Орифжон таксига ўтирар экан, аввалдан ўғрилик қилиш фикри туғилганмиди ёки бозор айланиб юриб, очиқ дўконни кўрганида ўғриликка жазм қилдими, билиб бўлмайди. Лекин унинг аввал талончилик жинояти, кейин етти марта ўғрилик жинояти учун турли муддатларга озодликдан маҳрум қилинганини ҳисобга олсак, масала ойдинлашади.
У ўзини ҳайдовчи Муроджонга Тошкентнинг катта бозорларидан бирида матолар олиб келиб, улгуржи савдо қиладиган “тадбиркорларданман”, деб таништирди. Муроджонга нима, ким бўлишидан қатъий назар, келишилган йўлкирани берса бўлди-да! Машинага ҳам фарқи йўқ, амалдор ўтирадими, деҳқонми?..
Қаҳрамонимиз 2023 йил 12 август куни соат кундузги бирларга яқин бозорнинг савдо мажмуаси расталарида айланиб юриб, Арабжонга тегишли дўкон очиқлигини, ичида ҳеч ким йўқлигини кўриб, атрофга зимдан разм солди. Бозорда биров билан бировнинг иши йўқ. Аста эшикка тиргаб қўйилган – дўкон ёпиқлигини билдирувчиm ёғочни олиб, ичкари кирди. Стол устидаги касса ёнида нархи 3 миллион сўмлик “VIVO” ва ҳар бири 2 миллион сўмлик икки дона “Redmi-8” телефонини чўнтагига солиб, Муроджонни чақирди. Унга телефонларни машинага элтиб қўйишни айтганида Муроджон дабдурустдан: “Ака, сотиб олдингизми ёки...”, оғзидаги гапи тугамай“ Менга қара, сен ишимга аралашма, олиб бориб машинангга қўйиб тур, мен бироздан кейин бораман. Туя кўрдингми, йўқ. Қўрқма, ўзим жавоб бераман!”, деди жаҳл билан.
Муроджон иккиланди, аммо йўловчисининг буйруқона оҳангига бўйсуниб, телефонларни чўнтагига солганча индамай кетди. Ўша пайт унинг индамай кетгани уч кун ўтиб қимматга тушди.
– Айбланувчини дўконларнинг бирига ўрнатилган видеокузатув камераси орқали топиш осон бўлди, – дейди Чилонзор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими катта терговчиси, капитан Сардор Махсатуллаев. – Албатта, у қамоқда ўтириб орттирган “тажрибаси”га таяниб, турли важ-карсонлар билан айбини тан олмасликка уринди. Бироқ видеотасвирларни сохталаштириб бўлмайди. Келтирилган асосли далиллар олдида айбини тан олишдан бошқа чораси қолмади. Бироқ Муроджоннинг ҳам қилмишини оқлаб бўлмайди. Молнинг ўғриланганини била туриб, лоқайдлик қилгани уни суднинг қора курсисига етаклади.
Жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани суди 1999 йилда туғилган, муқаддам судланмаган Муроджонни Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми “В” банди (“Ўғрилик”) билан айбли деб топди. Унинг қилмишига пушаймонлиги, айбига иқрорлиги, тергов жараёнида жиноятни тўлиқ фош қилишда ҳамкорлик қилгани инобатга олиниб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда, 2 йилга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилди.
1997 йилда туғилган, муқаддам бир неча бор судланган Орифжон эса Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” банди (“Ўғрилик”) билан айбли деб топилиб, 5 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинди.
Орифжоннинг бу сафар қилмишларига тавба қилиб, тўғри йўлни танлаш ҳақида жиддий ўйлаб кўришга вақти етарли. Зора умрининг аксарият қисми қамоқда ўтаётганига ачинсаю, қатъий хулосага келса...
Нилуфар ИСОХОНОВА,
Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати бошлиғи.
© Газета «Mahalla»,№62 (2200), 2024 йил 10 октябрь