12 Июл 2024 йил 0

Енгил ҳаёт иштиёқида

Эллик ёшни қоралаб қолган Алик (исмлар ўзгартирилган) панжара ортида ўтириб, тавбасига таянмаган экан. Ўтган йил озодликка чиқибоқ, бир ой ўтар-ўтмас яна суднинг қора курсисига ўтирди. Ўз ҳаёти ҳақида жиддий ўйласа, ҳечдан кўра кеч, дегандек, умрининг қолган қисмини тинчлик-фаровонликда, осуда ўтказишга ҳаракат қилса бўларди. Аммо...

Шу қисқа муддат ичида бир эмас уч маротаба ўғирлик жиноятига қўл урди. Ўзини оқлаш учун омадсизлиги, ижтимоий қийинчиликлар эзиб қўйганини рўкач қилиб, суд ҳайъатининг раҳмини келтиришга уринди. Нима эмиш, атрофдагилар, яқинлари унга ишга жойлашиш, ҳаётга кўникишда, яшаши учун пул топишда ёрдам беришмабди. Аслида ҳам шундаймикан?!

Озодликка чиқиши билан Алик яқин қариндошининг хонадонига жойлашди. Биринчи ҳафта қуюқ меҳмоннавозликлар, анчадан бери кўришмаган дўстлар, яқинлар билан сершовқин ўтиришларда ўтиб кетди. Машҳур кинофильмда қаҳрамонимизнинг “ўғирладинг, ичдинг, қамоққа тушдинг”, деган ибораси умрининг талай қисмини панжара ортида ўтказган Аликка ҳам тегишли бўлди. Ўз ҳаёти ҳақида ўйлаш, яхши томонга ўзгартириш унинг хаёлига ҳам келмади. Тер тўкиб ишлаш, ҳалол пул топиш фикри унга ёт эди. Енгил пул топиш, енгил ҳаёт кечириш – унинг шиорига айланди.

Кунлар ўтиб, у эски одати бўйича Чилонзор туманида жойлашган умумий овқатланиш масканига кириб, у ерда кассага навбат кутиб турган ёш қизларни “нишонга” олди. Улардан бири телефонда сўзлашаётган бўлса, иккинчисининг телефони курткаси чўнтагида кўриниб турарди. У атай қизни туртиб, қизнинг уяли телефонини эпчиллик билан чўнтагидан суғуриб олди. Эртаси куни нотаниш кимсаларга 300 минг сўмга сотиб юборди. Шу йўл билан у фуқароларга 13 млн. 500 минг сўм зарар етказишга улгурди. Бир ҳафта ўтиб худди шу ошхонага кириб яна бир кимсанинг уяли телефонини ўғирлаётган пайтда туман ИИО ФМБ тезкор-қидирув ходимлари қўлига тушди.

Чилонзор тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими Аликка нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғирлик) билан жиноят иши қўзғатди. Жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани суди унга олти йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади. Олти йил – қаҳрамонимизга қилмишлари, ҳаёти ҳақида жиддий ўйлашга етса керак.

Нилуфар ИСОХОНОВА,

Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати бошлиғи.

© Gazeta «Mahalla», №37 (2175), 2024-yil  11-iyul

Барча янгиликлар

Text to speech