Хусен Очилов Бухоро вилоятининг Когон туманида туғилган. Ўрта таълим мактабини тугатиб, Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университетига ўқишга кирди. Олий таълим муассасасини тамомлагач, Юнусобод тумани ИИОФМБ ҳузуридаги тергов бўлимида хизмат фаолиятини бошлади.
Лейтенант Х. Очиловга катта терговчи, майор Ҳамид Қурбонов мураббий этиб бириктирилди. Зиёлилар оиласида дунёга келган Хусеннинг ота-онаси, икки акаси ва икки опаси – барчаси ўқитувчи.
– Мен ҳам ўқитувчиликни энг улуғ касблардан бири деб биламан, дейди қаҳрамонимиз. – Ота-онамнинг юзлаб шогирдлари бор. Улар устоз дея йўқлаб келганда ёки кўча-кўйда домламизнинг ўғли экансиз-да, дейишганда, ич-ичимдан хурсанд бўлиб кетганман ва шу касб эгаси бўлишга иштиёқим ортган. Лекин ички ишлар органлари ходими бўлиш, юрт тинчлиги ва осойишталигини таъминлашдек шарафли касбга бўлган интилиш устунроқ келди. Ота-онамга бу ҳақда айтганимда, улар қаршилик кўрсатишмади. Аксинча, оқ фотиҳа бериб, дуо қилишди. Уларнинг дуолари ижобат бўлиб, бугун ички ишлар органлари ходими либосини кийиш бахтига муяссар бўлиб турибман.
Аслида касбларнинг яхши-ёмони бўлмайди, ҳар бирининг ўз ўрни бор. Ўқитувчилар зурриёди бўлган қаҳрамонимиз ҳам ўзига мураббий қилиб бириктирилган майор Ҳамид Қурбонов, шунингдек, катта терговчи, майор Одил Данабоев ҳамда терговчи Сайдулла Сайдуллаевларни худди отасидек ҳурмат қилиб, айтганларини бажонидил бажаради. Шундан бўлса керак, фаолият бошлаганига эндигина 3 ой бўлаётганига қарамай, бевосита устозининг кўмаги остида 5 та жиноят иши бўйича тергов ҳаракатларини олиб борди. Айбланувчиларга нисбатан далил ва исботларни тўплаб, жиноят ишларини қонунда кўрсатилган тартибда судга юборди.
Лейтенант Х. Очилов катта йўл бошида турибди. У ҳали қанчадан-қанча довонлар ошиши зарур. Устозларидек етук терговчи бўлиб етишиши учун билими, тажрибаси ва кўникмасини янада ошириши лозимлигини юракдан ҳис қилиб турган қаҳрамонимизнинг келгусида буларнинг барчасини уддалашига ишончимиз комил.