Йигирма ёшли Комилжон ҳали 18га тўлмаган Муслимахонни севиб қолди. Икки-уч ой учрашиб юриб, уйланишга қарор қилди. 2023 йилнинг баҳорида Комилжон онасига қизнинг уйига совчиликка боришини айтганида, онаси кескин рад этди. “Уйлангандан кўра ҳунар ўрган, ишла, пул топ, кейин уйланиш ҳақида ўйлайсан. Сенга қўшиб, хотинингни ҳам мен боқаманми, бошимга бало қилиб”, – деди она.
Онасидан хафа бўлган ошиқ, шу заҳотиёқ қиз билан учрашишга келишди ва тунда пойтахтга қочиш таклифини берди. Шуни кутиб тургандек, маъшуқаси ҳам дарров рози бўла қолди. Уйдагиларнинг уйқуга кетишини кутган беқарор ошиқ тунда отасидан қолган “ВАЗ-2106” русумли автомашинани ҳайдаб чиқиб кетди.
Сергели туманидан ижарага уй топиб яшай бошлашди. Машинани эса 3.500.000 сўмга сотиб юборди. Пулига атиги 10 кунгина шоҳона яшаш насиб қилди. Бойвачча “ошиқ” 14 май куни севгилиси билан Яккасарой туманидаги “NЕХТ” мажмуасига айлангани боришди. севгилиси очқаганини айтганда, чўнтагига қўлини тиққан ошиқ, қарасаки, чўнтакда ҳемири йўқ. Овқатланиш тугул ижара уйига етиб олиш муаммо.
Англадики, севги қорин тўйдирмас экан. Муслима эса такрор-такрор “овқатланайлик”, деб қўймасди. Биринчи марта севгилиси кўзига жуда хунук, очофатдай кўриниб кетди. Хаёлига фақат менми, у ҳам пул топсин, деган ўй келди ва аланг-жаланг қилиб, ўриндиқда 300 АҚШ долларилик “Iphone XS” телефонини ўйнаб ўтирган 10 яшар болани мўлжалга олди.
“Маликаси”га бориб, болани алдаб телефонни ўғирлаб келишини айтди. Севги кўзини кўр, қулоғини кар қилиб қўйганмиди ёки очлик ундадими, Муслима болани авраб телефонни қўлга киритди. Шу заҳотиёқ улар шошиб кўчага отилишди. Телефонни яқин дўконга кириб сотишга уринганда, сотувчи йигит уни ўғирланган-ўғирланмаганлиги ҳақида сўрайди ва ҳар эҳтимолга қарши суратга олиб қўйишини айтганда, ошиқ йигит Муслиманинг паспорти йўқлигидан фойдаланиб, қизни суратга олишини, телефон эгаси у эканлигини баҳона қилиб, ўзини кадрдан четга олади. 400.000 сўм ошиқларга бир неча кунга етди холос.
Қандай қилиб пул топиш ҳақида ўйлаётган Комилжон тушкунликка тушиб, пулсиз севгининг умри қисқа эканлиги, бир ўзи-ку амалласа бўлиши, лекин “манави” ошиқча дахмаза эканлиги ҳақида ўйлай бошлади. Ошқозонни алдаб бўлмас экан, ҳатто оташин севги билан ҳам. Комил буни тезда тушуниб етди.
23 май куни тунги сайрга чиққан ошиқлар анча вақт айланиб юришди. Соат 02.00 ларда Комилнинг эътиборини 1995 йилда туғилган Ойбекка тегишли бўлган “ВАЗ-2106” автомашинаси тортди. Бу русумдаги автомашинани илгари ҳайдагани, унинг сир-асрорини билгани учун аста унга яқинлашди. Калит танлаш йўли билан эшигини очиб, ўт олдириш қулфи симларини узиб, бир-бирига улаш орқали ўт олдириб ҳайдаб кетди. У ҳаммасини ташлаб, севгисига ҳам қўл силтаб, иссиқ, юмшоқ, топ-тоза ўрин-кўрпаси, мазалидан-мазали ош-овқати тайёр, пул сўраса жавраб-жавраб бўлса-да берадиган онаси бор қадрдон ота уйига қайтишни режалаштирганди. Бироқ Сергели тумани ИИО ФМБ ППХ ходимлари томонидан тўхтатилиб, ҳужжатлари сўралганда, ўғирлиги фош бўлди.
Жиноят ишлари бўйича Сергели туман суди Комилжонни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси (“Ўғрилик”), 267-моддаси (“Транспорт воситасини олиб қочиш”), 127-моддаси (“Вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш”) да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топди. Унга олти йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинланди.
Муслиманинг эса вояга етмаганлиги, муқаддам судланмаганлиги, биринчи марта жиноят содир этганлиги инобатга олиниб жазодан озод этилди ва яшаб турган жойида профилактик ҳисобга қўйилди.
Ҳар иккиси учун ошиқлик шундай якун топди. Хулоса чиқариш сиздан.
© Газета «Mahalla», №39 (2177), 2024 йил 18 июль