Исм умр бўйи инсонга йўлдош бўлади. Шу боис ҳар бир ота-она боласига чиройли ва маъноли исм қўйишга алоҳида эътибор қаратади. Улар исм фарзандига руҳий куч бағишлашига, унда масъулият ва ишончни мустаҳкамлашига ишонишади.
Пойтахтимизнинг Яшнобод тумани «Арғин» маҳалласида истиқомат қилувчи Козимжон ҳам оиласининг тўнғичи, паҳлавондай ўғлига Муҳаммад Али деб исм қўйгани бежиз эмас эди. У фарзанди келажакда машҳур боксчи Муҳаммад Али каби куч-қувватга тўла, соғлом ва жасур йигит бўлишини ният қилганди. Муҳаммад Али табиатан оғир-босиқ, мулоҳазали бола бўлиб улғайди. Спортга қизиқса-да, аммо илм йўлини танлади. Нуфузли олий таълим муассасасига ҳужжат топшириб, талабалик бахтига мушарраф бўлди. Бироқ ёшликнинг завқ-у шавққа тўла кунларининг бирида у дўстлари билан гап талашиб қолди. Ғурур ва ҳис-туйғулар устун келиб, тортишув ҳатто муштлашишгача борди. Қизиққонликнинг оқибати эса жуда оғир бўлди… Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судининг 2024-йил 29-октабрдаги ҳукмига мувофиқ, у 5 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди. Шу тариқа умрининг айни баҳори панжара ортида ўтадиган бўлди. Аммо Муҳаммад Али тушкунликка тушмади, ўзини йўқотмади. Манзил-колонияда олиб борилган тушунтириш ишлари ва психологик тренинглар натижасида хатоларини чуқур англаб етди ҳамда улардан тўғри хулоса чиқарди. Эҳтимол, шу сабабли ҳам афв сўраб йўллаган мурожаати қаноатлантирилгандир. — Мамлакатимиз Президенти томонидан Конституция куни муносабати билан қилмишига чин дилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига ўтган 615 нафар афв этилган маҳкумлар орасида туманимизда истиқомат қилиб келган Муҳаммад Али Соаталиевнинг ҳам борлиги нафақат унинг оила аъзоларини, балки бизни ҳам бирдек қувонтирди, — дейди Яшнобод тумани ИИОФМБ Пробация бўлими бошлиғи, подполковник Эрпўлат Молдаташов. — Сабаби, биз бу оила аъзоларини яхши биламиз. Улар ҳамиша одоб-ахлоқли, меҳнатсевар ва жамоатчилик ишларида фаол бўлган. Муҳаммад Али ҳам болалигидан интизомли ва меҳнатсевар бўлиб ўсган. Тўғри, у хато қилди, адашди, лекин хатоларидан тўғри хулоса чиқара олди. Шу орқали ўзини қайта топди, янги ҳаётга қадам қўйди. М.Соаталиевнинг ўталмай қолган 3 йил-у 7 ой 11 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси шу муддатга иш ҳақининг 15 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилди. Айни пайтда у Яшнобод тумани ИИОФМБ Пробация бўлими рўйхатида. «Арғин» маҳалласи фаоллари Зоид ва Нодир Абдиевлар унга жамоатчи мураббий сифатида бириктирилди. Шунингдек, «Пеббле Универсал Сервиcе» МЧЖга йўлланма асосида ишга жойлаштириш чоралари кўрилмоқда. Бундан ташқари, Муҳаммад Али тадбиркорлик фаолиятига қизиқиш билдириб, келгусида ўз бизнесини йўлга қўйиш нияти борлигини маълум қилди. Унга бу борада зарурий йўл-йўриқлар берилди. Хусусан, аввало бизнес-режа ишлаб чиқиб, туман ҳокими ёрдамчисига тақдим этиш, шундан сўнг субсидия олиш учун ариза билан мурожаат қилиш тартиблари батафсил тушунтирилди. Бу ҳикоя бир ҳақиқатни яна бир бор исботлайди: хатолар инсонни йиқитиши мумкин, аммо тўғри хулоса ва қўллаб-қувватлаш унинг қаддини қайта тиклайди.