шаҳридаги Вазиятларни бошқариш ягона маркази ва Маълумотларни қайта ишлаш марказига интеграция қилинган. Шунингдек, Миллий гвардия ва патруль-пост хизмати ходимлари иштирокида тунги навбатчилик гуруҳи ташкил этилиб, хавфсизликни таъминлаш чоралари кўриляпти. Ҳудудда иккита интернет клуб фаолият юритяпти. Кузатишлардан маълум бўляптики, уларга кўпроқ ишсиз, ҳуқуқбузарликка мойил фуқаролар киришади. Республика миқёсидаги жиноятларнинг айримлари ана шундай фаолияти чекланмаган тунги интернет клубларда кузатиляпти. Шу боис уларнинг фаолиятини 23:00 га қадар белгилаш ҳамда қўриқлаш хизматига улатиш таклифини бердик. Бундай “ташвиш тугмасини” жанжалкаш, нотинч оилалар хонадонига ҳам улатиш чораларини кўряпмиз. Бундан ташқари, ҳуқуқбузарлик содир этиш эҳтимоли юқори бўлган фуқароларни аниқлаб, “маҳалла еттилиги” билан муаммоларини ҳал этиш чораларини кўряпмиз. Уйма-уй юриш тизими асосида нотинч оилалар, спиртли ичимликка ружу қўйган, муқаддам судланган, руҳий касалликка чалинган фуқароларни алоҳида тоифаларга ажратиб, улар билан манзилли ишлаяпмиз. Бир сўз билан айтганда, жиноятчилик эмас, унинг олдини олиш билан курашяпмиз. Бу борадаги ишларимизни Президентимизнинг “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгилаб берилган устувор вазифалар ижроси билан уйғунликда олиб боряпмиз. “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, “маҳалла еттилиги”нинг ҳар бирига ўз йўналишлари бўйича маълум вазифалар юклатилган. Энг муҳими, ҳуқуқбузарликларнинг туб илдизини барвақт аниқлаб, бартараф этиш чоралари кўриляпти.

Барча янгиликлар

Text to speech