Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасида ҳамкорлик
Пойтахтимизда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасида ҳамкорлик қилиш мақсадида Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ва GROSS суғурта компанияси ўртасида меморандум имзоланди.
Ҳайдовчилар хабардорлигини ошириш, уларнинг светофор ва тезлик меъёрларига риоя қилишларини тарғиб қилиш ҳамда бунинг натижасида пойтахт йўлларида бахтсиз ҳодисаларни камайтириш учун имзоланган меморандум “Хавфсиз ҳаракат” ижтимоий лойиҳасини амалга оширишга қаратилган.
“Хавфсиз ҳаракат” йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ижтимоий лойиҳа бўлиб, унда хавфсиз пиёдалар ўтиш жойларини ташкил этиш, ҳайдовчиларнинг светофор ва белгиланган тезлик меъёрларига риоя этиши, транспорт воситалари йўловчиларининг хавфсизлигини таъминлаш каби йўл ҳаракати муаммоларига эътиборни жалб қилишга доир қатор тадбирлар ўрин олган.
– Деярли ҳар куни йўл-транспорт ҳодисаларининг оқибатлари билан тўқнаш келамиз, – деди Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи, полковник Рафиқжон Жалилов. – Биргина жорий йилнинг 9 ойи давомида Тошкент шаҳрида 914 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган. Бундай ҳодисаларнинг аксарияти йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаслик билан боғлиқ. Шу сабаб биз GROSS суғурта компаниясининг “Хавсиз ҳаракат” қўшма ижтимоий лойиҳаси бўйича ташаббусини қўллаб-қувватлаймиз. Чунки таҳлиллар шуни кўрсатдики, бахтсиз ҳодисаларнинг кўпчилиги йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмасликдандир. Ҳамкорлик ҳайдовчиларнинг масъулиятини оширади, билимини мустаҳкамлайди ва пировардида, биз кўраётган бошқа чора-тадбирлар қаторида йўл-транспорт ҳодисалари сонини камайтиради.
Ҳайдовчилар ўртасида автомобиль ҳайдаш маданиятини юксалтириш “Хавфсиз ҳаракат” лойиҳасининг асосий мақсадларидан биридир. Шунинг учун ҳам виждонли ҳайдовчиларни рағбатлантириш лойиҳанинг ўзига хос жиҳати ҳисобланади. Хусусан, йил давомида йўл ҳаракати қоидаларини бузмаган ёки бахтсиз ҳодиса содир этмаган ҳайдовчилар лойиҳа ташкилотчиларидан миннатдорчилик мактубларини оладилар ва алоҳида шартлар асосида ихтиёрий автомашина суғурта полисини аҳамиятли даражадаги чегирма билан қўлга киритишлари мумкин бўлади.
–Биз суғурта шартномалари шартлари бўйича ўз мажбуриятларимизни виждонан бажарамиз, автомобиль эгаларига ҳар қандай бахтсиз ҳодиса натижасида юзага келган моддий йўқотишларни қоплашда ёрдам берамиз, –деди GROSS суғурта компанияси бошқаруви раиси Отабек Назаров. – Аммо, кўпинча, автоҳалокатлар нафақат моддий зарар, балки кишиларнинг ўлимига ҳам олиб келишини эътиборга олмай қўёлмаймиз. Шунинг учун, суғурта компаниямиз моддий йўқотишларни қоплашдан ҳам узоқроқни кўзлашга, йўлларда содир бўлаётган ўлим ҳолатларини камайтириш учун ҳисса қўшишга қарор қилган.
–Лойиҳа ҳамкори билан биргаликда “Узум маркет” компанияси томонидан пиёдалар учун шоппер ўйлаб топилди ва ишлаб чиқарилди, – деди Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати раҳбари Нилуфар Исахонова. – Шопперда пиёдалар ўтиш белгиси ва ўзида ёруғликни акс эттирувчи жиҳатлар мавжуд бўлиб, бу пиёдалар йўлларда, айниқса, тунги вақтлар давомида янада аниқроқ кўриниб туришига ёрдам беради.
Шунингдек, лойиҳа доирасида www.xavfsiz-harakat.uz веб-сайти, Instagram, Facebook ижтимоий тармоқлари, Телеграм мессенжерида махсус саҳифалар каби ахборот платформалари яратилди. Бу манбаларда лойиҳа ҳақидаги барча сўнгги маълумотларни олишингиз, шунингдек, йўл ҳаракати қоидалари бўйича билимингизни синовдан ўтказишингиз, йўл-транспорт ҳодисаларида жабрланган инсонларнинг ҳикоялари билан танишишингиз, шаҳар йўлларидаги долзарб муаммолар юзасидан сўнгги янгиликлар ва улар қандай ҳал қилинаётгани ҳақида билиб бориш мумкин.