27 Август 2022 йил 624

Мустақиллик менинг тақдиримда: КИМ ЮРТИНИ СЕВСА касбида ҳам унум бўлади

Киши ўз юртини севса, туғилиб ўсган заминга меҳр қўйса, касбида унум, оиласида тинчлик-хотиржамлик бўлади. Мен жонажон Ватанимнинг сўлим гўшаларидан бири, гулларга бурканган диёр – Наманган вилоятида таваллуд топдим. Учқўрғон туманидаги 43-сонли гимназия мактабини аъло баҳоларга битириб, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетига ўқишга кирдим. Олий даргоҳнинг педагогика ва психология йўналишида ўқиб, шу ернинг ўзида ўқитувчилик қилдим.
2018 йилда амалиётчи психологларни ишга қабул қилиш ҳақидаги эълонни ўқиб қолдим. Омадимни синаб кўриш мақсадида Тошкент шаҳар ИИББга ҳужжат топширдим ва танловдан муваффақиятли ўтиб, ички ишлар органлари ходимлари сафидан жой олдим.
Илк иш фаолиятимни Яккасарой тумани ИИОФМБда инспектор-психолог лавозимида бошладим.
Пойтахт миқёсида ўтказилган «Энг намунали оила» кўрик-танловининг финал босқичи ҳамда теннис бўйича «Энг фаол теннисчи ходима» номинацияси ғолиби бўлганман. Шунингдек, заковат интеллектуал ўйинларида, бир қанча тадбирлар, халқаро конференцияларда мунатазам қатнашиб келаман. Хусусан, Қуролли Кучлар Академиясида «Қуролли кучларимизнинг 30 йиллиги»га бағишлаб ўтказилган халқаро конференцияда ўзимнинг илмий маърузам билан қатнашиб, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланганман.
Бевосита хизматимга тўхталадиган бўлсам, ходимларнинг руҳияти, ички дунёқараши, хулқи, садоқати, хизмат вазифасидаги ютуқ ва камчиликларни кўра билиш ҳамда янги ишга қабул қилинган ходимларнинг мослашув жараёнига кўмаклашишда психолог сифатида вазифамни бажариб келмоқдаман. Айниқса, жамоадаги салбий ва ижобий муҳитни аниқлай олиш, қизиқарли семинар- тренингларни ташкиллаштириш, маърузалар орқали ходимларнинг психологик билимларини ошириб бориш, индивидуал психологик ёрдам кўрсата олишда ҳам бор имкониятимни ишга солиб хизмат қилмоқдаман.
Ҳозирги кунда мустақил тадқиқотчи сифатида ички ишлар органларида психологик хизмат соҳасини янада ривожлантириш мақсадида илмий иш билан шуғулланмоқдаман. Ушбу илмий фаолиятим натижаси ўлароқ, ходимларга психологик ёрдам кўрсата олишда инновацион ёндашувлар кенг қўлланилишини мақсад қилганман.

Сайёра ҚОДИРОВА,
Яккасарой тумани ИИОФМБ психологик таъминлаш гуруҳи катта психологи, катта лейтенант.

© POSTDA – На посту

Барча янгиликлар

Text to speech