2 Август 2025 йил 0

Маҳаллалар ишсизликдан, камбағалликдан, оилавий ажралишлардан холи ҳудуд бўлади

Президентимиз ташаббуси билан камбағалликни қисқартириш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, бандликни таъминлаш, ижтимоий ҳимоя, фуқароларга ўз қобилиятини юзага чиқаришга кўмаклашиш борасидаги барча саъй-ҳаракатлар айнан маҳалла даражасида ташкил этилаётгани бежиз эмас. Зотан, маҳалла фаоллари ҳудуддаги қайси оиланинг қандай шароитда яшаётгани, кимнинг нимага муҳтожлигини яхши билади.
Жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида амалга оширилган ишлар таҳлилига назар ташласак, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ташаббуси, “маҳалла еттилиги” саъй-ҳаракатлари билан соҳада қатор ижобий ўзгаришларга эришилгани ойдинлашади.
Эътибор беринг, ўтган давр мобайнида маҳаллани ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш бўйича 2,4 миллион нафар ишсиз аҳоли даромадли меҳнат билан таъминланди.

Ҳозирда 1 525 та маҳалла ишсизликдан холи ҳудудга айлантирилди. Мисол учун, пойтахтимизнинг Бектемир туманидаги “Роҳат” маҳалласи хизмат кўрсатиш ва савдога ихтисослашган. Бу ерда 4 минг нафар аҳоли яшайди.
Бандликни таъминлаш бўйича янги тизимга мувофиқ, банклар иштирокида маҳалланинг ички имкониятлари юзага чиқарилмоқда. Юзга яқин аҳоли ишга жойлаштирилган, 256 нафари ўзини ўзи банд қилган, 13 нафари тадбиркорлик фаолиятини бошлаган. Иккита ишлаб чиқариш корхонаси, ўнлаб савдо ва маиший хизмат шохобчалари одамларга қулайлик яратмоқда.
Инсон ҳар доим яхши яшашга, фаровон турмуш кечиришга, бировдан кам бўлмасликка ҳаракат қилади. Баъзан бунинг учун унга озгина эътибор, рағбат ва туртки керак бўлади. Зотан, камбағалликдан чиқиб кетиш учун энг муҳим омил — инсоннинг интилиши, ўз кучига таянган ҳолда, олдига аниқ мақсад қўйишидир. Бу борада маҳалла фаоллари ташаббус кўрсатяпти, одамларни меҳнат қилишга, ўз ҳаётини яхшилаши учун ҳаракатга чорлаяпти.
Рақамларга эътибор қаратсак, маҳаллани камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш бўйича 1,2 миллионта оила хатловдан ўтказилиб, “маҳалла еттилиги”нинг коллегиал қарорига асосан, 595 мингта оила “Камбағал оилалар реестри”га киритилди. Шунингдек, 1 миллион 76 минг нафар камбағал оила аъзолари билан ишлаш бўйича индивидуал режалар ишлаб чиқилди.
Вобкент туманидаги “Хўжаҳайрон” маҳалласида яшовчи, “Камбағал оилалар реестри”да турувчи Мақсуда Алиева ҳоким ёрдамчиси тавсияномаси билан 33 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, томорқа ерида иссиқхона барпо қилди. Бу хонадон экин ерида “Сайхунобод тажрибаси” асосида сабзавот-полиз маҳсулотлари етиштирилиб, йилига 50 миллион сўм атрофида даромадга эришилаётгани бир оила учун катта ютуқ, албатта.
Қачонки, ҳар бир маҳалла жиноятчиликдан холи ҳудудга айланса, хавфсиз яшаш ва ишлаш муҳити ҳукмрон бўлса, бундай жойда ривожланиш, келажакка интилиш, яхши яшашга ишонч бўлади. Тадбиркорлик, янги-янги ташаббуслар ҳаётга татбиқ этилади.

Шу маънода жорий йилнинг ўтган даврида маҳаллани жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш бўйича “қизил” тоифадаги 1 350 та йиғинда тизимли ишлар амалга оширилди. Профилактик ҳисобда турган шахсларнинг 27 мингдан зиёди “еттилик”ка, 22 мингга яқини кўчабошига, 13 мингдан ортиғи нуронийларга бириктирилди. Амалга оширилган ишлар натижасида 5 584 та маҳалла жиноятчиликдан холи ҳудудга айланди.
Мисол учун, Шайхонтоҳур туманидаги “Янги Камолон” маҳалласида аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, жиноятларнинг олдини олиш мақсадида профилактика инспектори хонасида ситуацион марказ ташкил этилган. Унга кўп қаватли уйларнинг йўлакларидаги кузатув камералари ва ички ишлар тизимининг хавфсизлик дастурлари боғланган. Бу йил маҳаллада биронта жиноят бўлмаган.
Маҳалла азалдан оила муносабатларида муҳим ўрин эгаллаб келган. “Еттилик” вакиллари кейинги пайтда оилавий ажралишларнинг олдини олиш бўйича самарали иш олиб бормоқда.
Буни жорий йилнинг олти ойи давомида ажралиш ёқасига келиб қолган 70 минг 430 та оила яраштирилгани, ажралишлар сони камайгани ҳам кўрсатиб турибди. Жараёнда маҳаллани оилавий ажралишдан холи ҳудудга айлантириш бўйича аниқланган хотин-қизлар муаммоларидан 714 мингтаси ҳал этилди, 250 минг нафарга яқин аёлга ёрдам кўрсатилди. Натижада 5 019 та маҳалла оилавий ажралишдан холи ҳудудга айланди.

Умуман олганда, бугун маҳаллаларда йўлга қўйилган ижобий тажрибалар, “еттилик” тизимининг самарали фаолияти ўлароқ, ҳар бир ҳудуд обод ва хавфсиз масканга, ишсизлик, камбағаллик, оилавий ажралишдан холи ҳудудга айланиб боряпти. Айниқса, ҳамжиҳатликда амалга оширилаётган ишлар натижаси оилалар фаровонлиги, мустаҳкамлиги, одамларнинг эртанги кунига ишонч билан яшаётгани, янги-янги ташаббусларни илгари сураётгани мисолида янада яққолроқ намоён бўляпти. Ўйлаймизки, бу борадаги саъйҳаракатлар туфайли мавжуд 9 008 та маҳалланинг ҳар бирига файз ва барака кириб боради.

© Газета «Mahalla», №57 (2281), 2025 йил 16 июль

Барча янгиликлар

Text to speech