Ватанимизнинг озодликка эришган йилда таваллуд топганлик кишига ўзгача бир ғурур бағишлайди. Учтепа тумани ИИОФМБ ҳузуридаги тергов бўлими катта терговчиси, майор Насрулла Зокиров ана шундай бахтга муяссар бўлган мустақиллик фарзанди.
У орзусига эришиш йўлида ёшликдан мақсадни аниқ қилиб, ҳарбий лицейга ҳужжат топширди. Лицейда ҳарбийликнинг дастлабки кўникмаларига эга бўлиб, билимларини бойитиб борди. Кейин ИИВ академиясига ўқишга кириб, ўзи қизиққан тергов йўналишида таҳсил олди. Тошкент шаҳар Учтепа тумани ИИОФМБ ҳузуридаги тергов бўлимининг терговчиси лавозимида хизматини давом эттирган Насрулла мураббийи – подполковник Анвар Ибодовдан тергов йўналишининг нозик жиҳатларини қунт билан ўрганди.
Кейинчалик соҳада қарийб 35 йилдан буён фаолият юритиб келаётган подполковник Ҳасан Ходжаев ҳам унга устозлик қилди.
– Насрулла ўз устида ишлашдан эринмайди, ҳар бир жиноят иши ортида инсон тақдири ётганлигини ҳис қилган ҳолда тергов ҳаракатларини олиб боради, – дейди пополковник Ҳасан Ходжаев. – Ўтган йили гиёҳвандлик моддаси билан боғлиқ бир жиноятни тергов қилганида маслаҳат сўради. Айблов хулосасини варақлай кўриб: ҳаммаси жойидалигини, бирор бир камчилик йўқлигини айтганимда: «Устоз, барибир сизнинг тажрибангиз катта, янаям пишиқ ва пухта бўлсин учун сизнинг чиғириғингиздан ўтказиб олайин», дея жавоб берганди. Бу эса унинг касбига, устозларга бўлган ҳурматидан далолат.
Насрулла оилали. Турмуш ўртоғи Нодирахон билан тўрт нафар фарзандини вояга етказмоқда.
– Соҳада ўз ўрнимни топишимда устозларимнинг ўрни катта бўлган, – дейди қаҳрамонимиз. – Улар соҳанинг ҳар бир икир-чикирини айтавермайди, балки амалда кўрсатади. Шунинг учун ҳам уларнинг берган ўгитлари ва йўл-йўриқларидан ташқари, қилаётган ишларини синчковлик билан кузатиб, унга амал қилишга ҳаракат қилганман. Шунингдек, ўз устимда тинимсиз ишлаб, устозлардан олган билимим ва тажрибамни соҳага энди кириб келаётган ёш ходимларга ўргатиш орқали зиммамдаги вазифани адо этмоқдаман.