21 Август 2023 йил 591

Озодалик бор жойда...

«Зарқўрғон» маҳалласи пойтахтимизнинг Чилонзор туманининг энг «қайноқ» нуқталаридан бири десак янглишмаймиз. Чунки маҳалла ҳудудида кўплаб савдо шохобчалари, ташкилот ва идоралар ҳамда тиббиёт муассасалари жой олган. Бундан ташқари, «Чилонзор» метро бекати ҳам шу маҳалла ҳудудида.


– Аҳоли сони 5 минг нафардан ошади, – дейди маҳаллада жойлашган 316-таянч пункти профилактика катта инспектори, майор Дилмурод Шерматов. – Бундан ташқари, маҳалла ҳудудидан ўтган кўчада жамоат транспорти қатнови ҳамда метро бекати орқали ҳар куни кўплаб фуқаролар келиб-кетиши эвазига ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик бироз кўпроқ. Лекин биз маҳалла фуқаролар йиғини раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, профилактика инспекторлари, капитанлар Абдурашид Мирзалимов ҳамда Дилшод Фаритовлар билан ҳамкорликда бор куч-имкониятларимизни содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишга қаратганмиз. 

Айниқса, тунги вақтларда қонунбузилиш ҳолатларининг кўпроқ учрашини инобатга олиб, бу пайтда янада сергакликни ошириб хизмат олиб боришга тўғри келади. Бевосита профилактика инспекторларининг саъй-ҳаракатлари билан айнан тунги вақтда бир нечта жиноят «иссиқ изида» очилди. Шу йилнинг 20 февраль куни кечки пайт маҳалланинг хонадонларидан бирида Тошкент туманидан келиб яшаётган В.Ю. исмли аёлнинг хонаси текширилганида, 301 дона «Зардекс» ва 

17 дона «Тропикамид» номли таркибида психотроп модда бўлган препаратлар борлиги аниқланган.

Жиноятларнинг аксарияти айниқса, ўғрилик жиноятлари видеокузатув камералари ёрдамида очилмоқда. Ҳозирда таянч пунктимиздаги компьютерга 30 дан ошиқ камералар интеграция қилинган. Яна 60 та камера уланиш арафасида. Бу бизга ҳудудни бевосита кузатиб туришимизда асқатмоқда. 

– Мен мустақиллик тенгдошиман, – дейди капитан Абдурашид Мирзалимов. – Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетини тугатиб, ички ишлар органларидаги илк фаолиятимни шу туманнинг «Ботирма» маҳалласида профилактика инспекторлигидан бошлаганман. Устозларимдан касб сир-­асрорларини ўрганиб, таж­риба орттирдим. Ҳозирда мазкур маҳаллада ҳам ҳамкасбларим ҳамда маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда хизмат олиб бормоқдаман. Мен истиқлол тенгдоши номига муносиб тарзда мустақиллигимизни янада мустаҳкамлаш ва эл-юртимиз тинчлигини сақлашда ўз ҳиссамни қўшаётганимдан фахрланаман. 

Маҳалланинг кўчалари, кўп қаватли уйлар атрофи тоза-озодалигини кўриб, баҳри дилимиз очилди, демак аҳоли, фаоллар ҳамда профилактика инспекторлари аҳил, жипс экан деган хулосага келдик. Зеро, озодалик бор жойда ободлик ва қут-барака бўлади.


Сарвар СОБИРОВ

© POSTDA – На посту

Барча янгиликлар

Text to speech