Сохта трейдер фирибгарлари – бу молиявий бозорларда, яъни фонд бозори, криптовалюталар ва ҳоказалар орқали одамларни алдаб, пул ишлашга ҳаракат қилувчи фирибгарлик туридир. Улар турли хил найранг ва усуллардан фойдаланиб, қўштирноқ остидаги инвесторлар, яъни оддий қилиб айтганда ишонувчан одамларнинг пулларини ўғрилашга ҳаракат қилади.
Хўш, трейдер фирибгарлари қандай ишлайди? Биринчидан, ёлғон ваъдалар беради. Улар тез ва осон фойда олишингиз мумкинлиги ҳақида сўзлаб, юз фоиз кафолатланган даромад ваъда қилади. Иккинчидан, қалбаки платформалар яратадилар. Бу жараёнда фирибгарлар “IT” имкониятларидан фойдаланиб, ўзлари сохта трейдинг платформаларини ишлаб чиқиб, одамларга пул тикиб, фойда олишни таклиф этади. Бошида ҳисобингизга катта миқдорда пул ҳам ўтказиб беради. Ишончингизга кириб бўлгач, ўзлари тузган биржа катировкаларига ўхшаш дастурларни сизга бериб, қайси акцияларни сотиб олиш кераклиги ҳақида маслаҳат бериб боради.
Гўёки ўзларини сиз билан яқин шерикдек тутади. Аммо вақти келиб, сохта платформадаги шунчаки клавиатура орқали кўпайтирилган, гўёки сизнинг пулингиз сифатида тақдим этилаётган сохта рақамлар кўринишидаги пулларни “энди ечиб бер, даромадимни оламан”, деганингизда пулларни ечишга йўл қўймайди. “Сизнинг солиқдан қарзингиз бор экан, Ўзбекистонга пул ўтказиб бўлмаяпти” ёки яна бошқа баҳоналар билан сизни алдаб, аксинча, яна шунча пул берсангиз, икки ҳисса қилиб қайтаришни айтиб сизни алдайди.
Мисол учун, платформадаги ҳисобингизда 5 минг АҚШ доллари бор. Уни ечиб олиб, картангизга ўтказиб бериш учун яна шунча пул сўрайди. Сиз бу пулларни топиб, уларнинг ҳисобига ўтказиб берганингизда алоқани узади. Уларга сиздан ўша 5 минг АҚШ доллари керак эди, холос.
Учинчидан, улар фейк мутахассислар ва гуруҳлар тузиб ишлайди. Хусусан, телеграм, инстаграм ёки бошқа ижтимоий тармоқларда муваффақиятли трейдер сифатида кўринишга ҳаракат қилувчи шахслар ўзларини реклама қилиб, эътиборингизни тортади. Улар одатда ёлғон скриншотлар, сохта даромад ҳикоялар ва рекламалар орқали одамларни жалб қилади. Асосан, ўзлари тўплаган маълумотлар базасидан аҳолининг ёш қатлами ва кекса одамларни танлайди.
Тўртинчидан, қайта алдаш. Бу усул трейдингга пул тикиб алданиб қолган шахсларга нисбатан қўлланилади. Фирибгарлар пулидан айрилган шахслар билан боғланиб, ўзларини “Халқаро арбитаж судидан ёки халқаро адвокатлик бюросиданман”, деб таништиради. “Сиз яқинда алдов қурбонига айландингиз, катта миқдорда пулингиздан айрилдингиз, биз сизга пулларингизни қайтариб олишда ёрдам берамиз”, деб мурожаат қилишади. Бунинг учун давлат божи сифатида 10 фоиз ёки яна бошқа суммани тўлаб беришингизни сўрашади.
Агар сизга шундай хабар келса, билингки, бу ҳам фирибгарликнинг бир тури. Сохта трейдингнинг давоми ҳисобланади. Ўзингиз ўйлаб кўринг, сизнинг трейдингда алданганингизни халқаро ҳуқуқ посбонлари қаердан билади?! Ахир сиз ҳеч кимга ариза билан мурожаат қилмагансиз-ку!
Унутманг, текин пишлоқ қопқонда бўлади. Фейк видеороликларда кўрганингиздек, катта миқдордаги пулни осонгина сизга ҳеч ким бермайди. Аслида бу турдаги бизнес билан маълум молиявий билимларга эга бўлмай туриб, шуғулланиш тавсия этилмайди.
Эҳтиёт бўлинг, фирибгарларга алданиб қолманг!
Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати
© Газета «Mahalla», №30 (2255), 2025 йил 12 апрель