Тошкентда қалбаки 15 минг доллари бўлган эркак ушланган
Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Юнусобод туманида ёнида қалбаки 15 762 доллари бўлган эркак қўлга олинган. Қалбаки валюта унинг “Спарк” автомашинасидан топилган. Бу ҳақда мухбиримиз хабар бермоқда.
Экспертларнинг аниқлашича, 100 долларлик 157та купюра, 10 долларлик еттита купюра ва бир долларлик иккита купюра қалбаки бўлиб чиққан. Тегишли хулоса гумон қилинувчини қонуний жавобгарликка тортиш учун тергов бўлимига топширилган.
Мазкур ҳолат бўйича Жиноят Кодексининг 176 моддаси 3 қисми (қалбаки пуллар, акциз маркалари ёки қимматбаҳо қоғозларни тайёрлаш ва сотиш) бўйича жиноий иши қўзғатилган.
Ҳозирги кунда мазкур жиноятга алоқадор бошқа шахсларни аниқлаш бўйича тезкор-тергов тадбирлари амалга оширилмоқда.
Ўзбекистонда йил бошидан буён жами 53 минг қалбаки доллар, шунингдек, 135 миллион қалбаки сўм мусодара қилинган.
Мустақил экспертларнинг фикрига кўра, қалбаки валютанинг аксарият қисми Ўзбекистонга қўшни давлатлар билан чегара орқали, асосан Қирғизистондан олиб келинади. Кейинчалик пуллар Тошкентга олиб келиниб, осонликча айланмага чиқарилади.
Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистонда хорижий валютани сотиб олиш ва сотиш фақат банклар орқали амалга оширилади. Валюта бойликларини ноқонуний сотиб олиш ёки сотиш учун ўн беш кунгача маъмурий қамоқ, БҲМнинг ўн бараваридан йигирма баравирагача жарима ва валюта бойликларини мусодара қилиш жазоси тайинланади.