15 Апрел 2022 йил 615

Тошкент ИИББ фирибгарликнинг янги усули пайдо бўлгани ҳақида огоҳлантирди

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси пластик карталардан пул ечиб олиш орқали фирибгарлик қилишнинг оммалашаётган янги туридан огоҳлантирди.

Бошқарма хабарида таъкидланишича, сўнгги пайтларда ИИББга ўзгаларнинг пластик карталаридан пул маблағларини ўзлаштиришнинг янги фирибгарлик йўллари ҳақидаги мурожаатларнинг келиб тушиши кўпайиб бормоқда. Хусусан, момаълум шахслар, ўзлари танлаган маълум бир гуруҳ аъзоларига, гуруҳ маъмурлари номидан тасодифий тарзда аниқланадиган “акцияда” ғолиб бўлганлиги ҳақида хабар юборишмоқда. Шундан сўнг, улар пул мукофотини ғолиб бўлган фойдаланувчининг пластик картасига ўтказишга тайёр эканликларига ишонтириб, бунинг учун ҳаволага амал қилишни сўрашади.

1

Бундай ҳаволалар эса Ўзбекистондаги маълум бўлган тўлов тизимларининг сайтларига олиб борувчи ҳаволаларга ўхшашлиги сабабли, кўпчилик фуқароларнинг эътиборсизлиги ва янглишиб қолиши оқибатида салбий ҳолатларга олиб келмоқда.

Тошкент шаҳар ИИББ интернетдан фойдаланувчиларни ҳушёр ҳамда эътиборли бўлишга, турли хил лотереялардаги “тасодифий” ютуқларга ишонмасликка, шубҳали ҳаволаларга кирмасликка ва ўзларини пластик карталарининг маълумотларини киритмасликка чақирган. 

“Айниқса, картангизнинг амал қилиш муддатини кўрсатиш ва SMS орқали келган “тасдиқлаш коди”ни юбориш ҳақидаги сўров шубҳа уйғотиш учун асос бўлади.

Агар ҳозирда сизнинг пластик картангизда пул маблағлари бўлмаса ҳам, маҳфий маълумотларни киритиш, фирибгарлар учун келажакда сизнинг картангиздан ғараз ниятларда фойдаланиб, ҳисобингиздаги барча пулларингизни ечиб олиш имконини беради.

Илтимос, интернет тармоғи орқали Сизга келаётган ҳар қандай хабарлардан огоҳ бўлинг!”, дея огоҳлантирган ИИББ.

Суннатилла Абдуллаев

Барча янгиликлар

Text to speech