11 Июн 2025 йил 0

“Хавфсиз оила“. Қўрғон мустаҳкам бўлса

Бахтли оилалар туфайли бахтиёр жамият шаклланади. Чунки ўзаро меҳрли ота-оналарнинг фарзандлари ҳам бир-бирига меҳрибон бўлади. Агар оилаларда парокандалик бўлса, жамиятнинг ҳам тинчи йўқолади.

Тошкент шаҳар тажрибаси тариқасида пойтахт ҳокимлиги ҳамда шаҳар ИИББ ва тегишли идоралар ҳамкорлигида «Хавфсиз оила» концепцияси доирасида қабул қилинган лойиҳа асосида ишчи гуруҳ ташкил этилган.

Лойиҳа доирасидаги тадбирлар давомида туманлар кесимида носоғлом турмуш тарзини кечираётган, ишсиз, муайян касб-корга эга бўлмаган, ижтимоий-маиший муаммолар ечимига муҳтож оилалар ўрганилиб, 15 та оила ва уларнинг 50 га яқин фарзандлари билан манзилли ишлар олиб борилмоқда.

Бир ой давомида ушбу оилаларнинг муаммолари ўрганилиб, психологик портретлари асосида руҳий, ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Қизиқиши ва лаёқатига кўра касб-ҳунарга ўқитишга, спорт тўгаракларига жалб этилган.

Оила аъзоларининг маданий ҳордиқ чиқаришларига ҳам алоҳида урғу берилмоқда. Бу каби тадбирлар уларнинг бир-бирларини яхшироқ тушунишлари, ришталарнинг мустаҳкамланишига омил бўлади.

Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад ҳам оилаларнинг тўлақонли, бахтли, ўзаро аҳил ва тотувликда яшашлари, фарзандлар тарбиясида фаол ибрат бўлишлари ва соғлом ҳаёт кечиришларига қаратилган.

©️ “Postda” газетаси, Сарвар Собиров, Тошкент шаҳри.

Барча янгиликлар

Text to speech