Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026-йил 5-январдаги «Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ:
2026-йилда криминоген вазияти оғир маҳаллалар – туман (шаҳар) ҳокимлари, прокурорлари ҳамда ички ишлар органлари бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарларига; беш йилдан буён «қизил» тоифада бўлаётган маҳаллалар – Миллий гвардиянинг ҳудудий бошқармалари бошлиқлари, вилоят даражасидаги ички ишлар органлари раҳбарларининг ва ҳокимларнинг ўринбосарларига; уч йилдан буён «қизил» тоифада қолаётган маҳаллалар – ҳуқуқ-тартибот идораларининг таълим ва илмий ташкилотларига; криминоген вазияти энг оғир туман ва шаҳарлар – вилоятлар даражасидаги прокурорларнинг ва ички ишлар органлари раҳбарларининг биринчи ўринбосарларига бириктирилади. Маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш йўналишида амалга оширилган ишлар ва уларнинг натижадорлиги ҳар ой якунида – вилоят прокурорлари ва ички ишлар органлари бошлиқлари ҳузурида, ҳар чорак якунида Ички ишлар вазири ва Бош прокурор ҳузурида тегишли вилоят ва республика раҳбарлари иштирокида танқидий муҳокама қилинади. Ички ишлар вазирлиги томонидан 2026-йил якунига қадар фуқароларнинг ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги оғзаки мурожаатларини соҳа ва ҳудудидан қатъий назар, ички ишлар органлари ходимларининг хизмат планшетлари орқали реал вақт режимида ягона тартибда қабул қилиш ҳамда тегишлилиги бўйича тезкорлик билан муносабат билдириш амалиёти йўлга қўйилади. 2026-йил 1-ноябрга қадар фуқаролар томонидан маҳалла профилактика инспекторлари билан онлайн мулоқот қилиш, фото, аудио, видео ва ташвиш хабарларини юбориш, шунингдек, уларнинг фаолиятига баҳо бериш имкониятини берувчи «Менинг инспекторим» мобил иловаси ишлаб чиқиш ва оммалаштириш чоралари кўрилади. Манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2026-йил 1-майга қадар «Э-ижтимоий профилактика» ахборот тизимининг «Э-низоли оила» модули жорий этилиб, ушбу модул судлар ўртасида тўғридан-тўғри интеграция қилинади. 2026 - йил 1 -июлг а қадар бошқа ҳудудларнинг криминоген вазият оғир ва мураккаб маҳаллаларида ҳам маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари фаолияти йўлга қўйилади.