30 Май 2022 йил 865

Патруль шаҳар кезади: БЕДОР НИГОҲЛАР

...Кеч соат 19:30. Шайхонтоҳур тумани ИИОФМБ ходимлари навбатдаги йўриқномада саф тортишди. Раҳбарият томонидан тегишли буйруқ ва кўрсатмаларни олган ходимлар соат 20:00да гуруҳ командири, сафдор Д. Қудратуллаев ва у билан хизматга жалб этилган сафдор Ш. Мухторов ўзларига бириктирилган ҳудуд бўйлаб йўлга отланишди.

Осойишталик посбонлари ўзларига бириктирилган ҳудуднинг одамлар кўп тўпланадиган кўнгилочар масканлари, супермаркет ва кўчаларини кўздан кечира бошладилар. Сўнгра кўп қаватли уйлар оралаб кета туриб, эшиклари қулфланмаган, ойналари очиқ ҳолда «Жентра» русумли автоулов турганини кўриб, унинг эгасини чақиртиришди. Автомашина эгаси келгач, бу эътиборсизликнинг оқибати кўнгилсизлик билан тугаши мумкинлигидан уни огоҳлантиришди. Ўз навбатида, фуқаро келгусида бу каби ҳолатга йўл қўймаслигини билдириб, осойишталик посбонларига миннатдорлик билдирди.

ППХ экипажи «Нурафшон» кўчаси бўйлаб кетаётган вақтда йўл четида тўхтаб турган «Матиз» русумли автоулов ичидаги кимсалар ходимларнинг диққатини тортди. Уларнинг шахсини аниқлаш мақсадида ҳужжатлари сўралганида, Сергели туманида яшовчи фуқаролар – 1967 йилда туғилган Б.Д., 1978 йилда таваллуд топган Г.Ю. ва 1982 йилда туғилган М.С. экани маълум бўлди. Ушбу шахслар ҳужжат текшириш жараёнида ўзларининг безовталигини билдириб қўйишди. Буни сезган ходимлар машина салонини холислар иштирокида кўздан кечиришди. Натижада бардачок ичида 2 дона шприцга тортилган жигар рангли, ўткир ҳидли суюқ модда, шунингдек, яна бир дона ишлатилган шприц ва пахта бўлаги борлиги маълум бўлди. Ушбу моддалар шаҳар ИИББ ЭКМ хулосасига кўра, опий экстракти гиёҳвандлик воситаси экани ойдинлашди...

Гуруҳ командири, сафдор Сарвар Пармонов қўл остидаги ходимлар ҳам содир бўлиши мумкин бўлган қатор ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга муваффақ бўлишди. Хусусан, сафдорлар Санжар Мамадалиев ва Ҳикматжон Шерматов ўзларига бириктирилган ҳудудда хизмат ўтаб юрган вақтда, тахминан соат 22:30 ларда 24-уй йўлагида иккита велосипед қаровсиз қолдирилгани устидан чиқишди. Тезда велосипедларнинг эгаларини топиш чораси кўрилди. Маълум бўлишича, улар 1995 йилда туғилган П.Л. ва 2002 йилда таваллуд топган З.К. экан. Ушбу фуқаролар ўз хатоларини тушунди ва бундан кейин велосипедларини эҳтиёт қилишларини билдиришди.

Сафдорлар С.Мамадалиев ва Ҳ.Шерматов намунали ходимлардан. Улар жорий йилнинг ўтган даврида ҳамкорликда 11 та жиноятни фош этишди, 15 та ҳуқуқбузарликни аниқлашди. Жумладан, ушбу ходимлар хизмат олиб бораётган куни тунги соат бирларда рация орқали «Чорсу» деҳқон бозори автотураргоҳида жиноят содир этилгани тўғрисида хабар олинди.

Осойишталик посбонлари зудлик билан воқеа жойига етиб боришди. Аниқланишича, 1988 йилда туғилган фуқаро Р.Н. автотураргоҳ ҳудудидан ўтиб кетаётган Н.М.ни қўлидаги ошхона пичоғи билан қўрқитиб, «RedMi 5+» русумли уяли алоқа телефонини тортиб олади ва воқеа жойидан қочиб кетади. Патруль-пост хизмати ходимлари бошқа ҳамкасблари билан ҳамкорликда гумонланувчини узоққа қочиб кетмасидан қўлга олишди.

...Тун ортда қолиб, бобоқуёш оламни ёрита бошлади. Энди хизматга биринчи босқич ходимлари келади. Тинчлик, осойишталик ва хотиржамликни сақлашда жонбозлик кўрсатаётган юрт посбонларининг фаолияти мана шу дарзда давом этаверади...

Барча янгиликлар

Text to speech