Бугунги кунда интернет тармоғи орқали содир этилаётган жиноятлар фуқароларимизнинг соддалиги, ишонувчанлиги, шунингдек, киберхавфсизлик соҳасида етарли билимга эга бўлмаганликлари оқибатидир. Шу боис телекоммуникация тармоқлари ва алоқа каналларида киберхавфсизликни таъминлаш масаласи ҳам долзарблашмоқда. – Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида ИИОФМБ Навбатчилик қисмига ўзини гўёки банк, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи давлат органлари, суғурта ёки мобил алоқа компаниялари ходими сифатида таништириш орқали фирибгарлик ҳаракатларини амалга оширишга уринган шахслар ҳақида 165 дан ортиқ хабар келиб тушган, – дейди Яккасарой тумани ИИОФМБ ҲПБ Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятчиликнинг олдини олиш бўлинмаси инспектори, лейтенант Атҳам Мамаюсупов. – Ушбу мурожаатлар асосида 144 та жиноят иши қўзғатилган бўлиб, шундан 56 таси «иссиқ изида» фош этилган. Ушбу ҳолатлар таҳлил қилинганда, ҳақиқатан ҳам, фирибгарлар асосан рус тилида мулоқот қилиб, телеграм ва бошқа ижтимоий тармоқлар орқали қўнғироқларни амалга ошириб, фуқароларга психологик босим ўтказиш орқали ўзларининг ғараз мақсадларига эришган. Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, жорий йилнинг 2 апрель куни фуқаро S.R. туман ИИОФМБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб, номаълум шахс инстаграм ижтимоий тармоғи орқали косметика буюмларини етказиб беришини айтиб, 1050000 сўм пулларни ўзлаштириб олган ва ваъдасини бажармай ғойиб бўлган. Мазкур ҳолат юзасидан олиб борилган тезкор суриштирув ишлари натижасида ушбу жиноятни Sh.Yu. содир этганлиги аниқланди. Бўлинма ходимлари томонидан ҳудуддаги барча ижтимоий соҳа объектларига ташриф буюрилиб, айниқса, катта ёшдаги фуқароларга фирибгарлар амалга ошираётган ҳаракатлар тушунтирилиб, найрангбозларнинг тузоғига тушиб қолишнинг олдини олиш бўйича керакли тавсиялар берилмоқда. Бундан ташқари, тарғибот тадбирларининг самарадорлигини янада ошириш мақсадида мавжуд 21 та маҳалла фуқароларини ўзида жамлаган телеграм мессенжери каналлари ташкил этилиб, сўнгги вақтларда содир этилаётган кибержиноятлар ҳақида маълумотлар, видео, аудио ва бошқа тарғибот материаллари гуруҳларга жойлаштириб борилмоқда. Хулоса ўрнида номаълум рақамдан қўнғироқ қилинганида, ҳушёрликни ошириб, унинг кўрсатмаларига амал қилмаслик, шахсий маълумотларни асло бегоналарга бермаслик ва ҳеч қачон олдиндан пул тўлов қилмасликни тавсия қиламиз. Шундагина хавфсиз ва хотиржам бўласиз.