Жабрдийда Чилонзор тумани ички ишлар идорасига мурожаат қилди. Бу вақтда ҳамтовоқлар учрашиб, қилган ишларидан мамнун ҳолда 3 миллионлик телефонни 600 минг сўмга сотишга улгуришганди.
Абубакир бир эмас, беш маротаба суднинг “қора курси”сида ўтириб, қилмишлари учун хавфли рецидивист деб топилган. Охирги жинояти учун 1 йил синов муддати белгиланган. Аммо “Букрини гўр тўғирлайди”, деганидек, шунча яратилган имкониятлар, берилган енгилликлардан тегишли хулоса чиқармади. Ҳали синов муддати тугамай, яна жиноятга қўл урди.
Абубакир ўзига ўхшаган бекорчи ва ишёқмас, илгари судланган Жавоҳир, Жаҳонгир ва Нажмиддинлар билан ўзаро тил бириктириб, Чилонзор туманида жойлашган истироҳат боғига ҳордиқ чиқариш учун эмас, ҳордиқ чиқараётганларни тунаш учун боришади. Айлана-айлана соат 22:30 ларда Холбек исмли шахснинг қўлидаги уч миллион сўмлик уяли телефонни кўриб, ундан қўнғироқ қилиш учун бир дақиқага бериб туришини сўрайди. Холбекнинг телефонини олиб, сўзлашиб бўлгач, эгасига қайтариш ўрнига телефонни ҳамтовоғи Жаҳонгирга узатади. У, ўз навбатида, ўлжани олиб қочиб кетади. Холбек ортидан қувгани билан одамлар орасида уни йўқотиб қўяди. Ортига қайтганда Абубакир ҳам жуфтакни ростлаган эди.
Жабрдийда Чилонзор тумани ички ишлар идорасига мурожаат қилди. Бу вақтда ҳамтовоқлар учрашиб, қилган ишларидан мамнун ҳолда 3 миллионлик телефонни 600 минг сўмга сотишга улгуришганди.
– Тергов жараёнида Абубакир айбини тан олмай, ҳатто шерикларини танимаслигига ишонтирмоқчи бўлди, – дейди Чилонзор тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими терговчиси, майор Камолиддин Нарзиев. – Ўша куни у умуман истироҳат боғига бормагани, таниши фалончиникида тунни ўтказганини, бировнинг телефонига зор эмаслигини айтиб, оёқ тираб туриб олди. Шериклари ҳамда жабрланувчи билан юзлаштирилганда юзларига тик қараб, “танимайман, биринчи кўришим” дейишидан ҳамтовоқлари ҳам лол қолишди. Бироқ ўтказилган тергов ҳаракатлари жараёнида унинг айби далиллар билан тўлиқ исботланди ва жиноят иши айблов хулосаси билан судга юборилди.
Жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани судида Абубакирнинг важ-карсонлари ўтмади. Суд жиноятнинг барча иштирокчилари қилмишини қонуний баҳолаб жазо тайинлади. Жавоҳирга уч йилу бир ой, Нажмиддинга икки йилу саккиз ой, вояга етмаганига қарамай, муқаддам жиноят содир этишга улгуриб, судланган ва яна жиноятга қўл урган Жаҳонгирга икки йил, жиноятчиликнинг ҳадисини олган Абубакирга уч йилу беш ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди.
Ўша куни у умуман истироҳат боғига бормагани, таниши фалончиникида тунни ўтказганини, бировнинг телефонига зор эмаслигини айтиб, оёқ тираб туриб олди. Шериклари ҳамда жабрланувчи билан юзлаштирилганда юзларига тик қараб, “танимайман, биринчи кўришим” дейишидан ҳамтовоқлари ҳам лол қолишди.
Нилуфар ИСОХОНОВА,
Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати бошлиғи
© Gazeta «Mahalla», №35 (2173), 2024-yil 4-iyul