Давлатимиз раҳбарининг Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Қўриқлаш хизматига ташрифи , соҳадаги туб ислоҳотлар ва рақамли технологияларнинг татбиқ этилиши билан яқиндан танишгани соҳани тўлиқ рақамлаштириш ҳамда «Хавфсиз шаҳар» концепциясини янги босқичга олиб чиқишда муҳим қадам бўлди. Президентимизга намойиш этилган янгиликлар соҳанинг келажагини белгилаб берди. Эндиликда ушбу хизматдаги ахборот таҳлил ва мониторинг маркази орқали минглаб хонадонлар ва давлат объектлари замонавий ахборот технологиялари ёрдамида қўриқланмоқда.
– Тизимда инсон омили камайтирилиб, тезкорлик юксак даражага кўтарилди, – дейди Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Қўриқлаш хизмати бошлиғи ўринбосари, подполковник Музаффар Тилапов. – Ходимларимиз аваллари маънан эскирган ускуналар орқали хизмат олиб боришарди. Бу эса ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни аниқлашда бирмунча қийинчликларни юзага келтирарди. Кейинги йилларда Президентимизнинг соҳага қаратаётган алоҳида эътибори туфайли замонавий техника ва технологиялар асосида ишлар ташкил қилинмоқда. Агар илгари бундай замонавий техникалар асосан хориждан қиммат нархларда олиб келинган бўлса, бугунги кунда улар ўзимизда маҳаллийлаштирилиб, анча арзон нархларда ишлаб чиқарилмоқда. Ҳозир тизим тўлиқ рақамлаштирилган бўлиб, ҳар бир хабар онлайн қайд этилади. «Ташвиш» хабари автоматик тарзда энг яқин экипажнинг планшетига йўналтирилади. Бу сониялар ичида қарор қабул қилиш имконини беради. Янги замонавий интеграллашган тизим аввалгилардан фарқли ўлароқ, ҳар бир инсон ўз смартфонидаги мобил илова орқали уйини назорат қилиши ёки хавф туғилганда, биргина тугмани босиб ёрдам чақириши мумкин.
Тизим нафақат ўғрилик, балки ёнғин ёки сув тошиши каби ҳолатларни ҳам масофадан аниқлаб, мониторинг марказига хабар беради. Мисол учун оладиган бўлсак, жорий йил 10-январ куни соат 05:38 да Миробод туманидаги дўконлардан биридан «ташвиш» хабари келади. Тезкор ҳаракатланувчи гуруҳ атиги 5 дақиқада етиб бориб, пичоқ билан қуролланган 1979-йилда туғилган шахсни қўлга олади. Ходимлар нафақат «ташвиш тугмаси» орқали воқеа жойига йўналтирилади, балки улар ўзларига бириктирилган ҳудуд бўйлаб хизмат олиб боради ва шубҳали кўринган ҳар қандай ҳолатни беэътибор қолдиришмайди. Хусусан, 10-январ куни бир жиноят «иссиқ изида» фош этилди. Яъни, соат 18:20 ларда Бектемир тумани ИИОФМБ ҳузуридаги Қўриқлаш хизмати ТҲГ ходимлари ўз йўналишлари бўйича хизмат ўтаб юрган вақтида, кўчада шубҳали ҳаракат қилаётган фуқарони тўхтатишади. Текширув натижасида муқаддам судланган Т.Ж. исмли шахс ёнидан 19 дона пакетга жойланган гиёҳвандлик моддалари топилган. Бугун қўриқлаш хизматидан фойдаланиш ҳар қачонгидан ҳам қулай. Яъни, «1131» қисқа рақамига қўнғироқ қилишининг ўзи кифоя. Фуқаро ўз хонадони ёхуд тадбиркорлик субъектига тегишли объектни қўриқлаш хизматига топшириш учун ушбу қисқа рақам орқали ёки ҳудудий қўриқлаш хизматига мурожаат қилади. Мурожаат асосида ҳудудий қўриқлаш хизмати ходимлари объектни ўрганиб чиқади ҳамда тегишли аризани расмийлаштиради. Ариза асосида қўриқлаш хизмати ходимлари томонидан замонавий қўриқлаш техник воситалари бепул ўрнатилиб, тизимга уланади. Хонадон ёки тадбиркорлик субъектига ўрнатилган қўриқлаш воситаларидан ташвиш тугмаси босилганда, шунингдек, магнит-контакт датчиклари ёки ҳаракат датчикларидан сигнал келиб тушганда, тизим автоматик равишда хабарни қабул қилади ва уни мониторинг марказига узатади. Ушбу хабар асосида мониторинг маркази ходими воқеа жойига тезкор ҳаракатланувчи гуруҳни йўналтиради. Тезкор ҳаракатланувчи гуруҳ планшетига ташвиш сигнали ва геожойлашув маълумотлари келиб тушади ҳамда навигация орқали энг қисқа йўналиш бўйича воқеа жойига етиб борилади. Бунда мониторинг маркази тезкор ҳаракатланувчи гуруҳ экипажини салон ва ташқи замонавий видеорегистраторлар, шунингдек, бодикамера орқали реал вақт режимида кузатиб туради. Зарурат туғилганда, вазиятга тўғри баҳо берилиб, қўшимча куч ва воситаларни зудлик билан юбориш имконияти мавжуд. Соҳанинг тўлиқ рақамлаштирилгани ва инсон омилининг камайтирилгани «Хавфсиз шаҳар» концепциясини амалдаги воқеликка айлантирди. Янги даврнинг замонавий технологиялари эса ана шу осойишта ҳаётнинг энг мустаҳкам ва ишончли гарови бўлиб хизмат қилаверади.