5 Сентябр 2024 йил 0

Тошкент шаҳридаги энг яхши терговчи аниқланди

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида “Энг яхши терговчи” кўрик-танлови бўлиб ўтди.

Бош бошқармада хизмат қилаётган ходимларнинг маънавий-ахлоқий савиясини мунтазам равишда ошириб бориш, уларнинг фаолиятини рағбатлантириш, ўз касбининг фидойиларини аниқлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Энг яхши терговчи” анъанавий кўрик-танлови ўтказилгани шу йўналишда амалга оширилган ишларнинг давомидир.  

Танловда Ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги Тергов бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимларида хизмат қилаётган терговчи ва суриштирувчилар ўзаро беллашди.  

Ходимлар жисмоний ва махсус тайёргарлик, касбий билим ва маҳорат йўналиши бўйича синовдан ўтказилди.  

Якуний натижаларга кўра, биринчи ўрин Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги Тергов бошқармаси тергов ва суриштирув фаолиятини ташкил этиш бўлими катта терговчиси, майор Сайфулло Файзиевга насиб қилди.    

Иккинчи ўринни Учтепа тумани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, катта лейтенант Бекжон Кузибаев, учинчи ўринни Мирзо Улуғбек тумани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими тергов бўлими катта терговчиси, катта лейтенант Ситора Раҳимова эгаллади.  

Ғолибларга эсдалик совғалари ва тегишли дипломлар топширилди. Пойтахтнинг энг яхши терговчиси эса республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.    

Н.Абдураимова,  

ЎзА

Барча янгиликлар

Text to speech